Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ўтган йилдан бошлаб Ўзбекистонда тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги жорий этилди. Энди бизнес фаолияти солиқ интизоми ва молиявий барқарорликнинг 23 та мезони асосида электрон тизим орқали баҳоланмоқда.
Баҳолаш натижасига кўра, тадбиркорлар энг юқори AAA (96–100 балл) даражадан энг паст D (25 баллдан кам) даражагача бўлган тоифаларга ажратилади.
Юқори рейтинг тадбиркорларга қуйидаги афзалликларни тақдим этади:
- солиқ текширувларидан озод этиш (AAA);
- текширувсиз ҚҚСни 1 кунда қайтариш (AAA);
- бошқа солиқлар бўйича ортиқча тўловларни 3 кун ичида қайтариш (А ва ундан юқори).
Ҳозирги кунда тизимда 552,8 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган. Улардан 2,3 мингта ташкилот AAA рейтингига эга бўлса, D тоифага қарийб 192 минг субъект киради.
Юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлар ҳар йили 20 август — Тадбиркорлар куни арафасида тақдирлаш учун давлат мукофотлари ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига тавсия этилади.
Корхонанинг мазкур рейтингдаги ўрнини Савдо-саноат палатаси веб-сайти орқали корхона СТИР рақамини киритган ҳолда билиш мумкин.








