Бу Тошкент шаҳрида ўтказилаётган 80 дан ортиқ паррандачиликка алоқадор бўлган илғор хорижий компания ва идоралар вакиллари ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган 200 дан ортиқ барча йўналишдаги паррандачилик хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассисларини тажриба алмашиш учун бирлаштирган Ўзбекистон паррандачилик саноатининг асосий воқеасидир.
Форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 ноябрдаги “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 4015-сон қарори 20 бандида кўрсатилган «Паррандасаноат» уюшмасига мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар, хорижий сайёҳлар, турли мамлакатларнинг паррандачилик соҳаси вакиллари, эксперт ва мутахассисларни кенг жалб қилган ҳолда паррандачиликка оид халқаро форум ва кўргазмани ўтказиш топшириғига асосан ўтказилмоқда.
Тадбирда АҚШ, Хитой, Индонезия, Германия, Италия, Туркия, Белорусия, Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа давлатларнинг илғор компаниялари ҳамда уларнинг вакиллари ва мутахассислари қатнашмқода.
Форум доирасида бугунги кунда паррандачилик соҳасидаги долзарб масалалар бўйича 20 дан ортиқ хорижий компанияларнинг етук мутахассислари томонидан презентация, тақдимотлар ўтказилди.
Уюшма томонидан мазкур халқаро форум доирасида хориждан келган компанияларни Ўзбекистон паррандачилик корхоналари билан яқиндан таништириш ва келгусида ҳамкорлик масалаларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон паррандачилар маълумотномаси тайёрланди ва чоп этилди.
Форум давомида ҳамкор ташкилотлар учун ўз брендини ва хизмат турларини ҳамда маҳсулотини реклама қилиш учун кичик кўргазма ташкил этилди.