Актам ҲАИТОВ: мақсад — халқимизнинг бугунгидан-да фаровон ва бахтли яшашини таъминлаш

    Давлатларнинг ташқи қарзи атрофида кўп баҳслар юради, турлича фикрлар учрайди. Гап шу ҳақда кетганида, аввало, айтиш мумкинки, ташқи қарзни қайсидир маънода давлатга бўлган “ишонч кредити”, деб ҳам тушунса бўлади. Зеро, қарз ёки инвестиция ҳамма давлатга ҳам берилавермаслиги кундек равшан.

    Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ва унинг таркиби бўйича расмий маълумотлар эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда, интернет саҳифаларида айрим фуқаролар томонидан вазиятни тўғри баҳоламасдан туриб, танқидий фикрлар билдирила бошланди. Аслида бу ҳам ижобий ҳолат. Чунки янгиланаётган Ўзбекистонда ҳар қандай соҳада очиқлик, шаффофлик алоҳида мезон сифатида белгиланган. Лекин давлат ва халқ манфаатлари билан боғлиқ масалаларда муносабат билдириш ёки хабар тарқатишдан олдин масалани атрофлича таҳлил қилиб, кейин фикр айтилса тўғри бўлади.

    Давлат ташқи қарзини муҳтожлик туфайли олинган оддий қарз маъносида тушунмаслик керак. Ташқи қарз аслида мақсадли кредитлар, сармоялар ва бошқа маблағларнинг мамлакат иқтисодиётига кириб келишини билдиради. Халқимизнинг фаровон ҳаётини ва барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш учун, аввало, инфратузилмани ривожлантириш талаб этилади. Аҳолининг яшаши, ишлаб чиқариш ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиши учун зарур бўлган энергетика, сув таъминоти, транспорт ва коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш учун катта микдордаги сармоялар талаб этилади.

    Ички имкониятлар чекланган ҳолатда давлат ташқи қарзи, асосан, инфратузилма, саноат ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига йўналтирилмоқда. Тушуниб олишимиз керакки, биринчидан, Ўзбекистоннинг ҳозирги кундаги ташқи қарзи миқдори жуда паст даражада, деб ҳисобланади. Иккинчидан, ташқи қарз хавотирга туширадиган сабаб эмас. Агар бу қарз нотўғри сарфланса ёки шаффоф бўлмаган жараёнлар орқали ўзлаштирилса, ана шундагина хавотир ўринли ва асосли бўлади.

    Кейинги йилларда Президентимиз раҳбарлигида халқимиз турмуши фаровонлиги йўлида жуда катта мақсад ва вазифаларни амалга оширишга киришдик. Инвестицияларни барқарор жалб этиш ҳам ана шу муҳим вазифалар сирасига киради. Биламиз, инвестиция ўз-ўзидан кириб келмайди. Бунинг учун мамлакатда инфратузилмани ривожлантириш зарур.

    Шу маънода, қарз олиб, уни ақл, илмга асосланиб, аниқ ҳисоб-китоблар билан сарфлаб, кейинчалик босқичма-босқич қайтариш жуда тўғри йўлдир. Пировард мақсад битта — халқимизнинг бугунгидан-да фаровон ва бахтли яшашини таъминлаш. Ўзбекистоннинг бизнес юритиш ҳамда инвестиция киритиш учун энг жозибадор мамлакатлар қаторидан ўрин олишини таъминлаш ҳам олдимизда турган энг муҳим вазифадир. Зеро, жаҳоннинг ривожланган давлатлари тажрибасига қарайдиган бўлсак ҳам мазкур амалиёт ўзини тўла оқлаган.

    Таъкидлаш лозимки, айни пайтда Ўзбекистоннинг ташқи қарз олиши масаласи муҳим. Чунки жалб қилинаётган давлат ташқи қарзлари энергетика, транспорт ва транспорт инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, кимё, таълим ҳамда соғлиқни сақлаш сингари муҳим ижтимоий-иқтисодий соҳаларга йўналтирилади. Агар четдан маблағ жалб этилмаса, ислоҳотларни давлат бюджетидан амалга оширишга тўғри келади.

    Шу нуқтаи назардан, ташқи қарзни, биринчи навбатда, давлат дастурларини ва давлат зиммасидаги ижтимоий вазифаларни молиялаштиришга йўналтириш мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, ташқи қарздан мақсадли ҳамда самарали фойдаланишда шаффофлик таъминлаш, бу борадаги ахборотлар кенг жамоатчиликка маълум қилинишини ҳам ижобий қадам сифатида баҳолаш зарур.

    Умуман олганда, ташқи қарзларни нуфузли халқаро молия ташкилотларининг мамлакатимизга бўлган ишончи, деб баҳолашимиз жоиз. Такрор бўлса-да таъкидлаш ўринлики, қарз ҳар қандай давлатга ҳам берилавермайди. Аввало, қарз олувчининг ишончлилиги, иқтисодий имкониятлари ва истиқболлари обдон ўрганилади. Мавжуд таҳлиллар, мамлакатимизнинг ички ресурс ҳамда имкониятларини, қолаверса, янги ислоҳотлар самарасидан келиб чиқиб, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, давлат ташқи қарзи борасида тушкунликка ёки хавотирга тушишга ҳеч қандай асос йўқ. Жараён аниқ таҳлил ва ҳисоб-китобларга таянган ҳолда олиб бориляпти.

    Актам ҲАИТОВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

    Спикери ўринбосари