860 та почта алоқа объектларида 33 турдаги электрон ҳукумат хизматлари кўрсатилмоқда

    Мамлакатимизда 12 август 2021 1530

    Охирги йилларда республикамиз почта алоқаси хизмати фаолиятида янги, замонавий усуллардан фойдаланиш, кўрсатилаётган хизматлар доирасини кенгайтириш ҳамда рақамлаштиришни фаоллаштиришга боғлиқ самарали ишлар амалга оширилмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 14 декабрдаги “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4921-сон қарори тизимни ривонлантиришга катта туртки берди.

    “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти томонидан “Гибрид почта” хизматидан фойдаланиш бўйича 70 тадан ортиқ ташкилотлар билан шартномалар тузилди. Почта ходимлари томонидан жойида хизмат кўрсатиш учун 1000 та мобил қурилма харид қилинди ва мазкур қурилмаларга “Гибрид почта тизими” иловаси ўрнатилиб, мазкур иловалар орқали хабарчилар томонидан жойида гибрид пўчта жўнатмаларни етказиб берилганлик бўйича маълумотлар тизимга киритиш имконияти йўлга қўйилди.

    Почта алоқаси объектларини замонавий компютер техникаси ва мобил қурилмалар билан таъминлаш бўйича 410 та компютер, 88 та принтер ва 295 та кўп функцияли ускуна ҳарид қилинди ва иш жойларига етказиб берилди. Шу билан бирга, 288 та почта алоқаси бўлимигача 583,1 км. оптик толали алоқа линиялари тортилди.

    Таъкидлаш керак, мижозлар номига келган почта жўнатмаларини олиши учун мўлжалланган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи 30 та автоматлаштирилган комплекслар (почтаматлар) сотиб олинди ҳамда 13 та почтамат Тошкент шаҳридаги почта алоқаси обектларига ва аҳоли гавжум ҳудудларга, 17 та почтамат Андижон, Бухоро, Гулистон, Жиззах, Нукус, Навоий, Самарқанд, Наманган, Фарғона (3 та), Қарши, Сурхондарё, Тошкент вилояти (3 та) ва Урганч шаҳрига ўрнатилди. Бугунги кунда, уларни тармоққа улаш ва ахборот тизимларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

    Ҳозирги кунда почта алоқасининг анъанавий хизматларини такомиллаштириш, уларни рақамлаштириш, жўнатмаларни қабул қилиш, кузатиб бориш ва етказиш жараёнларига ахборот технологиялари ва тизимларини жорий этиш мақсадида, “Почта хизматларини кўрсатиш жараёнларини автоматлаштириш тизими” ишлаб чиқилмоқда. Почта жўнатмаларини қабул қилиш, саралаш ва онлайн кузатиш имконини берувчи автоматлашган ахборот тизими 2021 йил 17 майдан Тошкент шаҳрида синов тариқасида ишга туширилди.

    Бугунги кунда 860 та почта алоқа объектларида Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланилган ҳолда 33 турдаги электрон давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди.

    110 та почта алоқаси объектларининг биносини давлат-хусусий шериклик асосида замонавий кўринишга келтириш юзасидан рўйхатлар шакллантирилди ва 31 та почта алоқаси обектларининг биносини замонавий кўринишга келтириш юзасидан таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари бошланган.

    “Ўзбекистон почтаси” АЖда 1806 та почта алоқаси бўлимлари фаолият кўрсатмоқда ва ходимлар сони 6450дан ортиқ нафарни ташкил этмоқда.

    Почта алоқаси обектларида янги хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилганлиги муносабати билан Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази, АТ “Алоқабанк” ва “Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки” МЧЖ билан ҳамкорликда ташкил этилган ўқув машғулотларида жами 28894 нафардан ортиқ почта ходимлари иштирок этиб, малакаси оширилди.