баннер
25 апр 2025
22:27

    Қодирий маърифати — ўзликни англаш эҳтиёжи

    Ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий бемисл иқтидор соҳиби бўлган. У нафақат истеъдодли ёзувчи, балки шоир, драматург, ҳажвчи ва таржимон ҳам эди.

    Абдулла Қодирий серқирра қобилиятини, бор маҳоратини ватан озодлиги йўлида сарф этди. У ижодини ўзликни англатиш, юрт манфаати ва ёруғ келажаги учун бирлашишга бағишлади. Бунинг учун синовлардан, ҳатто жонини фидо қилишдан қўрқмади. Ҳа, Қодирий асарларида ҳақиқат, миллий қадриятларни чуқур англаш, халқ орзу-ниятларини юксак даражага кўтариш бош мезон бўлди. Бундай юксак салоҳиятли шахслар мустабид тузум учун душман ҳисобланарди. Шу боис, Қодирий сиёсий қатағоннинг ноҳақ қурбони бўлди.

    1937 йил ўрталарида Ўзбекистонда маърифатпарвар жадидчилик ҳаракатининг сўнгги вакиллари, ўзбек зиёлилари, фан, адабиёт, санъат, тарих ва маданият намояндаларини маҳв этишга қаратилган “катта қирғин” кампанияси авж олди. 1937 йил 31 декабрда Қодирий ҳам “халқ душмани” сифатида ҳибсга олинди. “Учлик” томонидан унга нисбатан олий жазо ҳукми чиқарилди. 1938 йил 4 октябрда ёзувчи Тошкентдаги Алвастикўприк атрофидаги қатлгоҳда отилди.

    Абдулла Қодирий 1956 йилда реабилитация қилинган илк адиблардан бири эди.

    Донишмандларнинг “Тоғларнинг улуғворлигини кўриш учун уларга узоқдан разм солиш даркор”, деган ҳикмати бор. Муайян маънода катта шахсларнинг буюклигини, гўзал инсоний фазилатларини кўриш, ноёб истеъдоди ҳосиласини баҳолаш, қадрлаш учун ҳам шу тамойил ўринли бўлади. Абдулла Қодирий ижодининг буюклиги ва нақадар қимматли эканини кўриш ва англаш учун эса ярим асрдан кўпроқ вақт керак бўлди.

    Узоқ танаффусдан сўнг унинг “Ўткан кунлар” романи қайта нашр этилди. Халқимиз бу китобни ўзгача меҳр ва соғинч ила қарши олди ва у яшин тезлигида тарқала бошлади. Шунинг ўзиёқ Қодирий ижоди инсонлар қалбидан чуқур жой олганини кўрсатди. Шу билан бирга, мамлакатимизда Абдулла Қодирий шахси ва ижодини кенг тарғиб этиш бошланди. Айниқса, кейинги йилларда унинг кўплаб асарлари қайта нашр этилди. Мустақиллик йилларида унинг номини абадийлаштиришга эътибор қаратилди. Хусусан, Абдулла Қодирий “Мустақиллик” ордени билан тақдирланди. Бугун Тошкент шаҳридаги марказий кўчалардан бири, Чорсу яқинидаги маданият ва истироҳат боғи, Юнусобод йўналишидаги метро бекатларидан бири адиб номи билан аталган.

    Янги Ўзбекистонда Қодирий том маънода иккинчи умрини яшай бош­лади. Зеро, ёшларни Қодирий маърифати билан ошно қилиш, шу руҳда камол топтиришга алоҳида эътибор берилди. 2019 йилда Президентимиз ташаббуси билан Абдулла Қодирий маданият ва истироҳат боғи ёнида Абдулла Қодирий ижод мактаби ва мемориал музейи ташкил этилди. Адибнинг муҳташам ҳайкали ўрнатилди. Шунингдек, ёзувчининг Тошкент шаҳри Самарқанд дарвоза кўчасидаги уйида уй-музейи очилди.

    Шу ўринда яна бир фактни таъкидлаш зарур. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди. Унга асосан, мамлакатимизда қатағон қурбонлари ҳаё­ти ва фаолиятини чуқур ўрганиш, хотирасини абадийлаштиришга доир ишларни ташкил этиш бўйича рес­публика ишчи гуруҳи тузилди. Ишчи гуруҳнинг асосий вазифаларидан бири сифатида шўролар давридаги сиёсий ­қатағон қурбонларини реабилитация қилиш экани кўрсатилди. Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи томонидан мустабид совет тузуми даврида қатағонга учраган, турли сабабларга кўра, шу кунгача номлари оқланмаган юртдошларимизни расман оқлаш борасида салмоқли ишлар қилинди. Натижада 2021-2024 йилларда Ўзбекистон Олий суди Совет Иттифоқи даврида қатағон қилинган 1220 нафар шахсни реабилитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Олий суднинг 2023 йил 1 декабрда бўлиб ўтган мажлисида ­Абдулла Қодирий ҳам тўлиқ оқланди.

