Андижон вилояти, Балиқчи туманида яшовчи 31 ёшли Н.А. ариза билан мурожаат қилиб “Olx” платформаси орқали Тошкент шаҳрида хонадонларни ижарага бериш юзасидан жойланган эълон бўйича Руслан исмли шахсга олдиндан тўлов сифатида 3.000.000 сўм пулни унинг банк картасига ўтказганини, лекин Руслан берган ваъдасини бажармасдан алоқани узиб, алдаб кетганини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Жиззах вилояти, Жиззах шаҳрида яшовчи 29 ёшли Г.Г. содир этгани аниқланди. Унга кўра, Г.Г. ўз исмини “Руслан” деб номлаб, “Olx” платформасида Тошкент шаҳрида хонадонларни ижарага бериш юзасидан ёлғон эълонларни жойлаштириб, ишончига кирган фуқаролардан банк картасида сақланган пулларни ўзлаштириб, қинғир йўллар билан бойлик орттириб келаётгани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми "г" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Г.Г.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "г" бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.