Аждодлар тажрибаси – ёшлар мактаби: Наманганда “Уч авлод учрашуви” ўтказилди

    Жамиятимиздаги барча соҳаларда тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган “Уч авлод учрашувлари” маънавий-маърифий тадбирларини ўтказиш яхши анъанага айланди.

    Бундай учрашувларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, мулоқотларда иштирок этган ёшлар кекса авлод вакилларидан ҳаётий тажриба ўрганишса, бугунги соҳа фидойиларидан амалий кўникма ва тавсияларга эга бўлишади. Бу эса эртамиз эгаларининг истиқболида ғоят муҳим.

    Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллик байрами муносабати билан Наманган вилояти суди томонидан ўтказилган “Уч авлод учрашуви” ҳам кечаги, бугунги ва эртанги авлод вакилларини бирлаштирди.

    Умрини эл-юрт хизматига бахшида этган инсонларнинг хотираси абадий, қадри муқаддас. Улар гарчи орамизда бўлмасалар ҳам босиб ўтган умр йўллари, қолдирган эзгу амаллари кўплар учун ибрат мактабидир. Шу маънода тадбир аввалида турли йилларда суд идораларида фаолият олиб борган марҳум судьялар хотирланди. Улар хотирасига бағишланган видеоролик намойиш этилиб, ўтганлар ёдга олинди.

    Маънавий-маърифий тадбирда дастлаб Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоевнинг “Покланиш палласи” номли китоби тақдимоти ўтказилди. Мазкур китоб, унинг мазмун-моҳияти ҳақида вилоят суди судьяси Давлатмирза Камилов сўз юритиб, асарда судьянинг қонун талабларига риоя этиши, касбий масъулият мезонлари, маънавий юксалишга бўлган интилиши, ҳар бир ишни оқибатини ўйлаши лозимлиги, ҳалол ва пок бўлишига оид фикрлар жамланганини таъкидлаб ўтди.

    Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов, вилоят суди раиси Алишер Усманов сўзга чиқиб, суд фахрийси У. Мингбоевнинг шонли ҳаёт йўли, ибратли фаолияти ҳақида сўзлаб бердилар. Устознинг бой тажрибаси барча судьялар учун ибрат мактаби эканлигини алоҳида таъкидладилар.

    Устоз Убайдулла Мингбоев иштирокчилар билан самимий мулоқот қилар экан, судья ўз хатти-ҳаракатлари билан бошқаларга ўрнак бўлиши, шу орқали фуқароларда судга, судьяга нисбатан ҳурмат ҳиссини уйғота олиши лозимлигини алоҳида таъкидладилар. Шундан сўнг “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист”, суд фахрийси Убайдулла Мингбоевнинг дастхатлари туширилган “Покланиш палласи” китоби фахрий меҳмонларга топширилди.

    Устозларни эъзозлаб, уларга ҳурмат кўрсатиш эзгу ва хайрли иш. Шу маънода тадбирда Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси, “Ўзбекистондан хизмат кўрсатган юрист”, суд фахрийси Убайдулла Мингбоевга Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг ташаккурномаси топширилди.

    Уч авлод вакилларини бирлаштирган тадбир самимий, очиқ мулоқотлар тарзида ўтди. Кўп йиллар суд, прокуратура, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда фаолият олиб борган, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрийлар сўзга чиқиб, босиб ўтган ҳаёт йўллари, бой тажрибалари ҳақида ёшларга сўзлаб бердилар. Фаолиятлари давомида рўй берган эсда қоларли ва ибратли воқеаларни эсга олдилар.

    Суҳбат ва мулоқотларда мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор берилаётгани, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани ва бу судларни чинакам “Адолат қўрғони”га айланиши, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари, қонун устуворлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Тадбир бугунги кунда суд идораларида фаолият олиб бораётган ёшлар ва эртанги истиқболини айни соҳада кўришни истаётган талабаларнинг саволлари, фикр-мулоҳазалари билан янада қизғин ўтди.

    Эътибор ва эъзоз ҳар бир ходимни фаол ва ташаббускор бўлишга, ўз ишига янада масъулият билан ёндашишга ундайди. Шу нуқтаи-назардан учрашувда вилоят судларида кўп йиллар фаолият олиб борган фахрийлар, бугунги кунда одил судловни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган судьялар ва тизим ходимларидан бир гуруҳи Наманган вилояти ҳокими, вилоят прокуратураси, ички ишлар бошқармаси, адлия бошқармаси ҳамда вилоят касаба уюшмалари бирлашмасининг фахрий ёрлиқ ва совғалари билан тақдирландилар.

    Тадбирда шунингдек, вилоят судлари тарихига бағишлаб ёзилган “Мозийга бир назар...” номли китоб-альбом тақдимоти ҳам ўтказилди. Китоб муаллифи, манбашунос-журналист Раҳимжон Ирисов мазкур солнома ҳақида гапириб, унда келтирилган тарихий манбалар ва шахсларнинг суд тизимидаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталди.

    Ҳаётнинг баланд-пастини, аччиқ-чучугини кўрган кексаларнинг ҳар бири ўзи бир дорилфунун. Уларнинг тажрибасига, йўл-йўриғига суянган одам ҳеч қачон қоқилмайди. Вилоят суди томонидан ўтказилган “Уч авлод учрашуви”да ҳам ёшлар ана шундай кўпни кўрган инсонлар билан мулоқотда бўлиб, ҳаётий тажрибаларидан ибрат олдилар.

    Баҳодир Мўминов,

    Наманган вилояти суди матбуот котиби

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates