Мазкур саволга ДСҚ Ресурслар бўйича солиқ маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нодир ҚОДИРОВ тушунтириб берди:
- Мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида юридик шахсларда бўлган ер участкалари юридик шахслардан олинадиган ер солиғининг солиқ солиш объектидир.
Қуйидагилар имтиёзларни ҳисобга олган ҳолда солиқ базаси ҳисобланади:
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича — ер участкаларининг қонунчиликка мувофиқ аниқланган норматив қиймати;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича — ер участкасининг умумий майдони ҳисобланади.
Ерларнинг қандай эҳтиёжларга мўлжалланганлиги ва жойлашувига қараб солиқ ставкаларининг турли миқдорлари белгиланган.
Паррандачилик – бу қишлоқ хўжалиги тармоғи. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар эса қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун тақдим этилган ёки мазкур мақсадларга қаратилган ерлардир. Уларнинг таркибида қуйидаги қишлоқ хўжалигини юритиш учун зарур бўлган:
- дарахтзорлар;
- ички хўжалик йўллари;
- коммуникациялар;
- ўрмонлар;
- ёпиқ сув ҳавзалари;
- бинолар, иморатлар ва иншоотлар ажратилади.
Шунинг учун, кадастр ҳужжатларига мувофиқ, маъмурий бино тагидаги ер майдони қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳисобланади ҳамда у мақсадли фойдаланилади, ер солиғи қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун белгиланган қоида бўйича ҳисоб-китоб қилинади.