Ўзбекистон элчихонаси томонидан ўтказилган анжуманда Афғонистон маданият ва ахборот вазири ўринбосари Атиқуллоҳ Азизий, Савдо-инвестициялар палатаси раиси ўринбосари Ҳожи Хайруддин Моил, "Салом ватандош" ўзбек телеканали бош муҳаррири Нажибуллоҳ Армон, ўзбек жамоат ташкилотлари фаоллари ва ОАВ ходимлари қатнашди.
Маданият ва ахборот вазири ўринбосари Атиқуллоҳ Азизий тадбир аввалидаги нутқида, Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматига икки давлат муносабатларини жадаллаштириш йўлида амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди.
"Ўзбекистон энг яқин дўст мамлакат сифатида, афғон халқига ҳар томонлама ёрдам бериб келмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати вакилларининг Кобулга ташрифлари икки томонлама муносабатларда муҳим аҳамият касб этмоқда. "Улар нафақат савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга, балки Ўзбекистон ва Афғонистон маданий алоқаларини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда", деди у.
Атиқуллоҳ Азизийнинг айтишича, Маданият ва ахборот вазирлиги қошида "Тиллар ва адабиётни қўллаб-қувватлаш кенгаши" ташкил этилган. Мазкур кенгаш доирасида мамлакатдаги ўқиш ўзбек тили олиб борилаётган 105 та мактабга зарур ёрдам кўрсатилмоқда. Вазир ўринбосари улуғ аждодларимиз Навоий ва Бобур ижодига тўхталар экан, уларнинг ўзбек тили ривожи ва жаҳон илм-фани ҳамда мумтоз адабиётига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этди.
Афғонистон томони, "Навоийхонлик", "Бобурхонлик" кечаларини ва уларнинг тарихий меросини ўрганишга доир қўшма илмий-амалий анжуманларни ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Ўзбекистон элчиси Ойбек Усмонов ўз навбатида, орадан асрлар ўтсада, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур икки халқни бирлаштириб турувчи кўприк бўлиб қолаётганига эътибор қаратди.
Журналист Ҳасан Тўлқин ўз чиқишида, Афғонистонда Алишер Навоий ижодига оид 10 дан ортиқ илмий асарлар 10 минг нусхада чоп этилганини ва ушбу фаолият бугун ҳам фаол давом этаётганини билдирди.
Тадбир давомида Кобулда ўзбек олимлари Саид Муҳаммад Лабиб ва Азизуллоҳ Орол ҳаммуаллифлигида тайёрланган "Навоий ҳаёти ва ижоди" номли китобнинг тақдимоти ўтказилди.
Иштирокчилари эътиборига ўзбек халқининг улуғ аждодларимиз ҳақида тайёрланган видеофильмлар намойиш этилди. Шунингдек, афғон ёшлари томонидан Навоий ва Бобур ғазал ва рубоийлари намуналаридан ўқиб берилди.
Анжуман доирасида ташкил этилган Навоий ва Бобур асарлари ҳамда ўзбек миллий ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси иштирокчиларга катта таассурот қолдирди.