Ўзбекистонда паррандачилик ривожи ва унумдорлик тенденциялари таҳлил қилинди

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистонда паррандачиликнинг ривожланиши ва соҳанинг унумдорлиги тенденцияларини таҳлил қилди.

    Сўнгги йилларда Ўзбекистонда паррандачилик, шунингдек, тухум ишлаб чиқариш фаол ривожланмоқда. 2022 йилда республикада 8 129,3 миллион дона тухум ишлаб чиқарилган. Бу 2021 йилнинг шу давридагига нисбатан 4,4 фоиз кўп. 2016-2022 йиллар давомида тухум ишлаб чиқариш 32,1 фоизга ошди.

    Тухумнинг асосий қисми, яъни 61,9 фоизи деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликларда, 23,3 фоизи қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан етиштирилмоқда.

    Тухум етиштиришдаги бу ўсиш паррандалар сонининг кўпайиши билан боғлиқ бўлиб, ишлаб чиқариш самарадорлиги (битта товуқнинг йиллик сертухумлилиги) пасаймоқда. 2016-2022 йиллар давомида паррандалар сони 45,2 фоизга ошди. Шу билан бирга, товуқларнинг йиллик сертухумлилиги 2018 йилдаги 244 донадан 2021 йилда 215 донага ёки деярли 12 фоизга камайди.

    Таққослайдиган бўлсак, Чилида битта товуқнинг йиллик сертухумлилиги 350 дона (1,6 баравар кўп), Россияда – 296 дона (1,4 баравар кўп), Мисрда – 294 дона (1,4 баравар кўп), Исроилда – 254 дона (1,2 баравар кўп), БААда – 238 дона (1,1 баравар кўп).

    Маҳсулдорликнинг етарли даражада юқори эмаслигига паррандаларни нотўғри озиқлантириш ва парвариш қилиш, шунингдек, илғор технологияларни жорий этишнинг паст даражаси, кўпчилик фермер хўжаликларининг кичиклиги ва тижоратлаштиришнинг паст даражаси сабаб бўлиши мумкин.

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти