Соғлиқни сақлаш тизимида 2023 йил “Коррупцияга қарши кураш йили” деб эълон қилинди

    Соғлиқни сақлаш вазири вазирликнинг махсус “Ишонч телефони” ташкил этилишини, унга ўзининг шахсий рақамини ҳам киритишини маълум қилди.

    Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигида Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.

    Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган ушбу тадбирда вазирлик марказий аппарати ходимлари, республика даволаш-профилактика муассасалари, ҳудудий бошқармалар ва тиббиёт бирлашмалари ҳамда соҳага тааллуқли олий ўқув юртлари масъуллари иштирок этди.

    Ҳайъат йиғилишини Соғлиқни сақлаш вазири Амрилла Иноятов олиб борди.

    Йиғилишда таъкидланганидек, республика ихтисослаштирилган марказларининг 1140 нафар мутахассисларини сафарбар қилиш орқали ҳудудларда жигар, қон-томир, қорин, кўкрак қафаси, трансплантология, микрохирургия, реконструктив ва пластик жарроҳлик амалиётлари кенг жорий этилади.

    Буйрак трансплантацияси амалиёти жорий йилдаги 300 тадан 500 тага, жигар трансплантацияси 20 тадан 50 тага оширилиши кўзда тутилмоқда.

    — Ҳудудларда жорий йилда камида 15 минг нафар беморга юқори технологияли амалиётларни қўллаш билан ёрдам беришни режалаштирдик, — деди вазир. — Бунда, юрак туғма нуқсонли беморларга 2500 та окклюдер имплантацияси, 1700 та лапароскопия, 1600 та эндоваскуляр ҳамда шунтлаш, стентлаш, ангиография ва коронарография каби амалиётлар ўтказилади.

    Шунингдек, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилади.

    Бунда, туғуруқ комплексларини таъмирлаш, зарур ускуналар билан жиҳозлаш ва туғуруқ ўринлари сонини мавжуд 11 мингтадан 15 мингтага ёки 35 фоизга кўпайтириш кўзда тутилмоқда.

    Қайд этилишича, 46 та туманлараро перинатал марказини жиҳозлашга 5,2 миллион доллар йўналтирилади. Келгуси йилда болаларнинг ҳам ақлий, ҳам жисмоний, рационал ва соғлом ривожланиши, аёлларда камқонлик ва туғма нуқсонларнинг олдини олиш мақсадида болаларни ҳамда ўсмир қиз ва ҳомиладор аёлларни витамин ва дори воситалари билан бепул таъминлашга 145 миллиард сўм йўналтирилиши назарда тутилмоқда.

    Шунингдек, эшитиш қобилияти паст бўлган 250 нафар болаларга кохлеар имплант ўрнатилади. Спинал мушак атрофияси бор 112 нафар болаларни даволаш учун 120 миллиард сўмлик дори воситалари етказиб берилади.

    Йиғилишда шу каби масалалар хусусида сўз юритиларкан, қуйидаги муҳим вазифалар хусусида ҳам тўхталинди:

    — Малака тоифасини беришда, инсон омили аралашмайдиган, шаффоф, 3 босқичли янги тизим жорий этилади. Таълим йўналишидаги бюрократик тўсиқларга барҳам берилади.

    2023 йил 1 апрелдан бошлаб, малака тоифаси олиш бўйича тақдим этиладиган ҳужжатлари Давлат хизматлари марказлари орқали фақат электрон шаклда қабул қилиш тартиби жорий этилади.

    Малака тоифа сертификатлари QR-код қўйилган ҳолда электрон шаклда расмийлаштирилади. Кейинги йилдан бошлаб фармацевтика ва тиббиёт ходимлари фаолиятини босқичма-босқич лицензиялашга ўтамиз, — деди Амрилла Иноятов.

    Шунингдек, Олий таълим муассасаларининг ўқув дастурлари АҚШ, Корея, Германия ва Россия стандартлари асосида қайта кўриб чиқилади.

    Тиббиётда етакчи бўлган хорижий университетлар дарслик ва илмий ишлари асосида ўзбек ва қорақолпоқ тилларида янги авлод адабиётлари яратилади.

    Талабаларни назарий ва амалий билим ҳамда кўникмаларини баҳолаш бўйича икки босқичли янги тизим жорий этилади. 2022 йилда 1000 дан ортиқ маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилган бўлса, 2023 йилда яна 500 тасини ташкил этилади. Бундан ташқари, республика бўйича жами 30 та оилавий поликлиника, 110 та оилавий шифокор пунктлари ташкил этилиб, жами бирламчи тизим муассасалари сони 4200 тага етказилади. Бунинг натижасида қўшимча 2 миллион нафар аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилади.

    — Кўпчиликка маълум бўлган коррупция урчиган бир қатор йўналишлар борки, биринчи навбатда уларга барҳам беришимиз керак. Хусусан, ишга жойлаштириш, айниқса ҳамшираларни, роддомлардаги “суюнчи пули”, “кесарча кесиш” учун белгиланган ставкалар, ордер беришдаги таниш-билишчилик каби иллатлар мавжудлигини ҳамма билади. Афсуски, шу ишларни амалга ошираётган айрим нопок шахслар туфайли бутун тизим шаънига доғ тушмоқда. Янги йилни тизимда “Коррупцияга қарши кураш йили” деб эълон қиламиз. Вазирликнинг махсус “Ишонч телефони” ташкил этилади. Шу билан бирга ишонч телефони сифатида ўзимнинг шахсий рақамимни ҳам киритаман, — деди Соғлиқни сақлаш вазири.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates