Афғонистон пойтахтидаги "Бодом боғ" кўргазмалар марказида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 31-кузги ярмаркаси бошланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.
Афғонистон Қишлоқ, ирригация ва чорвачилик вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур тадбир 20 октябрга қадар давом этади.
Очилиш маросимида Афғонистон Муваққат ҳукумати раҳбарияти ва аъзолари, Кобулда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, афғон компаниялари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари иштирок этди.
Кўргазмада Афғонистоннинг турли компанияларининг 250 дан ортиқ павильонларида қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
Ярмарка доирасида Ўзбекистон дипломатлари Афғонистон қишлоқ, ирригация ва чорвачилик вазири вазифасини вақтинча бажарувчи Атаулла Умарий билан мулоқот қилдилар. Унда Ўзбекистонда заъфарон плантациясини яратиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Дипломатик миссия вакиллари, шунингдек, Афғонистоннинг заъфарон етиштириш ва сотишга ихтисослашган бир қатор йирик компаниялари, хусусан "Herat Tak Chin Saffron company", "Herat Gold Saffron", "Afghanistan Red Gold Saffron Company", "Rastagar" ва бошқалар билан музокара ўтказишди.
Ўзбекистонга заъфарон пиёзбошларини етказиб бериш, уруғчиликни ривожлантириш, шунингдек, тайёр маҳсулотни ташқи бозорларга экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувлар натижасида республикамизда ушбу маҳсулотларни етиштириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.