    Қувонарлиси, Қодирий ижодий меросини халқаро миқёсда эътироф этиш ва унинг ўлмас асарларига қизиқиш ҳам йил сайин ортиб бормоқда.

    Нью-Йоркда Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағишлаб ўтказилган ижодий кеча ана шундай эътирофлардан бири бўлди. Мазкур ижодий кечага қатор миллатлар вакилларидан иборат меҳмонлар йиғилди. Уларнинг мақсади атрофида кечаётган воқеа-ҳодисаларни онгу шуури билан теран англаб, фикрларини ижоди орқали қўрқмасдан айта олган жасоратли, эрксевар инсон яшаб ижод қилган тарихий давр муҳитини ҳис этиш ва ундан ўзига хос хулосалар чиқариш эди.

    “Халқаро бирдамлик” ташкилоти вакилларидан бири, асли тошкентлик Вячес­лав Шатохин маданиятимиз, адабиё­тимиз, бутун мамлакат тарихи ва, албатта, уни яратган инсонлар ҳақида қайғурадиган одам. Собиқ ҳуқуқшуноснинг бундай фазилати тадбирдаги маърузасида ҳам ўз исботини топди. У Абдулла Қодирий адабий меросини чуқур ўрганиш ва англаш муҳимлигини қайд этиб, бундай деди: “Буюк адиб, шоир, драматург ва пуб­лицист Абдулла Қодирий ўтган асрнинг чинакам феноменал шахсидир. У ўзбек адабиёти тарихи ва тараққиётида ўчмас из қолдирди. Ёзувчи ижоди йилдан йилга оммалашиб, хорижда ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, 2019 йил декабрь ойида Ўзбекис­тоннинг Вашингтондаги элчихонасида “Ўткан кунлар” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Романни америкалик таниқли таржимон ва тадқиқотчи Марк Риз таржима қилган. У илк бор инглиз тилида АҚШда нашр этилди”.

    Тадбирда Ўзбекистоннинг БМТдаги ваколатхонаси маслаҳатчиси, “Маҳалла АҚШ”, “Уруш болалари”, “Оталар чойхонаси”, “Додалар чойхонаси” уюшмалари вакиллари, ижодкор зиёлилар иштирок этди.

    Ижодий кечада “Халқаро бирдамлик” ташкилоти президенти Абба Приева, профессор Шоҳиста Мақсумова, Хуршид Қодировнинг чиқишлари ҳам тингланди.

    Тадбир доирасида режиссёр Равшан Асқаровнинг адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган “Қодирий” ҳужжатли фильми премьераси бўлиб ўтди. Мазкур фильм Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи томонидан Бош прокуратура, шунингдек, “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди ҳамкорлигида яратилган. Фильм тарих фанлари доктори, профессор, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи раҳбари Бахтиёр Ҳасановнинг 2020 йилда уч тилда (ўзбек, рус, инглиз) нашр этилган “Абдулла Қодирийни эслаб” китоб-альбоми асосида суратга олинган.

    Ушбу китоб-альбомнинг Конрад ­Аденауэр фондининг (Германия) Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси кўмагида нашр этилгани ҳам Абдулла Қодирийни жаҳон ҳамжамияти эътироф этаётганидан далолат, десак муболаға бўлмас.

    Намойишдан сўнг аксарият иштирокчилар фильм ҳақидаги таассуротларини ўртоқлашди. Улар юксак маҳорат билан яратилган бу асар юртимиз тарихига бир муддат қайтаргани, ўша даврга, одамлар ва воқеаларга фильм ижодкорлари нигоҳи билан қараш имконини беришини эътироф этди.

    Қодирий ўз асарларида нафақат миллий, балки умумбашарий қадриятларни тараннум этган. Шу боис, унинг ижоди ҳеч қачон аҳамиятини йўқотмайди. Токи мустақиллик, инсон қадри, халқ манфаат­лари, комил инсон тарбияси ва ўзликни англаш иштиёқи бор экан, улуғ адибнинг ижодига эҳтиёж сезилаверади.

    Ана шундай улуғ адибнинг халқаро майдонда тан олиниши, тарғиб қилиниши эса Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси, умуман, Абдулла Қодирий ижодининг бутун дунёдаги чинакам мухлислари қалбида ғурур ва ифтихор уйғотади.

    Мурод ЗИКРУЛЛАЕВ,

    Қатағон қурбонлари хотираси

    давлат музейи директори ўринбосари

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech