2020 йил мамлакатимиз тарихига кутилмаган йўқотишлар, мураккаб иқтисодий вазиятлар йили сифатида муҳрланар экан, энг оламшумул ютуқларимизга гувоҳ бўлиб қолиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Хусусан, у Учинчи ренессансга қадам қўйилаётган тарихий даврга айланаётгани, жаҳон минбарида она тилимиз номини дунёга таратган санага даҳлдор экани, эндиликда умрбоқийлик касб этадиган ўзбек тили байрамига дебоча бўлгани билан ғоят қимматли.
Ўзини ўзбекман деган ҳар кимсага ғурур бағишловчи яна бир қувончли ҳабардан кўнгиллар тоғдек кўтарилди, ифтихор туйғуси юксалди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилганлигининг 75 йиллигига бағишланган "UN75" онлайн-тадбирда Ўзбекистон Қаҳрамони, шоир Эркин Воҳидовнинг “Инсон” қасидаси ўзбек, қозоқ, турк, араб, инглиз, рус, итальян ва тожик тилларида янгради.
Қўшиқни яратиш давлатимиз раҳбарининг Марғилонда Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли шоир Эркин Воҳидов музейи ва ижодий мактабининг очилиш маросимида Маданият вазири Озодбек Назарбековга кутилмаган бир таклифидан бошланди. Ўша куни юртбошимиз “Улуғ шоиримизнинг “Инсон” қасидаси беназир асар. Уни бир қанча тилларга таржима қилиб, куйга солиб,
қўшиқ қилиб айтинглар. Ҳозир ҳам инсон ғояси қанчалар ноёб ва азиз эканлигини одамлар, ёшлар билсин” — дея фикр билдирган эди.
“Инсон” қасидаси матнига асосланган қўшиқ ва унинг видеоклипи ҳомийлар маблағи асосида яратилди. Қўшиқнинг давомийлиги 9 дақиқа бўлиб, Нодир Умаров куй басталаган. Мусиқий сайқал берувчи Азиз Ҳолмуродов, овоз режиссёри Дилмурод Маткаримов. Шунингдек, қўшиқ мусиқа муҳаррири Дилмурод Авазов, клип режиссёри Санжарбек Маткаримов, директор Илёс Дадабоевларнинг эзгу ғоя йўлидаги меҳнатлари самарасидир.
Қўшиқни Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Дилафруз Рустамова, Олег Газманов, Омирқул Айниязов, Зафар Абдуалимов, Рафет эл-Роман, Аҳмад Ал-Хурайбий, Алессандро Сафина каби дунёга машҳур санъаткорлар ижро этдилар.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири