Коррупцияга қарши курашишда халқаро ҳамкорлик

    Жорий йилнинг 16 июнь куни Тошкент шаҳрида Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари  ва Омбудсманларининг 4-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда аъзо давлатлар мутасадди идораларининг 40 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

    Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти— аъзо мамлакатларнинг иқтисодий, маданий, фан ва техникавий ҳамкорлиги бўйича ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилотдир. Мазкур нуфузли минтақавий бирлашма 1985 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади савдо, инвестициялар, инновациялар, транспорт, коммуникациялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва саноат каби устувор йўналишларда давлатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

    Бугунги кунда Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотига 10 та давлат аъзо. Булар – Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Афғонистон.

    Йиғилишнинг мазмун-моҳияти аъзо давлатлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида минтақавий тажриба алмашиш, давлатлар ўртасида ягона коррупцияга қарши курашиш сиёсати механизмини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга тадбиқ этишга қаратилган. Шунингдек, ходимлар малакасини ошириш, тизимда қўшимча таклифлар ишлаб чиқиш ҳам йиғилишнинг мақсад ва вазифаларидан ўрин олган.

    Тадбирда аъзо мамлакатларнинг Коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ҳамда омбудсманлари амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинган қонунлар ва қарорлар, коррупцияга қарши курашишда омбудсманларининг ўрни, бу жараёнда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари ҳақида маълумотлар беришди.

    Маълумот ўрнида айтиш лозимки, коррупцияга қарши курашиш - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Омбудсман давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириб, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш орқали уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекланишига сабаб бўлган коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш бўйича чоралар кўради.

    - Коррупция ҳар қандай давлат ва жамият ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омил, барча мамлакатларга таҳдид солувчи мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳодисадир, - деди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова.- Зеро, бу омил туфайли давлатнинг ривожланиши секинлашади, демократик институтларга путур етади. У қонун устуворлигига жиддий зиён етказади. Шу билан бирга, унинг таъсири остида фуқароларнинг ижтимоий адолатга, ҳақиқатга ва давлат органларига ишончи йўқолади. Ҳар қандай жамият учун ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан биридир.

    Анжуманнинг навбатдаги қисми Минтақавий марказ фаолиятини ташкил этишга бағишланди. Қайд этилдики, марказ Эрон давлатининг Теҳрон шаҳрида жойлашади ва унда ИҲТга аъзо давлатларнинг Коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ҳамда Омбудсманларининг ўзаро ҳамкорлиги мувофиқлаштирилади. Минтақавий марказ давлатларнинг коррупцияга қарши курашиш тизими билан боғлиқ ташкилий масалаларига кўмаклашади. Марказ фаолиятида соҳада халқаро тажриба ва билим алмашиш механизми йўлга қўйилади, муҳим сиёсий тадбир ва анжуманлар ўтказилади. Бундай Минтақавий марказнинг ташкил этилиши, айтиш ўринлики, ташкилотга аъзо ҳар бир давлат учун муҳим сиёсий аҳамият касб этади.

    Тадбирнинг якуни сифатида давлатлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш сиёсатини амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида таклифлар ишлаб чиқилди ва улар иштирокчилар томонидан қабул қилинган Тошкент декларациясида ўз аксини топди. Унда ИҲТ га аъзо давлатлар ўртасида коррупцияга қарши курашишда ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш масалалари, минтақавий ва глобал даражада умумий муаммо ва имкониятларнинг кўлами ва боғлиқлиги, жамият тараққиёти ва фаровонлигига жиддий таҳдид соладиган ҳар қандай коррупция шакллари туфайли юзага келадиган муаммоларни биргаликда ҳал этиш учун минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди, деб хабар беради Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates