Бир қурилма ўрнини янгиси эгаллаб, мавжуд технологияларнинг такомиллашиб бориши тараққиётнинг бир кўринишидир. Айниқса, илм-фан, техника ривожида бу жараён яққол кўзга ташланмоқда. Бир пайтлар машина ихтиро қилиб, одамларни ҳайратга солган олимлар давримизга келиб, учувчисиз учиш аппаратларини яратишга ҳам эришди. Дронлар номи билан машҳур бундай қурилмалардан ҳозирги кунда барча соҳаларда кенг фойдаланиш оммалашиб боряпти.
Юртимизда учувчисиз, яъни масофадан бошқариладиган учиш аппаратларидан фойдаланиш 2014 йиллардан бошланган. Аммо уларнинг мамлакатимизга фаол кириб келиши 2016 йилга тўғри келади. Шу йили 31 августдаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган низом билан эса ушбу турдаги қурилмалардан фойдаланиш ва рўйхатдан ўтиш қоидалари келтирилган.
Учувчисиз учиш аппаратларининг тарқалишини дунёда жадал кечаётган рақамлаштириш жараёнининг бир қисми дейиш мумкин. Бундай қурилмалар турли соҳаларда маълумотларни масофадан туриб олиш, таҳлил қилиш ва қайд этиб боришни таъминлайди.
Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт ривожи охирги йилларда сезиларли тарзда жадаллашди. Президентимиз ташаббуси билан иқтисодиётнинг барча соҳаларини илғор технологиялар асосида янгилаш белгилаб берилганида, бунинг қамровини кўпчилик етарлича тасаввур қила олмагани рост. Аммо давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 5 октябрдаги фармони билан “Рақамли Ўзбекистон—2030” стратегияси ҳаётга татбиқ этилгач, бу борадаги катта ўзгаришлар дарҳол кўзга ташлана бошлади.
Қолаверса, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиётни асосий “драйвер” соҳага айлантириб, унинг ҳажмини камида 2,5 бараварга ошириш белгиланган.
Ишни бир неча баробар тезлаштиради
Учувчисиз учиш аппаратлари рақамли технологияларнинг энг замонавийларидан ҳисобланади. Аслида, бундай қурилмалар кенг қамровли бўлиб, бир қанча турлари бор, аммо улар орасида энг машҳури дронлар. Ақлли технологиялар ва такомиллаштирилган электр энергия тизимларининг ривожланиши дронлардан ҳам истеъмолчилар орасида, ҳам умумий авиация фаолиятида бирдек фойдаланилишига олиб келди.
Бугун дунёда дронлар кириб бормаган соҳа қолмади, ҳисоб. Элтиб бериш хизматидан тортиб, йирик саноат корхоналаридаги мураккаб вазифаларгача барида учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланилади. Юртимизда бу қурилма кўпроқ қишлоқ хўжалиги соҳасида оммалашиб боряпти. Экинлар ҳолатини текшириб туриш, зарур дори воситаларини ерга сепиш ва бошқа жараёнларда улар асқотмоқда. Қишлоқ хўжалиги ерларида асосан октокоптер дронлар қўлланилади. Улар ёрдамида ерларни ўғитлаш ёки дорилашнинг самарадорлиги юқори бўлиб, дала майдони ва маҳсулотга зиён етмайди. Экология ва инсон саломатлиги учун ҳам зарарсиз.
Ўтган йили юртимизда илк бор қишлоқ хўжалиги фаолиятини замонавий дрон технологиялари асосида рақамлаштириш илмий-амалий лойиҳаси бошланган эди. Жараёнда турли ҳудудларда тажриба-синов ишлари муваффақиятли олиб борилди. Синов давомида бир дона ўзи учар дрон қурилмаси белгиланган майдонларда кузатув ишларини атиги 6 дақиқада якунлагани қурилманинг қанчалик тезкор эканини кўрсатади.
Илмий-амалий лойиҳа доирасида дрон технологиялари орқали қишлоқ хўжалигида мавжуд муаммолар ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилмоқда, шудгор қилинган ерлардаги тупроқнинг унумдорлиги, ғалла майдонлари, боғдорчиликда мавжуд турли хил касалликлар, зараркунанда ҳашоратлар аниқланиб, улар тўғрисида маълумотлар базаси яратилади. Яна бир аҳамиятли жиҳати, дронлар орқали олинган ва қайд қилинган амалий маълумотлар компьютер дастурлари ёрдамида қайта ишланиб, улар асосида зарурий ечимлар қабул қилинади.
Қишлоқ хўжалигида дронлардан фойдаланиш юртимиз тажрибаси учун янгилик, дейишимиз мумкин. Одатда дала майдонлари ҳолатини кузатиш ва мониторинг қилиш ишларига бир неча киши жалб қилиниб, жараёнлар кунлаб давом этади. Бу вазифаларни дронлар ёрдамида амалга ошириш орқали эса ортиқча вақт ва ишчи кучини тежаб қолиш мумкин.
Аммо дронлардан фойдаланишнинг ҳам ўз тартиби ва талаблари мавжуд. 2018 йилда Президент қарори билан ташкил этилган “Геоинновация маркази” ДУК бу борада тегишли ишларни амалга ошириб келмоқда. Ташкилотнинг вазифалари қаторига иқтисодиёт тармоқларида УУҚни қўллаш ва улардан фойдаланиш бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқиш, улар орқали олинган маълумотларни таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, шундай қурилмалар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш кабилар киради. Бу ташкилот олдида дронларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва тармоқларда улардан фойдаланишни оммалаштириш вазифаси турибди, дегани.
Дронлар ўзимизда ишлаб чиқарилади
Шу ўринда, дронлар шунчаки энг замонавий қурилмами ёки юқори афзалликка эгами, улардан қайси соҳаларда фойдаланиш самаралироқ, деган саволлар туғилади. Жаҳон олимларининг айтишича, учувчисиз учиш аппаратлари дунёдаги энг хавфсиз техникалар сирасига киради. Уларнинг пайдо бўлиши ўтган асрнинг охирги чоракларига бориб тақалсада, оммалашиши замонавий технологиялар ривожи билан бирга кечди. Яъни, вақт ўтгани сари масофадан бошқариладиган учар қурилмалар такомиллашиб, ҳажми кичрайиб бориши билан АҚШ ва Европа давлатларида уларга қизиқиш ортди. Аксар мамлакатларда шундай қурилмаларни ишлаб чиқариш фаоллашиб, дронларнинг тури ҳам кенгайиб борди.
Ҳозирги кунда учувчисиз учиш аппаратлари асосан 4 гуруҳ — мультикоптер, самолёт, вертолёт, гибрид турдаги қурилмаларга ажратилади. Буларнинг ҳар бири яна алоҳида турларга бўлинади. Вазифалари деярли ўхшаш бўлсада, ҳажм, дизайн жиҳатдан бир-биридан фарқланади.
Юртимиз ҳудудида асосан дронларнинг мультикоптер гуруҳига кирувчи квадрокоптер тури кенг тарқалган. Ихчам ҳажми, оператор бошқарувининг қулайлиги, оптималлашган конструкция ва дизайни, аэродинамик қаршиликни тўғри тақсимлаш каби қулайликлари боис, аэротасвир ва турли видео кузатувлар олиш жараёнларида фойдаланилади. Қолаверса, саноатнинг кўп тармоқларида ҳам шу турдаги дронлар қўлланилади.
Ҳозир юртимизда ерларни хатловдан ўтказиш ишлари фаол олиб бориляпти. Ҳар бир ҳудуднинг ер майдонлари, чегаралари, объектларини суратга олиш талаб этилади. Бунда одатда самолёт ва вертолётлардан фойдаланилади. Аммо сўнгги йилларда мамлакатимиз кадастр, геодезия тизимида дронлар кенг қўлланила бошлаган. Улар ёрдамида аэрофототасвирлар олинади, картографик ва топографик электрон хариталар тузилади, бунинг учун зарур бўладиган ер ўлчамларини юқори аниқликда олиш имконини беради. Бу ер юзасини самолётда аэрофототасвирга олишга нисбатан анча камхаражат, хавфсиз ва юқори сифатли усул бўлиб, бошқа учиш воситаларидан фарқли, атмосферага ҳеч қандай зарарли таъсир кўрсатмайди. Гап шундаки, дронлар электро двигаталларда ҳаракатлангани боис, ўзидан заҳарли газлар чиқармайди. Ўз-ўзидан, глобал исиш ва азон қатламининг емирилишига ҳам сабаб бўлмайди.
Ерни масофадан туриб зондлашда дронлар ер участкасидаги ўзгаришларни қисқа вақтда аниқлаб беради. Шу тарзда олинган маълумотлар дастурий таъминотда қайта ишланиб, рақамли ортофотопланлар шаклига келтирилади. Ортофотоплан — бу аниқ геодезик асосда олинган аэро ёки космик суратлар орқали яратиладиган рақамли хариталар асоси ҳисобланади. Ундан жамики ер устидаги объектлар тўғрисидаги маълумотлар жой олади. Ортофотопланлар асосида эса топографик хариталар яратилади. Бу хариталарда геодезик пунктлар, рельеф, гидрография, ўсимлик, тупроқ, иқтисодий ва маданий объектлар, йўллар, алоқа, чегаралар, умуман, жамики ер объектлари тўғрисидаги маълумотлар қайд этилади.
Дронлар моделига кўра такомиллашиб бораверади. Энг замонавий ўзи учар қурилмалар одатда, автоматик учиш ва қўниш, белгиланган нуқталарни учиб ўтиш, мўлжал олишни интеллектуал бошқариш, парвоз нуқтасига қайтиш, чекланган жойлар тўғрисида огоҳлантириш каби функцияларга эга. Улар “Android” ва “iOS” операцион тизимларини қўллаб-қувватлайди, “ГЛОНАСС” ва “GPS” навигация тизимида ишлайди. Юртимизда фойдаланиладиган дронлар вазифасига кўра 20 дақиқадан 2,5 соатгача, жойлашувига қараб 30 километр масофага парвозни амалга оширади.
Ҳар соҳада дронларга бўлган талаб ортиб бораётгани боис, “Геоинновация маркази”да ушбу қурилмани маҳаллийлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, гибрид, мультикоптер турдаги дронларни ишлаб чиқариш, уларнинг аккумуляторларини қувватлаш ва оптималлаштириш бўйича илмий-тадқиқот ишлари давом этяпти.
Ҳозирги вақтда юртимиз ҳудудига учувчисиз учиш аппаратлари асосан Хитойдан импорт қилинади. Аммо улар анча қиммат бўлгани боис, қурилмани ўзимизда ишлаб чиқариш самаралироқ. Шу мақсадда “Геоинновация маркази” ва Хитойнинг ММС компанияси билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида “BsharkUZ” қўшма корхонаси ташкил этилган. Унда турли хилдаги дронлар ишлаб чиқарилади. Масалан, гексокоптер турига кирувчи дронлар аэрофотосурат ва видеосурат олиш, 10 килограммгача фойдали юк ташишга мўлжалланган. Бир мартада 90 дақиқагача, соатига эса 80 километргача уча олади. Қурилманинг максимал оғирлиги 15 килограмм.
Корхонада мультикоптер турига кирувчи дрон ишлаб чиқарилиб, синов парвози ҳам амалга оширилди. Ҳозирда парвоз давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда қурилмани янада такомиллаштириш ишлари олиб бориляпти. Шу билан бир вақтда, гибрид турдаги ҳамда ўт ўчириш амалиётини амалга оширувчи учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳам амалга ошириляпти. Барча синов парвозлари муваффақиятли ўтгач, қурилмаларнинг серияли ишлаб чиқарилиши бошланади.
Умуман, дронлар барча соҳаларда тезкор, камхаражат қурилма сифатида асқотади. Уни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш эса тармоқларни рақамлаштириш жараёнларини янада тезлаштиради. Қурилма тезкор ва сифатли маълумотлар олиш ва уларнинг базасини яратишга хизмат қилади.
Абдушукур АБДУЛЛАЕВ,
“Геоинновация маркази” ДУК директори
(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 8.07.22 йил сонида чоп этилган.)