Амир Темурнинг тарихий мероси – Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам таянчи

    Фикр 9 апрел 2024 125

    Буюк давлат арбоби, енгилмас лашкарбоши Амир Темур (1336–1405 йиллар) мўғуллар истибдодига барҳам бериб, Мовароуннаҳрда марказлашган қудратли давлатни барпо этди.

    Соҳибқирон ўз давлатининг асосини адолат мезонлари билан бойитди ва юксалтирди. Халқ фаровонлиги ва мамлакат ободончилиги йўлида тинимсиз меҳнат қилди ва ғамхўрлик кўрсатди. Унинг салтанатида аҳолининг барча қатламлари манфаатлари адолат тамойиллари асосида ишончли ҳимоя қилинди.

    Ана шу маънода Амир Темурнинг давлат ва жамият бошқарувидаги улкан тажрибаси, бой мероси ва шахсий адолатпарварлиги фақат ўз даври учунгина аҳамиятли бўлиб қолмасдан, бугунги кун учун ҳам ғоят муҳимдир. Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомиз Оқсарой пештоқига “Адолат – давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир” деган ҳикматли сўзларни ёздиргани бежиз эмас, албатта. Ушбу улуғвор ғоя инсон қадр-қимматини олий даражага кўтариш борасидаги амалий ҳаракатларимиз пойдеворига айланди”.

    Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритгач, Соҳибқироннинг тарихдаги буюк хизматларини холис, ҳаққоний эътироф этиш даври бошланди. Хусусан, Амир Темур ҳаёти ва даврига оид ўндан ортиқ фармонлар, Вазирлар Маҳкамасининг йигирмадан ортиқ қарорлари қабул қилинди. Зеро, тарихда Иккинчи уйғониш даври деб аталган бу даврда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маърифий ҳаётнинг барча жабҳаларида жиддий тарихий бурилиш, юксалишлар рўй берди.

    Соҳибқироннинг ҳукмдорлик давридаги маданий ва маънавий ҳаётининг таҳлили шундан далолат берадики, илм-маърифат соҳибларига кўрсатилган юксак эътибор, хайрихоҳлик давлат ва жамият тараққиётидаги барқарорликни таъминлашда муҳим роль ўйнаган. Олимлар ва сиёсатчиларнинг турли вақтларда яратилган асарларида Амир Темурнинг бу соҳадаги фаолиятига холисона баҳо берилган.

    Амир Темур давлат бошқарувининг энг олий мақоми қилиб қурултойни белгилагани ҳам эътиборга моликдир. Бу нуфузли машварат ҳозирги даврдаги конгресс, ассамблея, олий мажлис каби тушунчаларга тўғри келади. Фикримизча, бошқарувнинг айнан шундай тарзини жорий этишда, давлат ва жамият ҳаётини адолат билан тартибга солишда, халқнинг фаровонлигини юксалтиришда, илм-фан ва маданият ривож топишида, айниқса, “Темур тузуклари”нинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

    Мазкур ноёб асарда Соҳибқирон адолатнинг ҳимоячиси, тажрибали саркарда, омилкор давлат арбоби сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлади. Шунингдек, унда Амир Темур давлатининг қўшни мамлакатлар билан олиб борган иқтисодий, маданий, сиёсий муносабатлари тарихи ўз ифодасини топган.

    Собиқ мустабид тузум даврида “Темур тузуклари”ни кенг жамоатчиликка етказиш ва илмий муомалага олиб киришда академик И.Мўминовнинг хизматларини алоҳида эътироф этиш жоиздир. 1968 йилда И.Мўминов томонидан “Темур тузуклари”нинг Н.Остроумов нашри (1894) факсимилеси нашрдан чиқарилди. 1967 йилда эса Алихонтўра Соғуний томонидан асарнинг ўзбек тилига таржимаси амалга оширилиб, “Гулистон” журналида чоп этилиши ўз даври учун жуда катта жасорат эди. Амир Темурнинг қудратли давлатни барпо этиш ва мустаҳкамлаш борасида олиб борган улкан ишлари бир вақтнинг ўзида улкан минтақада тинчлик ва адолатни таъминлашда шунингдек, халқаро муносабатларни юксалтиришда долзарб ҳисса бўлиб қўшилди.

    “Темур тузуклари”да муаллиф зукко сиёсатчи ва йирик давлат арбоби, моҳир дипломат сифатида ўз давлатининг тузилишини, унинг қай тарзда бошқарилиши кераклигини баён этади, мансабдорларнинг ҳуқуқ ва бурчларини белгилаб беради. Асарда ёзилишича, ҳар бир ҳукмдор ўз давлатининг таянчи бўлган ижтимоий-сиёсий гуруҳларга суянган ҳолда иш олиб бориши лозим. Фақат уларнинг ёрдамида раият, қўшинлар ва давлатни идора қилиш самара беради. Китобда бу борада, жумладан, шундай дейилади: “Салтанатим ишларини тартиб-интизомга солиб, салтанатим мартабасига тўра ва тузук билан зебу зийнат бердим. Салтанатимни ўн икки тоифадаги кишилар билан мустаҳкамладим. Салтанатим мартабаси бўлмиш тўра-тузуклар ва қонун-қоидаларни ҳам шу ўн икки тоифага боғлаб туздим. Бу ўн икки тоифани салтанатим фалакининг ўн икки буржи ва давлатим корхонасининг ўн икки ойи деб ҳисобладим”. Бу гуруҳларни қуйидаги ўн икки тоифа ташкил этган: саййидлар, уламо, шайхлар ва фозиллар; ақлли кишилар ва кенгаш соҳиблари, эҳтиёткор, қатьиятли арбоблар; дуогўй кишилар; амирлар, сарҳанглар, сипоҳсолорлар; сипоҳ ва раият; ишончли, тўғри эътиқодли оқил кишилар; вазирлар, девон котиблари ва муншийлар; ҳакимлар, табиблар, мунажжимлар ва муҳандислар; муҳаддислар, пайғамбарлар, унинг авлодлари ва саҳобалари ҳақида ривоятлар нақл қилувчилар; машохийлар, сўфийлар; касбу ҳунар эгалари; ҳар мамлакат ва диёр саёҳатчилари ва мусофирлар, савдогарлар.

    Бугунги янгиланаётган Ўзбекистонимизда Президентимизнинг тинимсиз саъй-ҳаракатлари билан ўзини ўзи иш билан банд қилишни истайдиган, ҳалол меҳнат эвазига ҳам ўзи, оиласи ва яқинларига, ҳам давлат ва жамият ривожига ҳисса қўшмоқни чин дилдан истайдиган фуқароларга жуда кўп имконият ва шарт-шароитлар яратилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шуниси эътиборлики, айни шу хилдаги савобли ва самарали муносабатни биз “Темур тузуклари”да ҳам учратамиз. Масалан, асарда раиятдан мол-хирож олиш масаласида шундай дейилади: ”Амр қилдимки, ҳосил пишиб етилмасдан бурун раиятдан молу жиҳот олинмасин. Ҳосил етилишига қараб, солиқни учга бўлиб олсинлар. Агар раият солиқ тўпловчи юбормасдан, солиқни ўзи келтириб берса, у ҳолда у ерга солиқ тўпловчи юбормасинлар. Агарда олиқ-солиқ олувчини юборишга мажбур бўлсалар, улар солиқларни буйруқ бериш ва яхши сўз билан олсинлар; калтак, арқон ишлатиб, ишни уриш-сўкишгача олиб бормасинлар. Уларни боғлаб, занжир билан кишанламасинлар”.

    Бугун мамлакатимизда муомаладан чиқиб кетган қишлоқ хўжалик ерларини қайта муомалага киритиш, бунинг учун эса айни фаолият билан шуғулланиш истагида бўлган меҳнаткашларга қатор енгилликлар, имтиёзлар бериш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўз даврида Амир Темур ҳам қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштирганларни алоҳида рағбатлантирган, бундай ишга қўл урганларга катта имтиёзлар берган. Бу ҳақда “Темур тузуклари”да қуйидагича баён этилади: “Яна амр этдимки, кимки бирон саҳрони обод қилса ёки кориз қурса, ё боғ кўкартирса, ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили эса қонун-қоидага мувофиқ хирож йиғсинлар”.

    Ўзлаштирилмай қаровсиз ётган ерларни ҳосилдор ерларга айлантириш шарт-шароитлари ҳақидаги кўрсатмалар ҳам диққатга сазовордир: “Хароб бўлиб ётган ерлар эгасиз бўлса, холиса (давлат ерларини бошқарувчи маҳкама) тарафидан обод қилинсин. Агар эгаси бўлса-ю лекин обод қилишга қурби етмаса, унга турли асбоблар ва керакли нарсалар берсинлар, токи у ўз ерини обод қилиб олсин. Яна амр қилдимки, хароб бўлиб ётган ерларда коризлар қурсинлар, бузилган кўприкларни тузатсинлар, ариқлар ва дарёлар устига кўприклар қурсинлар, йўл устида, ҳар бир манзилгоҳга работлар бунёд этсинлар”.

    Бугунги кунда ўз бизнесини бошламоқчи бўлган, бироқ ҳозирча етарли маблағга эга бўлмаган минглаб ёшларга керакли анжомлар, зарур техника ва технологияларни сотиб олиш учун қайтарилмайдиган молиявий ёрдам – субсидиялар ажратиш мавжудлигини гувоҳ бўламиз.

    Шуни айтиш керакки, Амир Темур давлатида олиқ-солиқларнинг муайян аниқ тартиби белгиланган бўлиб, муҳосиллар (солиқ йиғувчилар)нинг фаолияти устидан қатъий назорат ўрнатилган. “Амр этдимки, – дейилади “Темур тузуклари”да, – раиятдан мол-хирож йиғишда уларни оғир аҳволга солишдан ёки мамлакатни қашшоқликка тушириб қўйишдан сақланиш керак. Негаки, раиятни хонавайрон қилиш давлат хазинасининг камбағаллашувига олиб келади. Хазинанинг камайиб қолиши эса, сипоҳнинг тарқалиб кетишига сабаб бўлади. Сипоҳнинг тарқоқлиги, ўз навбатида, салтанатнинг кучсизланишига олиб боради”.

    Маълумки, Соҳибқирон томонидан тузилган энг қудратли ва интизомли армия Ватанга, қолаверса, халққа садоқат билан хизмат қилишда, шунингдек, ҳар қандай тўсиқларни мардонавор енгиб ўтишда муҳим омил бўлиб хизмат қилган. Қолаверса, Амир Темур барпо этган буюк салтанат, таъкидланганидек, дунё халқлари ҳаётида, уларнинг ўзаро ҳамжиҳатлик асосида юксалишида муҳим роль ўйнаган. Амир Темурнинг йирик марказлашган давлат тузиши жараёнида дунё илм-фани, адабиёт ва санъати, ҳунармандчилик ва меъморчилиги жидий равнақ топди. Мамлакат ва пойтахт Самарқанднинг ободончилиги йўлида маҳаллий ҳамда чет мамлакатлардан кўплаб фан ва санъат аҳллари, ҳунарманд меъморлар, мусаввирлар жалб қилинди. Самарқанд дунёнинг маданий-маърифий, илмий марказларидан бирига айланган ва дунёга маълуму машҳур бўлди. Ўшандан буён Самарқанд шаҳри дунё халқларнинг цивилизациясида ўзининг бетакрор ўрни билан алоҳида аҳамият касб этиб келмоқда.

    Самарқандда қуролсозлик устахоналари, совутсозлар маҳалласи бўлган, мис ва жездан буюмлар ва мис чақалар зарб қилинган. Мисгар ва чилангарлар металларни тоблаш, қуйиш, сиртига нақш солиш, олтин ва кумуш суви юритиш каби мураккаб ишларни бажаришган. Масалан, Бибихоним масжиди эшиклари етти хил маъдан қотишмасидан тайёрланган. Заргарлар олтин, кумуш ва жез қотишмаларидан нафис зеб-зийнат буюмлари ясаганлар. Олтин ва кумуш гардишли, қимматбаҳо тошлар қадалган идишлар сиртига нақш ва ёзувлар билан безатилган.

    Самарқандда шишасозлик ривожланиб, турли идиш ва буюмлар ясалган. Қурилишда рангли ойналардан кенг фойдаланилган. Ёғочдан нақшин ўймакор бинолар қурилиб, буюм ва жиҳозлар ясалган. Самарқанд қоғози ҳатто хорижий давлатларда машҳур бўлган. Бу даврда ҳунармандчилик моллари ишлаб чиқарадиган корхона бошлиғи “уста”, шогирдлар “халфа” деб аталган. Ҳунармандлар шаҳарнинг маданиятли табақасига мансуб бўлган. Амир Темур даврида савдо расталари, бозорлар ва йўллар қурдирилган, карвонсаройлар кўпайган. Айниқса, Самарқанд ва Бухорода бозор, чорсу, тим, тоқ каби савдо ҳунармандчилик иншоотлари қад ростлаган. Шаҳар бўйлаб ўтган кўчанинг икки томонига дўконлар жойлашган. Самарқанд ва Бухоро савдо майдонларининг кенглиги ва ихтисослаштирилган бозорларга эгалиги билан ажралиб турган. Бозор савдо маркази ва ҳунармандчилик ишлаб чиқариш жойи эди. Шунингдек, бозорларда қўлёзмалар, китоблар, ёзув қоғози сотилган, ариза ёки мактуб ёзувчи мирзалар хизмат кўрсатишган.

    Савдо растаси унда сотилувчи товар номи билан аталган. Бозорларда адабиёт, шеърият, илм-фан ҳақида суҳбатлар бўлган, фармонлар эълон қилинган ва айбдорлар жазоланган. Бозорларда турли томошалар кўрсатилган, масжид, мадраса, ҳаммом бозорга яқин жойда қурилган. Темурийлар даврида карвон йўлларида элчилар, чопарлар ва савдо карвонлари учун дам олиш, отлар алмаштириш жойлари қурилган.

    ХIV–ХV аср охирларида Мовароуннаҳр кўп мамлакатлар билан ижтимоий-иқтисодий баъзан сиёсий ва ҳарбий аҳамиятга эга бўлган карвон йўллари билан боғлаган. Бу йўллар давлатларнинг ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга имконият яратган. Амир Темур давлати Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Волга бўйи, Сибир билан мунтазам савдо-сотиқ алоқалари олиб борган.

    Бу даврда диний иншоотлар, ҳукмдор саройлари, аслзодаларнинг қароргоҳлари кўплаб қурилган. Амир Темурнинг Ҳиндистонга юришидан сўнг (1399 йил) Самарқандда жоме масжиди қурилган. Унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси ва мақбара бунёд этилди. Амир Темур Туркистон шаҳрида Аҳмад Яссавий мақбарасини, Бухорода Чашмаи Аюб (1380 йил) ёдгорлигини, Шаҳрисабзда зиёрат ва дафн маросимлари учун “Ҳазира”, “Дор ус-Сиёзат” (1389–1400 йиллар) хилхонасини қурдирган. Шунингдек, шаҳар ташқарисида Амир Темур Боғи Чинор, Боғи Шимол, Боғи Дилкушо, Боғи Беҳишт, Боғи Нав каби ўнлаб ажойиб боғлар барпо этди. Темурийлар даврида қурилган саройлар икки хил бўлган. Биринчиси маъмурий-сиёсий мақсадда бўлиб, қалъа ёки шаҳар ичида қурилган. Иккинчиси шаҳар ташқарисидаги боғларда, қароргоҳларда қабул маросимлари, мажлислар ўтказиладиган ва ҳордиқ чиқариладиган жой сифатида қурилган. Амир Темур даврида қурилган Ширинбека, Бибихоним, Туман оғо обидаларида наққошлик ва ҳаттотлик билан бирга тасвирий лавҳалар ҳам мавжуддир. Ширинбека оғо мақбарасида тасвир кўк рангларда, қолган ички бино деворларида оқ ва мовий рангдаги табиат манзаралари тасвирланади. Ҳаттотлик санъати тараққиётига ХV асрда анъанавий нақш, куфий, деворий хатлар билан бирга пештоқларни безовчи тезкор-настаълиқ ноёб қўлёзма асарлар кўчириладиган махсус устахоналарнинг вужудга келиши китобат санъатининг равнақига ижобий таъсир кўрсатди. Амир Темур даврида Самарқандда миниатюра рассомчилик мактаби ташкил топди. Миниатюра рассомчилигининг тараққиёти адабиётнинг ривожи билан боғлиқ бўлган. Мусаввирлар Фирдавсий, Низомий, Деҳлавий, сўнгра Жомий ва Навоий асарларига суратлар ишлаган. Темурийлар даврида миниатюра санъатида жанг тасвирларига эътибор кучайган. Жумладан, “Зафарнома” ва “Темурнома” асарларида жанг лавҳалари тасвирланган.

    Хулоса қилиб айтганда, аввало, ушбу давр маданияти ва маьнавий ҳаёти Соҳибқирон Амир Темур томонидан барпо этилган кучли давлатчилик тамойиллари асосида шаклланган ижтимоий-иқтисодий тараққиёт билан бевосита боғлиқ бўлган. Амир Темур томонидан марказлашган қудратли давлатнинг барпо этилганлиги, мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, маданий тараққиётига ижобий таъсир кўрсатди. Мамлакатимизда 1996 йил “Амир Темур йили” деб эълон қилинди. Амир Темурнинг инсоният тарихидаги буюк хизматлари ЮНЕСКО томонидан эътироф этилди ва 1996 йилнинг 22–24 апрель кунлари Франция давлатининг пойтахти Париж шаҳрида Амир Темурнинг халқаро миқёсда 660 йиллик юбилей тантаналари кенг нишонланди. Бу эса Соҳибқироннинг инсоният тарихидаги улкан хизматларига кўрсатилган юксак эҳтиромдан далолат эди. Дарҳақиқат, Соҳибқирон Амир Темурнинг беқиёс даражадаги бой маданий ва маънавий мероси умумбашарият тараққиётига қўшилган бебаҳо ҳисса бўлиб, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишимизда мустаҳкам пойдевор вазифасини ўташи шак-шубҳасиздир.

    Ҳакимали Азимов,

    Тошкент давлат юридик университети профессори

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates