Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини мустаҳкамлаш — асосий вазифа

    Мамлакатимизда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, халқ саломатлиги, миллат генофонди мустаҳкамлиги шу давлатнинг катта бойлиги саналади.

    Соғлом халқ юрт фаровонлиги ва тараққиётини амалга оширувчи катта кучдир.

    Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган туб ислоҳотлар ана шундай тамойил ва юксак мақсадга қаратилган. Хусусан, шу йилнинг 6 ноябрида Президентимиз раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятидаги муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган мақсад ва вазифалар муҳокама қилинди.

    Давлатимиз раҳбарининг «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш ва такомиллаштиришда муҳим омил вазифасини ўтамоқда.

    Болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, бу борадаги илғор хорижий тажриба, технология ва рақамлаштириш имкониятларидан самарали фойдаланиш бугунги куннинг муҳим вазифаси саналади. Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизнинг Яшнобод тумани, Паркент кўчасида замонавий тиббиёт ва илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида қурилган Болалар миллий тиббиёт маркази айни шу мақсадда бунёд этилган.

    Марказ лойиҳаси Корея Республикаси ва жаҳон тиббиётининг ноёб андозалари асосида ишлаб чиқилган. У Марказий Осиёда ушбу турдаги ягона болалар тиббиёт муассасаси саналади. Бинонинг қурилиши, хавфсизлик тизими, иситиш, совутиш тармоқлари жаҳон стандартлари талабларига тўла жавоб беради.

    Марказда кардиохирургия, нейрохирургия, ортопедия ва пластик хирургия, гемодиализ, умумий хирургия, онкология, офтальмология, ЛОР, педиатрия ва реанимация бўлимлари мавжуд.

    Тўрт қаватли даволаш қисми 280 ўринга эга, поликлиникада кунига 250 нафаргача бемор қабул қилинади. Марказ МРТ, МСКТ, ПEТ, циклотрон, гамма камера, ДНК анализатори ҳамда танада онкологик касалликларнинг юзага келаётганини олдиндан аниқлайдиган замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Янги муассасада йилига 1500 дан ортиқ мураккаб ва ноёб тиббий амалиётларни амалга ошириш мумкин.

    Жарроҳлик амалиёти ускуналарига махсус камера ўрнатилган бўлиб, ушбу жараённи бошқа шифохона ва олий таълим муассасалари вакиллари онлайн тарзда кузатиб бориши мумкин. Бундан ташқари телемедицина воситасида узоқ ҳудуддаги бемор болаларга ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд.

    Марказда замонавий рақамли технологиялар воситасида «Ақлли шифохона» тизими яратилган. Ахборот коммуникация технологиялари ёрдамида беморлар масофадан туриб мониторинг қилинади. Кореянинг Пусан университети ва Андижон, Самарқанд ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари ўртасида ўзаро маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилган. Шунингдек, босқичма-босқич таълим олиш, малака ошириш ва масофавий телемедицина амалиёти татбиқ этилмоқда. Жорий йилнинг 16 ноябрида Кореядан келган мутахассислар билан биргаликда ана шу тизим воситасида биринчи бор операция ўтказилди ва унда вилоятлар шифокорлари ҳам иштирок этди.

    — Инновацион ривожланишнинг кейинги босқичи — ҳудудий марказларнинг реанимация бўлимларида даволанаётган беморларни онлайн тарзда доимий назорат қилиш тизимини йўлга қўйишдан иборат, — деди марказ директори Мурод Жаъфаров. — Бунда шифокор масофадан туриб HIS (шифохона ахборот тизими)га уланган тизим асосида реанимация хонасидаги беморни ҳам назорат қилади, ҳам муолажа олиб боради. Зарурат туғилганда телемедицина воситасида хорижлик мутахассисларни ҳам жалб этиш мумкин.

    Давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида: «Инсон саломатлиги учун ўзини масъул ва жавобгар деб ҳисоблайдиган ҳар бир тиббиёт ходими билим ва малакасини доимий ошириб бориши, янги технологиялар ва даволаш усулларини ҳар томонлама пухта эгаллаши энг ўткир масалага, ҳаётий заруратга айланмоқда», дея таъкидлаб ўтди. Дарҳақиқат, тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган мутахассис учун малака ошириш энг муҳим амалиёт саналади. Чунки мутахассис айни шу жараёнда соҳага доир илмий ва амалий янгиликлар, жаҳон тиббиётида қўлланилаётган тажрибалар, замонавий тиббий техника ва технологиялардан хабардор бўлади.

    Марказда икки йўналишда — ички ва ташқи ресурслар асосида малака ошириш тизими йўлга қўйилган. Ички ресурслар асосида ҳар ойда 2-3 та ҳудудий марказга борилиб, у ердаги шифокорлар билан «маҳорат дарси» ўтилади. Шунингдек, ҳудудий марказларнинг шифокор ва ҳамширалари режа асосида марказга таклиф этилади, кореялик ва пойтахтлик мутахассислар ёрдамида ўз тажриба ва маҳоратларини оширади.

    Марказда замонавий технологиялар воситасида ўтказиладиган ҳар бир операция жараёнини вилоят шифокорлари телемедицина орқали кузатиб бориш имконига эга. Ташқи ресурслар асосида бўладиган малака ошириш жараёнида эса хорижлик профессор-амалиётчилар мастер-класс операцияларини ўтказади ва у онлайн тарзда ҳудуд марказларига узатилади.

    Хорижлик амалиётчи шифокорларнинг бевосита ҳудудларга чиқиб тажриба алмашиши, ҳудудий марказлар ходимларининг маҳаллий ҳокимликлар кўмагида хорижда малака оширишига имконият яратиш, халқаро стандартларни ҳудудий марказларда жорий этиш режалаштирилган.

    2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда генетик омилларни ҳисобга олган ҳолда эрта ташхис қўйиш, прогнозлаш ва даволашнинг янги персоналлашган технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича амалий ишлар бошланади.

    — Зиммамизга болалар гематологияси ва онкологияси масаласида ҳам бир қатор вазифалар юкланган, — деди Мурод Жаъфаров. — Марказимизда умумлаштирилган болалар гематология-онкология бўлими мавжуд. Шу сабабли ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида ҳам шундай бўлимлар ташкил этилади. Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошида эса «Болалар гематология ва онкологияси» курсини ташкил қилиш кўзда тутилган.

    Марказ базасида ташкил этилган ахборот-ресурс марказида дунёнинг 5000 дан ортиқ энг машҳур тиббиёт журналларига обуна бўлдик. Ёнсей университети ва ТошПТИ билан ҳамкорликда 2021-2024 йилларга режалаштирилган «Тиббиётда кадрлар тайёргарлигини яхшилаш» йўналишидаги грант лойиҳасида иштирок этамиз.

    Тиббиёт соҳасида касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган афзал, деган ибора бор. Шу боис марказда болалар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, марказ ходимлари шу йилдан бошлаб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг «Соғлиқни сақлашга кўмаклашувчи мактаблар» дастурини Тошкент шаҳри ва 3 та вилоятда мактаб ўқувчилари орасида тажриба тариқасида жорий этиш жараёнида иштирок этади. Марказ ҳудудида футбол ва волейбол ўйингоҳлари ташкил этилган. Кейинги йилдан бошлаб грант маблағлари ҳисобидан соғломлаштириш заллари фаолият юритади. Ушбу мақсадлар учун Кореянинг KOFIH ташкилоти биринчи босқичда 50 минг АҚШ долларидан зиёд миқдорда грант маблағи ажратиши режалаштирилган.

    Рисолат МАДИЕВА,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates