16 сентябрь – Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш куни муносабати билан давра суҳбати ўтказилди

    Мамлакатимизда 14 сентябр 2021 3338

    2021 йил 14 сентябрда Олий Мажлис Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган давра суҳбатида сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, Қўмита экспертлар Кенгаши ва идоралараро Ишчи гуруҳ аъзолари, тегишли идоралар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

    Тадбир иштирокчилари озон қатламини емирувчи моддалар-хлорфторуглерод тутган бирикмалар ҳаддан ташқари кўп ишлатилиши натижасида ўтган асрнинг 80 йиллари охирига келиб Озон қатлами емирилиши натижасида «Озон дарчалари» ҳосил бўлиб, унинг ҳимоя функциялари сусайганлигини қайд этди.

    1985 йилда Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси қабул қилинганлиги озон муаммосини ҳал этиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларнинг аниқ механизми бўлди. Мазкур Конвенция доирасида илмий тадқиқотларни ўтказишда халқаро ҳамкорлик, озон қатламини тизимли мониторинг қилиш, озонни емирувчи моддалар – хлорфторуглеродли бирикмаларнинг ишлаб чиқарилиши мониторинги ва ахборот алмашинуви кўзланган. Унда, шунингдек келгуси йилларга мўлжалланган протоколлар ва тузатишлар киритиш йўллари ҳам белгиланган.

    Илмий тадқиқотлар давомида озонни емирувчи энг зарарли ҳамда келгусида халқ хўжалигида ишлатиш учун яроқли бўлган моддалар аниқланиб, унинг натижалари 1987 йил 16 сентябрда ривожланган ва ривожланаётган давлатлар томонидан Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал протоколининг қабул қилинишига асос бўлди.

    Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси 1993 йилдан буён Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси ва Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича Монреал протоколи томони ҳисобланиши қайд этилди.

    Шунингдек, сўнгги вақтларда Монреал протоколига киритилган бешта тузатишлардан Ўзбекистон тўрттасига (Лондон, 1990 йил), (Копенгаген, 1992 йил), (Монреал, 1997 йил), (Пекин, 1999 йил) қўшилганлиги ва ушбу халқаро шартномалар асосида озон қатламини емирувчи моддалар истеъмоли талабларини тўлиқ бажариб келаётганлиги таъкидланди.

    Бундан ташқари, Ўзбекистон Вена Конвенцияси бўйича Монреал протоколининг мажбуриятларини бажариш юзасидан 2005-2019 йиллар даврида озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланиш миқдорини 884 тоннадан 33 тоннагача камайтирилганлиги, Ўзбекистон Республикасида Монреал протоколининг А, В ва Е рўйхатларида, шунингдек, С рўйхати II ва III гуруҳларида кўрсатилган моддаларни импорт қилиш тақиқланганлиги алоҳида билдирилди.

    Ўзбекистон Республикаси томонидан озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича Глобал экологик жамғарма ва Бирлашган миллатлар ташкилотининг Атроф-муҳит ва Тараққиёт дастурлари билан кенг ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилганлиги, ушбу ташкилотлар кўмаги ҳамда маҳаллий ташкилотлар маблағлари ҳисобидан 2000-2018 йиллар давомида республикада 9,9 млн АҚШ долларига тенг бўлган 6 та йирик лойиҳа амалга оширилганлиги таъкидлаб ўтилди.

    Тадбирда Ўзбекистон Республикаси томонидан жорий йил 9 мартда ҳукуматнинг 126-сонли қарори билан Озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича миллий дастур қабул қилинганлиги, унга мувофиқ 2019-2024 йилларга мўлжалланган самарали технологияларни жорий этиш орқали озон қатламини бузувчи моддаларни бутунлай истеъмолдан чиқариш бўйича 8,6 миллион долларга тенг бўлган лойиҳа амалга оширилаётганлиги қайд этилди.

    Шунингдек, Миллий дастурда озон қатламининг емирилишини тўхтатиш орқали атроф-муҳит яхшиланиши, озонга зарар етказмайдиган технологияларга ўтишнинг иқтисодий фойдалари ҳисобга олинганлиги кўрсатиб ўтилди.

    Мазкур Миллий дастурни амалга ошириш натижасида озонни бузувчи моддаларни қайта ишлаш бўйича 6 та янги марказ ташкил қилинади, мавжуд 6 та марказ қўшимча асбоб-ускуналар билан таъминланади, совитиш ускуналари ишлаб чиқарадиган 100 та корхона учун зарур эҳтиёт қисмлар сотиб олинади. Шунингдек, совитиш ускуналарини ишлаб чиқариш соҳаси учун мутахассисларни тайёрлашда 3 та марказ ташкил этилади.

    Тадбирда сўзга чиққанлар озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал протоколи талабларини таъминлаш юзасидан олиб борилган ишлар ҳолати юзасидан маълумот берилди. Шунингдек, мазкур Протокол талабларини амалга ошириш механизми ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди.

    Ушбу масала юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates