Ўзбекистон Республикасининг Москва шаҳридаги Элчихонаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Россиянинг турли шаҳарларидаги вояга етмаган фуқароларни аниқлаб, уларни Ватанга қайтариш бўйича кенг кўламли ишларни олиб борди.
Жумладан, ишчи гуруҳ томонидан Санкт-Петербург, Челябинск ва Москва шаҳарларида назоратсиз ёки оғир ижтимоий аҳволда бўлган 16 нафар бола аниқланди ва улар юртимизга олиб келинди.
Шунингдек, Екатеринбург, Волгоград, Уфа, Нижний Новгород, Хакасия, Москва вилояти, Махачқала ва Новосибирск шаҳарларидан яна 19 нафар ота-она қаровисиз қолган боланинг қайтишига кўмаклашилди.
Болаларнинг шахсий маълумотларини аниқлаш, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, тиббий кўрикдан ўтказиш ва ташкилий масалаларни ҳал этиш ишлари Россия Федерациясининг тегишли идоралари билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Элчихона ва ҳамкор ташкилотлар томонидан кўрилаётган бундай чора-тадбирлар мамлакатимиз фуқаролари, айниқса вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.









