Адлия томонидан Наманганда пресс-тур ташкил этилди

    Ижтимоий ҳаёт 11 август 2022 1167

    Наманган вилоят адлия бошқармаси туман, шаҳар адлия бўлимлари томонидан амалга оширилган ишлар, тизимдаги янгиликларни жамоатчиликка етказиш мақсадида журналист ва блогерлар учун пресс-тур ҳамда матбуот анжумани ташкил этди.

    Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда адолат ва ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлаш, аҳолига профессионал хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарувни яратиш, декларатив хусусиятга эга вазифаларни бекор қилиш, функцияларни бажаришнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини аниқ белгилаш ва такрорланишларнинг олдини олиш орқали бюджет маблағларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, шу жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқий муаммоларини ҳал этишда адлия органларининг роли ва масъулияти кучайтирилмоқда.

    Хабарингиз бор, жорий йилнинг 17 март куни Давлатимиз раҳбарининг “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Фармон билан ихчамлаштирилган тизим фаолиятидан кенг оммани хабардор қилиш ниятида адлия вазирлиги масъул ходимлари ҳамда Наманган вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан уюштирилган пресс-тур самарали кечди.

    Дастлаб Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази биносида жойлашган шаҳар адлия бўлими фаолияти билан яқиндан танишилди. Жараёнларини бевосита кузатдилар. Эътиборлиси, шаҳар давлат хизматлари маркази кунига 400-500 нафар фуқарога хизмат кўрсатади. Бу ердаги “Саломатлик бурчаги”, “Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш”, “ID-карта” ҳамда “Хорижга чиқиш биометрик паспорти”ни қулай ва тезкор олиш хизмати иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

    Адлия бўлими, давлат хизматлари маркази, юридик хизмат кўрсатиш маркази ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ягона бинода ёки бир-бирига яқин манзилда эканлиги эътирофга сазовор. Адлия соҳасига доир ҳар қандай мурожаатни бир жойнинг ўзида қонуний кўриб чиқилиши аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари вақти ва нақди тежалишига эришилади. Бундай ёндашув, яъни ихчам бошқарув тизими аҳоли муаммоларини бир жойнинг ўзида ҳал этишда айни муддаодир.

    Кейинги манзил Янги Наманган туманининг “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Ҳуддудда вилоят адлия бошқармаси ҳамда туман адлия бўлими билан намунали ҳамкорлик ўрнатилган. Биргаликда олиб борилган “Маҳаллабай” ўрганишлар давомида 400 нафарга яқин фуқаронинг туғилганлик гувоҳномаси йўқлиги аниқланган. Ҳозирга қадар уларнинг 25 нафарига муддати ўтган туғилганлик гувоҳномалари ўз эгаларига берилган. Шу куни ҳам 4 нафар фуқарога шундай гувоҳнома тантанали тарзда топширилди.

    Пресс-тур якунида матбуот анжумани ўтказилди.

    Қизғин савол-жавобларга бой анжуманда бошқарма ва туман, шаҳар адлия бўлими томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган мурожаатлар ечими юзасидан муҳим маълумотлар ўртоқлашилди, тизимдаги ижобий ўзгаришлар тўғрисида фикр-мулоҳаза алмашилди, таклифлар билдирилди. Тадбир сўнгида адлия вазири матбуот котиби Севара Ўринбоева ҳамда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Хайрулло Собиров адлия бошқармаси фаолиятини ёритишдаги фаоллиги учун бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимларини тақдирлашди.

    Дилмурод АҲМЕДОВ,

    Наманган вилоят адлия бошқармаси

    бошлиғининг ўринбосари

    Орифжон ЖЎРАЕВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates