Мазкур лойиҳага катта аҳамият қаратилаётганининг ўз асослари бор. Маросимда қайд этилганидек, Қорақалпоғистон ўнлаб йиллар давомида энергетика танқислигини бошдан кечириб келди. Ҳудудда ягона бўлган ва бундан 65 йил аввал қурилган Тахиатош иссиқлик электр станцияси ўсиб бораётган эҳтиёжни қондириш учун етарли бўлмай қолди. Шунинг учун ушбу станция 680 миллион доллар эвазига модернизация қилиниб, 560 мегаваттга тенг қувватлар ишга туширилди.
Эндиликда улуғ аллома бобомиз таваллуд топган ва унинг номи билан аталган заминда замонавий шамол электр станциясининг барпо этилиши аҳолини, ижтимоий-иқтисодий иншоотларни барқарор электр қуввати билан таъминлаши баробарида хорижий инвесторлар учун корхона қуриш ёки хизмат кўрсатишда сув ва ҳаводай зарур бўлган инфратузилма имкониятларини кенгайтиради. Бинобарин, Қорақалпоғистонда келгуси беш йилда 2 минг 500 та янги корхона ташкил этиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб 2 баробар ошириш режалаштирилган. Бундай мақсадларга эришишда ёйдоқ дашту мовий кенгликларда миллионлаб йиллардан буён эсиб ётган шамолнинг беминнат қуввати ҳам катта куч беради.
ЭКОЛОГИК ЭНГ ТОЗА ЭЛЕКТР ҚУВВАТИ
Шамол — қуѐш нурининг интенсивлиги, босимнинг ўзгариб туриши натижасида ҳаво массасининг ҳаракати туфайли ҳосил бўлади ва aбaдий қувват мaнбaи ҳисобланади. Тадқиқотларга қараганда, унинг йиллик назарий захираси ер юзидаги бошқа барча энергия ресурсларига нисбатан 100 марта кўп бўлса-да, унинг атиги 10–12 фоизидан фойдаланиш мумкин экан. Ҳозирги кунда электр энергияси ишлаб чиқараётган дунёдаги барча шамол қурилмаларининг йиллик қуввати 743 ГВтдан ошади ва бу рақам йилига 10-15 фоизга ўсиб бормоқда.
Шамолдан электр қуввати олиш бўйича Хитой дунёда биринчи ўринда туради. Жаҳонда ҳосил қилинаётган мазкур энергиянинг қарийб учдан бир қисми унинг улушига тўғри келади. АҚШ, Германия, Испания ундан кейинги ўринларда туради. Дания 2022 йилда электр энергияга бўлган талабининг ярмидан ортиғини, Буюк Британия 2030 йилга бориб барча эҳтиёжни шамол энергетикаси ҳисобидан қоплашни режалаштирган. Европанинг бошқа давлатларида ҳам мазкур муқобил қувватдан фойдаланиш юқори тезликда ривожланмоқда.
— Шамолдан электр энергияси олиш учун унинг ўртача йиллик тезлиги секундига 3 метрдан юқори бўлиши керак, — дейди география фанлари бўйича фасафа доктори Расулжон Мамажонов. — Ундан ҳосил бўлган қувватлар аккумуляторда тўпланади ва уларни тармоққа узатса бўлади. Тезлиги секундига 3 метрдан камроқ эпкинли шамолдан ҳам кичик қувватдаги электр энергия ҳосил қилиш мумкин, лекин ундан фойдаланиб бўлмайди.
Ўзбекистон ҳудудининг шамол ресурслари харитаси тузилган. Харитада секундига 5 метрдан 6,5 метргача ва ундан юқори тезликда шамол эсадиган ҳудудлар мамлакатимиз умумий майдонининг 70-75 фоизини, секундига 3 метрдан 5 метргача — 20-25 фоизини ва 2,5 метрдан кам бўлган жойлар 5 фоизга яқин жойни эгаллагани акс этган. Мазкур рақамлар юртимизнинг 95 фоиз ҳудудида шамол энергиясидан фойдаланиш имконияти мавжудлигидан далолат беради.
Айни пайтда Ўзбекистонда қуёш энергиясининг йиллик қуввати 525 дан 760 миллиард кВт соатгача етса, шамол энергиясиники 1 триллион кВт соатгача, яъни энг катта манба ҳисобланади.
Яна бир муҳим жиҳати, 1 кВт электр энергияси ишлаб чиқариш учун 0,3 куб метр табиий газ, ўртача 2,5 килограмм кўмир сарф қилинади. Боз устига, кўмир асосида ишлайдиган қуввати 1 МВтга тенг бўлган станция атмосферага йилига 1800 тонна углерод ва 13 тонна азот оксидини чиқаради. Бир МВт қувватли шамол генератори эса, 20 йил давомида 29 минг тонна кўмир ёки 92 минг тонна нефтни иқтисод қилади. Бу қурилмалардан олинадиган энергия экологик энг тоза электр қуввати ҳисобланади.
БИР КИЛОВАТТ СОАТ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ УЧУН 2,57 АҚШ ЦЕНТИ
Қорақалпоғистонда 100 МВт.ли шамол электр станциясини барпо этиш учун Европа Тикланиш ва тараққиёт банкининг техник кўмагида тендер эълон қилинди ва унга 70 та компания ва консорциум қизиқиш билдирди. Улар орасидан кейинги даврага 20 га яқин талабгор чиқди. Бундан бир йил олдин бўлиб ўтган танловда давлат-хусусий шериклик асосида ишлаб чиқариладиган шамол энергияси учун энг паст тариф — 1 киловатт соат электр учун 2,56 цент таклиф қилган Саудия Арабистонининг ”ACWA Power” компанияси ғолиб деб топилди.
Қайд этиш жоиз, 2010 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда қуруқликдаги шамол станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ўртача нархи 56 фоизга ACWA кВт/соат учун 8,9 АҚШ центидан 3,9 центга пасайган. Қорақалпоғистонда қурилаётган станция учун эса ”ACWA Power” компанияси ундан ҳам оз — 1,4 цент камроқ нархни таклиф қилган эди.
— Мана энди “ACWA Power” компанияси 100 МВт қувватли янги шамол электр станциясини қуришни бошлайди, — дейди Энергетика вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдуллажон Отабоев. — Станция 2 йил ичида, яъни 2024 йилда ишга туширилади. У ишга тушгач, йилига 350 миллион киловатт-соат электр қуввати ишлаб чиқариб, 120 мингдан ортиқ хонадонни муқобил энергия билан таъминлайди.
Аҳамиятлиси, станция ишга туширилиши натижасида йилига 106 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади ҳамда атмосферага 160 минг тонна зарарли чиқиндилар чиқишининг олди олинади. Ушбу ҳажмдаги тежалган газ билан 35 минг хонадонни 1 йил давомида табиий газ билан таъминлаш мумкин.
Яна бир муҳим томони, станция қурилишида 400 нафар ишчи-ходим фаолият юритади. У ишга тушгач, 30 нафар малакали муҳандис ва техник ходим юқори даромадли доимий иш билан таъминланади.
Лойиҳага кўра, 25 та шамол турбинаси ўрнатилади.20 километр бўлган 220 киловольт кучланишли электр узатиш ҳаво тармоғи қурилиб, бу қувватлар мамлакат ягона энергетика тизими билан тўлиқ уланади.
Президентимиз станция учун зарур қурилмаларни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади. Хусусан, “Тахиатош металл конструкция” заводида таянч устунлар, “Нукус электр аппарат” корхонасида трансформатор ва электр техника жиҳозлари, бошқа корхоналарда эса, кабель ва ўнлаб турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин. Лойиҳа қиймати 108 миллион долларни ташкил этиб, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида юз фоиз инвестор томонидан молиялаштирилади.
“ACWA Power” компанияси Ўзбекистонда умумий қуввати 2 600 МВт бўлган иссиқлик ва шамол электр станциялари қурилишида иштирок этяпти. Хусусан, Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳар бирининг қуввати 500 МВтдан бўлган 2 та шамол электр станцияси барпо этилиб, 2024 йил бошида ишга туширилиши мўлжалланган. Шу билан бирга, компания томонидан Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида қуввати 1 500 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси қурилмоқда ва бу иншоот 2023 йилнинг тўртинчи чорагида иш бошлаши режалаштирилган.
Беруний туманидаги маросимда сўзга чиққаан “ACWA Power” компанияси директори Муҳаммад Абдулла Абунаян шундай фикрларни билдирди.
— Президент бугун бу ерда сиз билан кўришиб турганимдан жуда ҳам катта ғурур, шараф, қувонч ҳис қилмоқдаман. Сизнинг узоқни кўзлаган сиёсатингиз ва режаларингиз, олиб бораётган ислоҳотларингиз туфайли ўтган беш йил нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун дунёда бир ўзгача давр бўлди десак хато бўлмайди. Ўзбекистон энергетика тармоғидаги ўзгаришлар, трансфармация жараёнлари бунинг ёрқин намунаси.
“ACWA Power” компанияси дунёнинг 13 та мамлакатида фаолият юритади. Лекин илк бор фақат Ўзбекистонда давлат -хусусий шериклиги асосидаги лойиҳани жула тез суръатда, ҳаққоний, шаффофликка асосланган ёндашув асосида амалга оширяпмиз. Шунинг учун ҳам биз 2,9 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган инвестициямни киритмоқдамиз.
Бу ерда нафақат энергия ишлаб чиқариш, балки уни тўплаш, аккумляция қилиш ҳам амалга оширилади ва шу жиҳатдан, наинки Ўзбекистон, балки бутун дунё учун шу тарзда амалга оширилаётган биринчи лойиҳа бўлади. Янги лойиҳа билан қўшиб ҳисоблайдиган бўлсак, инвестициямизнинг умумий миқдори 4 миллиард АҚШ долларидан ортади. Биз сизнинг етакчилигингизда Ўзбекистонда олиб борилаётган улкан ишларнинг амалга ошишига ишонамиз.
