Учрашув давомида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.
Парламентлараро ҳамкорлик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хавфсизликни таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, гендер тенгликни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини, шу жумладан, Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти минтақавий платформаси доирасида ҳам кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистоннинг GSP+ дастурига киритилгани доирасида инсон ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, атроф муҳитни, иқлимни муҳофаза қилиш ва самарали бошқарувни таъминлаш билан боғлиқ 27 та муҳим халқаро конвенцияни самарали амалга ошириш бўйича мажбуриятлар муҳокама қилинаётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу мажбуриятларнинг бажарилиши Европа Иттифоқи билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг халқаро бозорларга интеграциялашуви учун янги имкониятлар яратади.
Томонлар Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини муҳокама қилар экан барқарорлик ҳамда доимий ривожланишни таъминлаш учун минтақавий ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган режаларни амалга ошириш бўйича фаол мулоқот олиб бориш ҳамда биргаликда ишларни давом эттириш ҳақида келишувга эришилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.