"Бу кунни жуда узоқ кутдим. Мураббийим, ота-онамга раҳмат. Менга ишонч билдирганликлари учун федерация мутасаддиларидан миннатдорман. Мураббийларим мен билан жуда қаттиқ ишлашди.
Ростини айтсам, Сербиядаги мағлубиятдан сўнг руҳан синаётгандек эдим. Даврон ака менга йўл-йўриқ кўрсатиб, психологиям билан шуғулландилар. Ота-онам жуда кучли қўллаб-қувватлашди. Бу чемпионлик учун ҳамма имкониятимни ишга солишга тайёр эдим.
Жангларим осон ўтди. Мураббийим билан қилган меҳнатларимиз билинди. Мен учун пул муҳим эмас. Чунки бу ерда байроғмиз шаъни бор, халқимиз кузатиб турибди. Уларнинг олдида юзимиз ёруғ бўлди.
Кубалик рақибим билан чемпионатга тайёргарлик жараёнида 2 та спарринг ўтказганмиз. Лекин ҳар иккисида ҳам бор кучимиз билан ишламаганмиз. Мураббийим бу боксчи билан қандай ишлаш кераклиги ҳақида вазифа бергандилар. Жангда бу топшириқни тўлиқ бажардим", - деди Абдумалик финалдаги ғалабадан кейин.