Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2023 йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳрида уй-жой учун таклиф этилган ижара нархларини таҳлил қилди.
2023 йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳрида ўртача ва тўлиқ таъмирланган уй-жойлар учун ижара нархларида тушиш кузатилди. Лекин, 4 хонали хонадонларнинг ижара нархларида кўтарилиш қайд этилди.
2023 йилнинг сўнгги ойида ўртача таъмирланган хонадонлар учун таклиф этилган ижара нархлари ноябрь ойидагига нисбатан ўртача 0,3 фоизга пасайди.
Ушбу гуруҳда 1 хонали хонадонлар учун таклиф этилган ижара нархлари ноябрь ойидагига нисбатан ўртача 0,2 фоизга пасайиб, 400 долларни ташкил этган бўлса, 2 хонали хонадонлар учун ўртача ижара нархлари (443 доллар) 1 фоизга, 3 хонали уйларнинг ижара нархлари (515 доллар) 0,7 фоизга арзонлашган. 4 хонали уйларнинг ўртача ижара нархлари (594 доллар) эса 0,7 фоизга ошган.
Тўлиқ таъмирланган гуруҳдаги уйлар учун таклиф этилган ўртача ижара нархларида 0,4 фоиз тушиш кузатилди. Хусусан, шаҳар бўйича 1 хонали уйлар учун ўртача ижара нархлари (476 доллар) 2 фоиз арзонлашган бўлса, 2 хонали (653 доллар) ва 3 хонали (782 доллар) уйлар учун ушбу кўрсаткич мос равишда 0,3 фоиз ва 0,4 фоизни ташкил этган. Лекин, 4 хонали уйлар учун ўртача ижара нархлари 0,9 фоиз қимматлашган ва 915 долларга етган.
Ижара нархлари тўғрисидаги маълумотлар olx.uz платформасидан веб скрепинг (web scraping) усулида тўпланди. Бунда ноябрь ойи учун 45.4 мингта ва декабрь ойи учун 41.4 мингта маълумотдан фойдаланилди.