–“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида амалга оширилган тадбирлар натижасида 135 миллион киловатт соат электр энергияси тежалиб, режа 107 фоизга бажарилди.
Тизим корхоналарида электр энергияси истеъмоли самарадорлигини ошириш мақсадида 27,2 МВт қуёш фотоэлектр станцияси, 113,9 минг литр қуёш сув қиздиргичи, 13 минг 235 дона светодиодли лампа, 1 минг 951 дона қуёш панелли ёритиш чироғи ва 1 минг 103 дона сенсорли датчик ҳамда 4 минг 696 метр квадрат гофра панели ўрнатилди.
Табиий газ ёқилғисини тежашга қаратилган тадбирлар натижасида 57 миллион метр куб табиий газ ёқилғисини тежашга муваффақ бўлинди. Бу режага нисбатан 120 фоизга кўп натижа демакдир.
Табиий газни тежаш мақсадида сеолитли тозалаш ва қуритиш қурилмалари, олтингугурт олиш қурилмалари, қозонхоналардаги буғ қозонларини иссиқ захирага тўхтатиш орқали газ сарфланишини тежаш ва буғ ишлатиш самарадорлигини оширишга қаратилган чоралар амалга оширилди.
Ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш ва оптималлаштиришга катта эътибор бериш натижасида нафақат энергия сарфлари камайтирилди, балки атроф-муҳитга бўлган таъсир ҳам минималлаштирилди.
Бундан ташқари, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли Шўртан конида ишга туширилган иккита қудуқ ва қурилаётган иккита қудуқнинг кичик компрессор станциялари ташқи электр таъминоти учун янги 110 кВ ҳаво тармоғи ва 110/35/6 кВ “Шўртан-40” подстанцияси қурилиб ишга туширилди. Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли Сомонтепа конида ташқи электр таъминоти учун янги 110 кВ ҳаво тармоғи ва 110/6 кВ “Сомонтепа” подстанциясида қурилиш-монтаж ишлари қарийб 95 фоизга бажарилди.