Картошка уруғчилиги халқаро тажрибалар билан ривожланади

    Таълим сифатини ошириш, назарий билимларни амалиёт билан интеграция қилиш борасида мамлакатимиз олийгоҳларида кўплаб ишлар бажарилмоқда. Бу борада Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида ҳам қатор лойиҳалар устида изланиш олиб борилмоқда.

    Президентимизнинг 2023 йил 7 июлдаги “Аграр соҳада илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграция қилиш орқали сифат ва самарадорликни оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида институтда Ўзбекистон — Корея картошка уруғчилиги марказини ташкил қилиш топшириғи белгиланган. Мазкур вазифа ижросини таъминлаш мақсадида институтда марказ фаолияти йўлга қўйилди.

    Ҳозир Корея Республикаси халқаро боғдорчилик институти билан ҳамкорликда қиймати 4,3 миллион долларлик “Ўзбекистонда картошка уруғчилигини ривожлантиришда кадрлар салоҳиятини ошириш” мавзусидаги лойиҳа доирасида амалий ишлар бошланган. Бу халқаро илмий-амалий лойиҳа 2023-2027 йилларга мўлжалланган бўлиб, Корея Республикаси Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Корея қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш коорпорацияси кўмагида амалга оширилмоқда.

    Ҳамкорлик доирасида мамлакатимиз мутахассисларига ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга билимлар улашиш, инновацион лабораторияда ин-витро усулида кўпайтирилган кўчатлардан микро ва минитуганакларни кўпайтириб, тажриба майдонида супер элита уруғлик етиштиришни йўлга қўйиш, халқаро экспертлар иштирокида ўқув-амалий семинарлар ва конференциялар ташкил этиш ҳамда соҳани ривожлантириш каби бир қанча вазифалар белгиланган.

    Лойиҳа бошланиши аввалида Корея Республикаси Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш вазирлиги, Корея қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш коорпорацияси етакчи мутахассисларидан иборат экспертлар гуруҳи институтга келди. Кореялик мутахассислар Самарқанд вилоятида картошка уруғчилиги билан шуғулланувчи фермер хўжаликларида бўлиб, бугунги ҳолатни ўрганди. Шу билан бирга, институт олимлари ва тадқиқотчилари иштирокида картошка уруғчилигини ривожлантириш истиқболлари, ин-витро лабораторияси, иссиқхоналар ташкил этиш бўйича семинартренинглар ўтказилди ҳамда соҳани ривожлантириш юзасидан икки томонлама меморандум имзоланди.

    Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва тизим ташкилотлари етакчи мутахассислари ҳамда Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти олимларидан иборат делегация ўтган йили 9-15 октябрь кунлари Жанубий Кореяда биринчи ўқув-амалий хизмат сафарида бўлиб қайтди. Сафар давомида Сеулда Корея қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш корпорацияси ва Халқаро боғдорчилик институти етакчи мутахассислари иштирокида семинар ўтказилди. Лойиҳани амалга ошириш босқичлари, вазифалар, Корея картошкачилик саноати ва Ўзбекистонда картошка уруғчилигини ривожлантириш истиқболларига доир тажриба алмашилди.

    Делегациямиз вакиллари Жанубий Корея ва Осиё минтақасида етакчи ҳисобланган “Нонгвоо Био” уруғчилик илмий-тадқиқот институти, Корея тоғолди ҳудудлари қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институти, Корея ва Осиё минтақасида картошка чипси билан танилган “Орион Агро” компанияси, Гимже шаҳридаги “Корея қишлоқ хўжалиги технологиялари маркази” ва Корея қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш агентлиги қошидаги “Корея уруғчилик саноатини қўллаб-қувватлаш марказ”ларида бўлиб, улар фаолияти билан яқиндан танишди.

    Қатор тайёргарлик тадбирлари, учрашув ва семинарлардан сўнг лойиҳанинг дастлабки босқичларида, яъни 2024 йилда кореялик эксперт олимлар томонидан Ўзбекистонда картошка уруғчилигини йўлга қўйиш масалалари юзасидан семинар ташкил этилди. Унда картошкачилик соҳаси бўйича кореялик мутахассислар, институт раҳбар ходимлари, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этди.

    Кореялик профессор Хюн Мук Чо томонидан “Стресс омиллар шароитида картошка маҳсулдорлигини ошириш стратегияси ҳамда Ўзбекистон шароити учун мос навларни танлаш” мавзусида курс ташкил этилди. Кореялик эксперт, профессор Кван Ёнг Шин эса “Иссиқхоналарда уруғлик картошка етиштириш технологияси” мавзусида тақдимот ўтказди. Экспертлар томонидан бошқа давлатларда ўтказилган шу каби лойиҳаларда учраган муаммолар, уларнинг ечимига қаратилган масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

    Институт ёш олимлари ва талабалари жорий йил май ойида Халқаро боғдорчилик институти, Кангвон миллий университети, WSgamja хусусий корхонаси ҳамда қатор илмий-тадқиқот марказларида малака оширди. Кореялик тажрибали профессорлардан икки нафари ишга қабул қилинган. Улар талабаларга “ақлли” иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ҳамда картошкачилик фанларидан дарс бериб келмоқда. Умуман, жорий йилда институтда кореялик 16 эксперт лойиҳадаги вазифаларни бажариш билан бир қаторда таълим ва илмий жараёнларга жалб этилди.

    Лойиҳанинг расмий очилиш жараёни 2024 йил 1 ноябрга белгиланган бўлиб, тадбир илмий-амалий форум шаклида ташкил этилади. Форумда 20 дан ортиқ хорижий ва 100 дан зиёд маҳаллий экспертлар, олимлар, тадқиқотчилар қатнашиши кутилмоқда. Шунингдек, тадбирда ин-витро лабораторияси, гидропоника иссиқхонаси очилиши, соҳа мутахассисларининг қимматли маърузалари ташкил этилади. Мақсадимиз Ўзбекистонда картошка уруғчилигини ривожлантиришни йўлга қўйиш ҳамда бу соҳада етук мутахассислар тайёрлашдан иборат.

    Шавкат ҲАСАНОВ,

    иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates