Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 605-сон қарорига асосан олий таълим муассасасидан узоқ жойлашган ҳудудлардан келган биринчи босқич талабалари (доимий яшаш жойи бошқа туманда (шаҳарда) бўлган ижара асосида яшайдиган талабалар)га сентябрь ва октябрь ойлари учун ижара шартномаси талаб этмасдан ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилиши белгиланган.
Шу муносабат билан, жорий ўқув йилида талабалар сафига қабул қилинган ва талабалар турар жойи билан қамраб олинмаган биринчи босқич талабалар учун 24–27 сентябрь кунлари ижара тўловининг бир қисмини қоплаб берилиши юзасидан онлайн ариза юбориш имконияти яратилди.
Эслатма: Низомга асосан «талабалар турар жойи билан қамраб олинмаган» деганда ётоқхонада туришга эҳтиёжи бор, аммо жойлар сони чекланганлиги боис ижарада туриши тақозо қилган талабалар тушунилади. Шу боис, ўз ихтиёрига кўра ижарада турувчиларга компенсация тўловлари белгиланмаслиги эслатиб ўтилади.
Аризалар вазирликнинг контракт.эду.уз платформаси орқали фақат онлайн қабул қилинади.
Маълумот ўрнида, 2024/2025-ўқув йили 9 сентябрдан бошланганлигини инобатга олиб, ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларга қулайлик яратиш мақсадида ишчи тартибда талабалардан онлайн ариза қабул қилиш жорий йилнинг 16 сентябрь санасига қадар амалга оширилди.
Талабаларга ойлик ижара тўловининг бир қисми ижара шартномасининг суммасидан қатъи назар қуйидагича қопланади:
Тошкент шаҳрида — БҲМнинг бир баравари (340 минг сўм);
қолган ҳудудларда — БҲМнинг ярим баравари (170 минг сўм).