Хусусан, Туркия савдо вазири ўринбосари Мустафа Тузжу, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири ўринбосари Аҳмед Багчи, Эксимбанк директори Али Гюней ҳамда Контролматик, Анадолу Гроуп, Акгüн Груп, Сам Япи, Фернас Гроуп, Коç, Металлургй, Ася Модерн Серачилик, Сарıкоç Ҳолдинг, Бактат Гида каби компаниялар раҳбарлари билан музокаралар бўлиб ўтди.
Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 1,3 баробарга ўсиб, 3 миллиард доллардан ошди. Икки давлат иқтисодиётларининг маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш ҳажмини сезиларли даражада ошириш имкониятларига эга эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилган ҳолда томонлар товар номенклатурасини кенгайтириш, электрон тижоратни кенг қўллаш, товарларга эркин кириш имкониятларини ошириш ва бошқа кўплаб чора-тадбирларни муҳокама қилдилар.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Туркиянинг қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва суғурта тизимини жорий этиш бўйича илғор тажрибасини ўрганиб, амалиётга жорий этади. Шунингдек, халқаро стандартларга мувофиқ ўзбек-турк селексия ва синов марказини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Корхоналар раҳбарлари билан ўтказилган музокараларда соғлиқни сақлаш, электр энергетикаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари, кимё маҳсулотлари ва минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳаларни амалга оширишга келишилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.