Aбу Бакр Қаффол Шоший – меҳр-саховат соҳиби

    Кўҳна Тошкентнинг Себзор даҳасидаги Ҳазрати Имом (Ҳастимом) зиёратгоҳи пойтахтнинг бош ёдгорлик мажмуаларидан бири саналади. Мазкур жой атамаси шу ердаги асосий зиёратгоҳ —Тошкент (Шош)да туғилган, мусулмон оламининг имомларидан бири Абу Бакр Қаффол Шоший мақбараси номидан олинган.

    Ислом оламида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби “имом” даражасига эришган кўплаб буюк алломалар орасида Имом Абу Бакр Қаффол Шоший ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Замондошлари уни “Ҳазрати Имом” деб улуғлаган.

    “Ҳастимом” сўзи “Ҳазрати Имом” иборасининг қисқартирилган шаклидир. Маҳаллий халқ Имом Қаффол Шоший ҳурматидан бу жойни шундай атаган. У Тошкентнинг илмий-маданий, диний-маърифий марказларидан бири бўлган.

    Маълумки, Тошкент – ўрта аср араб манбаларида Шош деб номланиб, тафсир, ҳадис, фиқҳ, тилшунослик илмларида кўплаб таниқли олимларни етиштириб берган. Бу масканда туғилиб фаолият кўрсатган буюк зотлар, олимлар “Шоший”, “Тошкандий” нисбаси билан дунёга танилганлар.

    Ана шундай алломалардан бири Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший бўлиб, кўплаб араб манбаларида унга алоҳида ҳурмат бажо келтириш учун номига «катта», «улуғ» маъносини ифодалайдиган «Кабир» сўзини қўшиб ёзадилар.

    Қаффол Шоший ва унинг илмий фаолияти нафақат Шарқ олимлари, балки Ғарб тадқиқотчиларининг ҳам эътиборини жалб этган. Машҳур немис шарқшуноси К.Броккельман, буюк рус олими В.Бартольдлар алломанинг илмий меросига юксак баҳо беришган.

    Аллома моҳир ҳунарманд бўлиб, қулфсозликда шуҳрат қозонганлиги боис “Қаффол” яъни, қулфчи, қулфсоз деган ном билан эъзозланган. Қаффол Шошийнинг ислом оламидаги обрў­эътибори ва мавқеи, илмий салоҳияти ҳақида ўрта аср араб муаллифлари ўз асарларида алоҳида таъкидлаб ўтишган.

    Жумладан, марвлик машҳур тарихчи Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний ўзининг “Ансоб” (“Насабнома”) асарида шундай ёзади: “Қаффол – қулфсозлик касбига нисбат берилган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший Шош аҳлидан бўлиб, қулфсозликда шуҳрат қозонган. У ўз замонасининг имоми (пешвоси) бўлиб, фиқҳ, ҳадис, усул, тилшунослик илмлари бўйича тенги йўқ олим эди. Қаффол Шошийнинг номи Мағрибу Машриққа ёйилган”.

    Шунингдек, Қаффол Шоший ҳаёт йўли ва фаолияти ҳақида халқимиз ўртасида кўплаб турли нақл, ривоятлар мавжуд.

    Халқ орасида аллома қўли очиқ, сахий инсон сифатида ҳам танилган. Бу борада мисрлик тарихчи Тожуддин Субкийнинг “Табақот шофиъия кубро” асарида Қаффол Шошийнинг шеърларидан ҳам парчалар келтирилган: “Кимки уйимга меҳмон бўлиб келадиган бўлса, дастурхоним доимо унинг учун ёзилган бўлади. Кимки менинг дастурхонимдан бирор нарса еса, (билсинки) ундаги барча нозу неъмат пешона терим билан топилган, (яъни) ҳалол бўлади.

    Биз бор­будимизни меҳмон олдига қўямиз. Борди­ю (қўйишга) нарса тополмасак, у ҳолда сабзавот билан сирка қўямиз. Шунда беғараз, кўнгли очиқ одам бўлса, у бунга рози бўлиб кўнади; борди­ю бахил бўлса, у ҳолда уни мен тузата олмайман”.

    Қаффол Шоший илмий меросида “Жавомиъ ал­калим” (“Қисқа иборали ҳадислар тўплами”) асари етакчи ўринни эгаллайди. “Жавомиъ ал­калим” китоби Имом Қаффол Шоший қаламига мансуб бўлиб, унда Имом Бухорий шарҳи мажмуаларидаги Расулуллоҳ (с.а.в) калималаридан тўпланган”.

    Қуйида ушбу асарда хайр-саховат ва кўмак беришга доир ҳадислар, ҳикматли калималардан келтирамиз:

    • Саховатпешалик тақводир.

    Ушбу калимадан саховатли, қўли очиқ ва кишиларга кўмак бериш тақво қилиш билан баробар эканини кўришимиз мумкин.

    • Ҳар бир эзгулик (яхшилик, эҳсон,кўмак, меҳр-саховат) садақадир.
    • Пинҳона (сир тутиб) қилинган садақа, эҳсон, саховат ва кўмак Парвардигорнинг ғазабини сўндиради.
    • Садақа (эҳсон, саховат, кўмак, яхшилик) сув оловни ўчирганидек хатони (гуноҳни) ўчириб юборади.

    Ҳар бир инсон ҳаётида давомида одамларга яхшилик қилиш, меҳр-мурувват ва хайр-саховат, кўмак кўрсатиш орқали гуноҳларидан фориғ бўлиши зикр этилган.

    • Жаннат сахийларнинг уйидир.
    • Инсоннинг карами унинг динидир. Меҳр-муруввати унинг ақлидир. Насл-насаби эса унинг хулқидир.
    • Одамларга меҳр-саховат кўрсатиш имондан кейинги энг мақбул ишдир.
    • Закот – исломнинг кўпригидир.
    • Бу дунёда хайрли ишларни қилиб юрганлар охиратда яхшиликларга эришувчилардир.

    Кўриниб турибдики, ушбу ҳикматли калималар ва ҳадислар ҳар қандай инсонни одамларга яхшилик қилиш, саховатли бўлиш, уларга кўмак кўрсатиш каби фазилатларга ундайди.

    • Қалблар яхшилик қилган одамни севиш ва ёмонлик қилган кимсани ёмон кўриш туйғусида яратилган.
    • Бир-бирингизга ҳадя улашинглар, меҳр-оқибатингиз зиёда бўлади.
    • Ўзаро ҳадялар улашинглар. Зеро, совға юракдаги ҳасад ва гиналарни сўндиради.
    • Ўзаро ҳадя улашинглар. Чунки у юракдаги қаҳр-ғазабни йўқ қилади ва қалблардиги фисқу фасодни даф қилади.

    Юқоридаги ҳикматлардан маълум бўлишича, меҳр, мурувват, саховат, кўмак каби фазилатлар инсон қалбини юмшатиб, уни поклашда муҳим ўрин тутар экан. Зеро, имон гавҳари бўлмиш – Қалб (дил) пок ва софлиги инсон одобининг асосий мезонларидан бери десак муболаға бўлмайди.

    • Кимга бир яхшилик эшиги очилса, бас, у фурсатдан фойдаланиб қолсин.Чунки бу эшик унинг юзига қачон ёпилишини билмайди.
    • Аллоҳ бандаларидан фақат раҳмдилларига раҳм қилади.
    • Аллоҳ садақа билан етмишта ҳалокатни даф қилади (қайтаради).
    • Эзгу ишлар ҳалокатлардан асрайди.

    Умуман олганда, Қаффол Шоший асарида ислом дини аҳкомларидан ташқари одоб-­ахлоқ, илм-­маърифат, таълим-­тарбияга доир ҳикматли иборалар қайд этилган. Ундан халқимиз орасида кенг тарқалган матал, мақоллар, нодир ва қимматли афоризмлар ҳам ўрин олган. Бу эса ҳадисларнинг кенг халқ оммаси учун равон ва тушунарли бўлиши, тарқалишида муҳим аҳамият касб этган.

    Неъматулло МУҲАМЕДОВ,

    Ўзбекистон халқаро ислом

    академияси кафедра мудири,

    тарих фанлари доктори.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates