2022 йилда Ер атмосферасидаги иссиқхона газларининг миқдори рекорд даражага етди – олимлар

    2022 йилда Ер атмосферасидаги иссиқхона газларининг миқдори рекорд даражага етди. БМТ Жаҳон метеорология ташкилоти экспертлари ана шундай хулосага келишди.

    Ҳозирги вақтда карбонат ангидрид концентрацияси саноатдан олдинги даврга қараганда 50 фоизга юқори. Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, бундай ҳолат Ерда 3-5 миллион йил давомида кузатилмаган.

    Яна иккита асосий иссиқхона газлари, яъни метан ва азот оксиди концентрацияси ҳам ошди. Ташкилотнинг таъкидлашича, кўплаб мамлакатларнинг эмиссияларни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларига қарамай, иссиқхона газларининг ўсиши тенденциясининг “чегараси кўринмайди”. Бу глобал исиш ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари ҳам кучайишини англатади.

    Олимларнинг таъкидлашича, исишнинг энг ёмон оқибатларини олдини олиш учун кўмир истеъмолини ҳозиргидан етти баробарга камайтириш керак.

    Ташкилот ҳисоботида айтилишича, 1990 йилдан 2022 йилгача атмосферадаги иссиқхона газларининг иссиқлик таъсири 50 фоизга ошган. Ушбу кўрсаткичнинг 80 фоизи карбонат ангидрид ҳисобига юзага келмоқда.

    2022 йилда метан концентрациясининг ошгани ҳам қайд этилган.

    2022 йилда азот оксидининг ўсиши рекорд даражага етди. Иссиқхона гази ўғитлардан ортиқча фойдаланиш, ўсимлик ва саноат чиқиндиларини ёқиш оқибатида ҳосил бўлади, деб хабар беради mir24.tv.