«Овоза» информацион дастурида айтилишича, муқаддам судланган андижонлик икки йигит ўзаро жиноий тил бириктириб, Андижон ва Жиззах вилоятларидаги мактаб ва тиббиёт муассасаларига бориб, ишчи-ходимларга муддатли тўлов эвазига идиш-товоқ сотиш билан шуғулланиб келишган.
Бироқ уларнинг асл нияти бошқа бўлиб, улар арзимаган пул эвазига идиш-товоқ сотиш ортидан одамларни чув тушириб уларнинг номига онлайн кредит расмийлаштириб келишган.
Хабарда айтилишича, уларнинг фирибгарликлари ортидан одамлар 5 млн сўмдан 80 млн сўмгача банклардан қарздор бўлиб қолишган.
«Қарзларинг йўқми, дейишди. Биз йўқ, дедик. Кейин улар «маълумотларингизни текшириб кўрай, агар банклардан ҳақиқатда қарзингиз бўлмаса, кейин сизга маҳсулотимизни муддатли тўловга бериб кетамиз», дейишди. Бундан ташқари, улар баъзи жойларда пул учун борганимизда одамлар маҳсулотимизни олганидан тоняпти, шунинг учун расмга оламиз, дейишди. Биз расмга тушиб бердик...
Кейин, аниқроғи 5 ойдан кейин номимга кредит олинганини билдим. Ҳозир шу кредит деб қўйилган қарздорлик 28 млн сўмдан ошди», – дейди жабрланувчилардан бири.
Судда етказилган зарар «кредит фирибгарлари»дан солидар тартибда ундирилиши белгиланди.