Суҳбат чоғида томонлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар барқарор ривожланиб бораётганини, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида фаол ҳамкорлик амалга оширилаётганини қайд этди. Олий даражада эришилган келишувларни бажаришга эътибор қаратилди, бу жараёнда парламентлар муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим ўрин тутадиган парламентлараро алоқаларни яна-да мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.
Савдо, иқтисодиёт, инвеститциялар, транспорт ва туризм каби устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар мазкур соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга, уларнинг бой тарихий-маданий мероси билан танишишга қаратилган қўшма маданий тадбирларни ўтказиш имкониятлари муҳокама қилингани учрашувнинг муҳим жиҳати бўлди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик яна-да мустаҳкамланишига, икки давлат халқлари манфаатлари йўлида белгиланган режалар фаол амалга оширилишига ишонч билдирилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.