— Шу нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси жуда ҳам оқилона ва пухта ишлаб чиқилган ҳужжатдир, — деди ўз сўзида Саудия Арабистони қироллигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юсуф ал-Утайбий. — Сўнгги йиллардамамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқалар янги поғонага кўтарилди ва янада кенг кўлам касб этиб боряпти. Бугунги тамал тоши қўйилган лойиҳа ҳамкорлигимиз жадал ривожлантирилаётганлигига яна бир амалий далил бўлади. Биз Ўзбекистонга хорижий инвестициялар, хусусан Саудия Арабистони инвесторларининг сармояларини жалб этишда барча имкониятларни ишга солишга камарбастамиз.
Ҳақиқатан, Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилинган Оролбўйи минтақасида бошланган бу лойиҳа “яшил энергия” ишлаб чиқариш бўйича “биринчи қалдирғоч” ва ўз соҳасида энг замонавий саналади. Келгуси беш йилда эса, бу ҳудудда қуввати қарийб 1 минг 800 мегаватт бўлган яна 3 та шамол станцияси ишга туширилиши кўзда тутилмоқда.
ЮРТИМИЗ ШАМОЛИНИНГ ИСТИҚБОЛ ИНОЯТЛАРИ
Юқорида қайд этилган маълумотлардан ҳам кўриниб турибдики, мамлакатимизнинг шамол қуввати бўйича жуда катта салоҳиятидан фойдаланиш ишлари тоборо кенгайиб боряпти. Бундан бир неча йил олдин тажриба тариқасида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 750 кВт қувватли бир турбинали кичик шамол станцияси тикланган эди. Шундан кейин мамлакатимизнинг турли жойларида алоҳида фермер хўжаликлари, айрим компаниялар томонидан ҳам шундай қурилмалар қурилди ва улар ишлаб турибди.
Президентимизнинг 2019 йил 1 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кредит маблағлари ҳисобидан, шунингдек, 2019 йил 2 апрелдаги тегишли қарорига асосан, Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси иштирокида Ўзбекистонда шамол электр станциялари қуриш бўйича инновацион лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган эди.
Айни пайтда бу борада Навоий вилоятининг Томди туманида Бирлашган Араб Амирликларнинг “Masdar” компанияси умумий қуввати 500 МВтга тенг шамол электр станциясини барпо этиш ишларини олиб бормоқда. Қиймати 600 миллион АҚШ долларига баҳоланган бу лойиҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилиши мўлжалланган ва унинг 2024 йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
—Тараққиёт стратегиясига асосан, 2026 йилга бориб юртимизда қуёш ва шамол электр станциялари қуввати 8000 МВтга етказилади, — дейди Абдуллажон Отабоев. — 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 30 фоизга етказиш эвазига йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газ тежашни назарда тутувчи Президент қарори лойиҳаси тайёрланади. Унда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилади. Унга кўра, умумий қуввати 4000 МВт бўлган 8 та шамол электр станцияси қурилади.
Умуман, шамол, қуёш, гидро ва бошқа муқобил энергиялар табиатнинг инсонга инъом этган битмас-туганмас ва экологик тоза ресурслари ҳисобланади. Мутахассислар фикрича, дунё бўйича ер юзига яқин ҳаводаги, яъни 100–150 метр баландликдаги шамолнинг энергия қуввати ҳозир инсон ишлатаётган электр энергияси қувватидан 30 маротаба катта экан. Атмосферада 1000–10000 метр баландликда кучли, доимий эсадиган шамоллар бор. Келгусида техникавий тараққиёт улардан ҳам фойдаланиш имкониятини яратишига ҳеч бир шубҳа йўқ. Олимлар айни кунда автомобиль, поезд, самолёт ва бошқа транспорт воситаларига ўрнатилган махсус қурилмалар ёрдамида уларнинг ҳаракатланиши жараёнида юзага келадиган ҳаво қаршилигидан электр энергияси ҳосил қилиш устида изланишлар олиб боряпти. Демак, бу каби технологиялар ҳам орадан кўп вақт ўтмай кечагина орзу бўлиб туюлган шамол электр станциялари каби инсониятга беминнат хизмат қилади.
Алқисса, шундай ҳаяжонли кезларда улуғ шоиримиз Абдулла Ориповнинг ушбу мисралари ёдга келади.
Эсгин-эй, боғларнинг жамоли кулсин,
Мовий нафас билан тўлсин этаклар.
Учқур қўшиқларга бу олам тўлсин,
Шаънингга шоирлар айтсин эртаклар.
Эсгин, ватанимнинг таралсин боли,
О, юртим шамоли, юртим шамоли...
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи









