Сенатда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ахборотлари эшитилди

    Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

    Унда Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва Покистон Ислом Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ушбу давлатлар билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «йўл хариталари» ижроси ҳолати тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.

    Тадбирда сенаторлар, маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

    Эшитувда асосий эътибор мамлакатимизнинг юқорида қайд этилган ҳамкор давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, республика экспорт салоҳиятини юксалтириш, «йўл хариталари»га киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишлар таҳлилига қаратилди.

    Бунда ҳар бир давлат бўйича лойиҳа ҳолати танқидий кўриб чиқилди ва мавжуд тўсиқ ёки муаммолар юзасидан мутасадди вазирлик, тармоқ ва ҳудудлар вакилларининг тушунтиришлари ҳамда таклифлари муҳокамалар марказида бўлди.

    Маълумки, эшитувга тайёргарлик жараёнида Сенат ишчи гуруҳи томонидан жойларда маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари иштирокида тегишли «йўл хариталарида»да белгиланган шартнома ва лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳолати ҳар томонлама холисона ўрганилган.

    Ўрганиш жараёнида эришилган ижобий натижалар билан биргаликда айрим муаммо ва камчиликлар ҳам аниқланган. Хусусан, қатор инвестиция лойиҳалар ижросида ҳанузгача ер майдонини ажратиш масалаларининг ҳал этилмаганлиги, хорижий ҳамкор билан келишувлардаги номутаносибликлар туфайли муддатлардаги асоссиз кечикишлар ва ҳатто тўхтаб қолиш ҳолатлари кузатилган.

    Мажлисда мазкур муаммоларга тегишли лойиҳалар кесимида Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Соғликни сақлаш вазирлиги, «Ўзкимёсаноат» АЖ, «Ўзелтехсаноат» уюшмаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Фарғона ва Наманган ҳамда Тошкент вилоятлари раҳбариятларининг эътибори қаратилди. Уларга тезкор равишда мазкур элчихоналаримиз билан биргаликда мавжуд камчиликларни бартараф этиш ёки муқобил лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш тавсия қилинди.

    Бундан ташқари, элчихоналарнинг ўзига бириктирилган ҳудудларда инвестицион лойиҳаларни илгари суриш ва иқтисодиёт тармоқлардаги фаолияти талабга жавоб бермаяпти. Бундай ҳолат БААдаги элчихона бўйича Наманган ва Хоразм вилоятларида, Покистондаги элчихонанинг Тошкент вилоятида ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги дипломатик ваколатхонанинг нефть ва газ қазиб олиш, нефтни қайта ишлаш, шунингдек, капитал бозорини ривожлантириш соҳасидаги илғор тажрибани ўрганиш бўйича фаолияти талаб даражасида эмаслиги қайд этилди.

    Сенаторлар томонидан олий даражадаги ташрифлар якуни бўйича эришилган келишувлар ва қабул қилинган «йўл хариталари»ининг ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди, устувор вазифаларга урғу берилди.

    Мажлис якуни бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates