"Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси" томонидан шу кунга қадар 58 мингдан ортиқ тадбиркор ўқитилиб, улар тегишли сертификатга эга бўлди ва шу асосида бизнес бошлади. Натижада 34 мингдан ортиқ иш ўрини ташкил этилди. Хўш жамғарма томонидан тадбиркорларга умуман олганда қандай имконият, имтиёзлар бериляпти? Ишлаб чиқилган ўқув қўлланмаларида нималар акс этган. Матбуот анжуманида шу каби саволларга жавоб берилди.
– Бугун Жамғарма томонидан тадбиркорлар учун ўқув курсларини ташкил этиш, бизнес режаларини шакллантиришга ёрдам бериш, лойиҳаларни баҳолаш, танлаш, молиялаштириш, кооперация алоқаларини ўрнатишга кўмаклашиш каби 10 турдаги хизмат кўрсатиб келинмоқда. Республика бўйича бизнес платформага 186 777 нафар тадбиркорлардан – 253 240 та онлайн ариза келиб тушган. 9 445 та маҳалладан 40 691 нафар тадбиркорга 3 триллион 968,1 миллиард сўмлик кредит ажратилди – дейди, "Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси"да ўқитиш ишларини ташкил қилиш бошқармаси бошлиғи, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Фаррух Рашидов.
Шунингдек, анжуманда 100 хил бизнес лойиҳага бағишланган 50 турдаги ўқув қўлланмаси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Мазкур ўқув қўлланмалари 5 та йўналишга ажратилган ҳолда, яъни ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, савдо ва қурилиш мавзуларида нашрга тайёрланган.
Бундан ташқари бизнесни нолдан бошлаш, лойиҳа тузишни ўргатишга қаратилган 35 та видео-қўлланма ҳам ишлаб чиқилиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди ва ҳозирда улар сонини 100 тага етказиш мақсад қилинган.
Зулхумор АКБАРОВА