Томонлар савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини ҳамда қўшма йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишнинг боришини атрофлича кўриб чиқдилар.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, чегараолди савдо зоналари фаолиятини фаоллаштириш, сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
250 дан ортиқ афғонистонлик тадбиркорлар иштирокида бўлиб ўтадиган қўшма бизнес-форум ва заргарлик, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, тоғ-кон саноати, транспорт ва логистика каби соҳаларда фаолият юритаётган 75 йирик Афғонистон компанияси маҳсулотлари намойиш этилган «Made in Afghanistan» кўргазмасининг ташкилий масалалари ҳам муҳокама этилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Афғонистон Саноат ва савдо вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирлар икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштириши, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва ўзаро манфаатли янги ташаббусларни бошлашига ишонч билдирди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.