Андижон вилоятида туризмни ривожлантиришда Мингтепа археология меросининг ўрни

    “Мингтепадек буюк тарихимизни ёритувчи, исботловчи масканларимиз бор экан, биз бошқалар олдида бошимизни кўтариб юришимиз керак. Албатта бундай буюк ўтмишимиз ҳақида аввало ўзимиз ёшларимиз ичида кенг тарғиб қилишимиз керак”, — Шавкат Мирзиёев.

    Туризм соҳаси бугунги кунда жадал ривожланиб бораётган соҳалардан биридир. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, Президентимиз ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу соҳа учун қабул қилинаётган қатор қарор ва фармонлар туризмни ривожлантириш ва кенгайтириш имкониятларини яратмоқда. Ўзбекистон Президентининг “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2017-йил 16-августдаги ПК-3217-сонли қарори, 2019-йил 18-июлда қабул қилинган “Туризм тўғрисида”ги ЎРҚ-549-сонли қонун ва бошқа бир қанча қонун ва фармонлар туризм соҳасида янги тушунчалар киритди ва бу соҳада давлат сиёсатининг принсиплари ва йўналишлари белгиланди. “Ўзбекистон – 2030» Cтратегиясида Ўзбекистонда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш орқали сайёҳлар сонини ошириш вазифаси қўйилган. Электрон виза олишга имкониятлар яратилди. Қўшимча “Ватандош”, “Талаба”, “ Академик”, “Зиёратчи”, “Тиббиёт” виза турлари жорий этилди .

    Ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим омилларидан бири ички туризмни жадал ривожлантириш, халқимизни юртимиздаги тарихий-маданий меросларини ва табиий бойликлари билан таништириш мақсадида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастур асосида ватанимизда мавжуд бўлган туристик масканларга қизиқиш ва эътибор кучайди.

    Ўзбекистонда туризм соҳасини инновацион ривожлантириш мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлашга, бақувват туристик тармоқ яратишга, аҳоли турмуш даражасини оширишга, тарихий ва маданий ёдгорликларни сақлаб қолишга, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти даражасини ва жамиятнинг маънавий салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Бу эса Республикамизнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга ва аҳолининг бандлигини таъминлашга имкон яратади.

    Туризм соҳасини ривожлантиришда сайёҳларни ўзига жалб эта оладиган, қизиқтира оладиган муҳим объектлар бўлиши лозим. Юртимизнинг турли жойларида туризмни турли йўналишларини ривожлантириш имкониятлари мавжуд. Жумладан, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида тарих туризми йўналиши ривожланган бўлса, Жиззах, Сурхондарё, Наманган ва Сирдарё вилоятларида эко ва тиббиёт туризми шаклланган.

    Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, Андижон вилояти ҳам ўзига хос жиҳатлари билан туризмнинг турли йўналишлари ташкил топаётган ва ривожланаётган вилоятлар сафига қўшилмоқда. Хонобод шаҳри, Хўжаобод, Булоқбоши туманларида туризмни ривожлантириш учун бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, вилоятда тарих ва зиёрат туризми соҳалари ривожланмоқда. Маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг эътиборини жалб қилаётган ва қизиқишларига сабаб бўлаётган масканлардан бири – тарих туризми учун хизмат қилувчи Мингтепа археология ёдгорлигидир. Ҳозирги кунда жадал ривожланиб бораётган туризм соҳаси учун Мингтепа археология ёдгорлиги ҳам ўзининг қадимийлиги, бетакрорлиги, тарихий аҳамияти билан сайёҳлар эътиборини жалб қилиб, туризмнинг қайноқ нуқтасига айлана олади.

    Андижон вилоятида жойлашган Мингтепа археология ёдгорлиги ҳам ватанимиз тарихини бойитувчи, дунё тамаддунининг бешикларидан бири, шу билан бирга тарих туризмини ривожлантириш учун қайноқ нуқтага айлана оладиган жой дея эътироф этилаётган муқаддас масканлардан ҳисобланади. Шунингдек, ушбу тарихий шаҳар Буюк ипак йўлининг “Қашқар-Фарғона” йўналишида жойлашган бўлиб, узоқ вақт Шарқ ва Ғарб давлатларини савдо, иқтисодий, маънавий ва сиёсий жиҳатдан боғлаб турувчи кўприк вазифасини ўтаганлиги билан ҳам муҳимдир.

    Мингтепа тарихий манбаларда ёритилишича, қадимий Фарғона (Даван, Дай-юан) давлатининг пойтахти бўлган. Хитой ёзма манбаларида тилга олинган, Буюк ипак йўлида жойлашган бу маҳобатли шаҳар ўзининг ҳунармандчилиги, деҳқончилиги ва “самовий тулпорлари” билан дунёга машҳур бўлган. Бу шаҳар харобаси ички ва ташқи шаҳар қисмларидан иборат бўлиб, ички қисм тахминан 41 гектар, ташқи шаҳар қисми 272 гектар майдонни эгаллаган антик давр ёдгорликларидан биридир. Мингтепа шаҳар харобаси машҳур археолог олимлар А.Н. Бернштам, Ю.А. Заднепровский, Б.Х. Матбобоевларнинг изланишлари натижасида олинган хулосаларига биноан, қадимги Фарғона (Даван) давлатининг пойтахти Эрши шаҳри эканлиги аниқланди. 2012-йилдан буён тарих фанлари доктори, профессор Боқижон Матбобоев раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Самарқанд Археология институти ҳамда Хитой Халқ Республикаси Ижтимоий Фанлар академияси Археология институти археолог олимлари ҳамкорликда археологик дала тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар. Натижада қадимий шаҳардан жуда қимматли аҳамиятга эга топилмалар, моддий ашёлар топилди. Бу топилмалар сайёҳларнинг қизиқишларини ва эътиборини жалб қила оладиган ноёб манбалардир.

    Шу ўринда таъкидлаш жоизки, туризм фаолиятини юксалтириш учун, аввало, Мингтепадаги тарихий масканлар, зиёратгоҳлар ва ёдгорликларни сақлаш, ободонлаштириш, бой маданий меросини тиклаш учун нафақат ҳукумат даражасида, балки, фуқаролар эътиборини ҳам тортишимиз даркор. Мингтепа ёдгорлиги ва туманда мавжуд бўлган тарихий зиёратгоҳларнинг аҳамиятини кенг оммага тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш орқали аҳолида, айниқса, ёшларимизда ғурур, фахр ва дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, ушбу масканларни ободонлаштириб, туризм фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш ишлари амалга оширилмоқда.

    Мингтепа археология ёдгорлиги асосида туризмни ривожлантириш борасида бир қанча ишлар бошлаб юборилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 29-декабрдаги 1059-сон “Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги “Мингтепа” археология мероси объектини муҳофаза қилиш, тадқиқ этиш ва ундан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги қарорлари чиқиши ҳам бу муқаддас масканда Ўзбекистонимизнинг буюк қадимий тарихини, довруғини дунёга намоён эта оладиган ёдгорлик мавжудлигидан далолат беради. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев 2019-йил 16-май куни Андижон вилоятига ташрифи давомида мақола муаллифи томонидан юртбошимизга тақдим этилган “Мингтепа археология ёдгорлигини ободонлаштириш, унинг базасида туризмни ташкил этиш ва ривожлантириш” лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

    Тошкент шаҳрида 2019-йил 22-январ куни Ўзбекистон Давлат тарихи музейида “Чангандан Вандугача” деб номланган кўргазма ташкил этилди. Кўргазмадан мақсад Хитойнинг қадим Буюк ипак йўлида жойлашган шаҳри Чангандан Мингтепагача бўлган тарихий жойлардан топилган қадимий ашёларни намойиш этишдан иборат бўлди. Ушбу кўргазма очилишида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги мухтор элчиси Сзян Ян хоним, ўзбек ва хитой тарихчи олимлари, зиёлилари иштирок этдилар. Хитой элчиси: “Мингтепа ёдгорлиги замирида ташкил этилган ушбу кўргазма икки давлат ўртасида маданий ва маънавий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, деб юқори баҳо берди.

    Бундан ташқари “Мингтепа-маданий мерос” жамоат фонди томонидан Мингтепада туризмни ривожлантириш борасида кўплаб тадбирлар ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, “18-апрел-Ёдгорликлар ва тарихий жойларни асраш халқаро куни”га бағишланган тадбирлар анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.

    Мақола муаллифи томонидан “Мингтепанинг Ўзбекистон тарихида тутган ўрни” мавзусида тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, ПҳД илмий иши ҳимоя қилинди. Ушбу илмий изланишда ҳам Мингтепанинг туризмни ривожланишдаги ўрни масаласи ўрганилиб, таҳлил қилинди.

    Мингтепа тарихий ёдгорлиги нафақат маҳаллий сайёҳларни балки чет эллик туристларнинг ҳам катта қизиқишларига сабаб бўлаётган маскандир. Ташриф буюрувчилар орасида Хитой, Япония, АҚШ, Италия, Жанубий Корея ва МДҲ давлатларидан келган сайёҳларнинг борлиги биз учун фахрлидир. Айниқса, Америка Қўшма Штатлари элчиси Памелла Спратлен хонимнинг Мингтепага ташрифидан сўнг «Ўзбекистон-24» каналига берган интервюсида Мингтепа ҳақидаги фикрлари жуда ҳайратланарли: «Ҳар қандай ерда туризмни ривожлантириш учун бир омил алоҳида назарда тутилиши лозим: сайёҳ учун мамлакатнинг ўзи қизиқарли бўлиши керак. Ўзбекистон ана шундай қизиқарли давлатлар сирасига киради. Самарқанд, Бухоро каби тарихий шаҳарлар ҳақида кўпчилик тасаввурга эга. Қадимий шаҳарларда ташриф буюрувчи сайёҳларга яратилаётган шароитлар ҳам ўсиб бормоқда. Аммо, мен кўпроқ чет элда машҳур бўлмаган шаҳарлари ҳақида гапиришни истардим. Масалан, Фарғона водийсидаги Мингтепа манзилгоҳини яқиндан томоша қилдим. Шубҳасиз, бу ҳам сайёҳларни жуда қизиқтиради».

    Бундан ташқари, Марҳамат туманининг ўзида туризм учун хизмат қила оладиган 70 га яқин масканлар мавжуд. Улар сирасига 10 дан ортиқ зиёратгоҳ, 30 дан ортиқ шифобахш булоқлар, ўнлаб тарихий ва замонавий масканлар бор. Улар орасида Мингтепа археология ёдгорлиги энг маҳобатлилиги ва улуғворлиги билан ажралиб туради. Шунингдек, Марҳамат туманида ўзининг бетакрор табиати, табиий ландшафти, шифобахш ҳаво оқими, айниқса, бой тарихий меросидан фойдаланиб, туризмнинг агро, эко, адабиёт, тарих, зиёратгоҳ, қишлоқ йўналишларини ташкил этиш мумкин. Марҳамат тумани “Алитепа”, “Қоровултепа”, “Оқтўнли ота”, “Тоштепа”, “Жунғортепа”, “Йиғлоқтепа”, “Давкарота”, “Лўмбитепа”, “Оқбоштепа”, “Темиратки мозор”, “Бобохуросон ота”, “Хотин қум”, “Қўйчи халфа”, “Хўжа Босмон ота”, “Гўзал ота”, “Миришкор ота”, “Кўктўнли ота”, “Банди ота”, “Чашмаи муборак”, “Тўра бобо зиёратгоҳи”, “Мулла Тўйчи зиёратгоҳи”, “Табиб зиёратгоҳи” каби қадимий ёдгорликлари, зиёратгоҳлари, шифобахш булоқларга бой ҳудудлиги билан ажралиб туради. Ушбу тарихий жойлар бир неча асрлардан буён халқимизнинг муқаддас масканлари сифатида эъзозланиб келинмоқда ва зиёрат қилинмоқда.

    Халқимиз қадимдан ушбу масканларни зиёрат қиладилар ва у ердаги шифобахш булоқ сувлари, тупроқларидан даволаниш мақсадида фойдаланиб келмоқдалар. Гарчи ушбу булоқларнинг шифобахшлиги илмий асосланмаган бўлсада, амалда турли дардларга шифо бўлаётганига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Жумладан, Хўжа Босмон ота зиёратгоҳида қўтир яраси, қулоқ оғриғига шифо бўлувчи булоқлар, Оқбош ота зиёратгоҳида тошма яраларга, сочига оқ тушганларга, ошқозон-ичак касалликларига шифо бўлувчи булоқлар, Бобо Хуросон ота зиёратгоҳида эса, сувчечак, сачратқи, тошма яраларига шифо бўлувчи булоқлар, Темиретки мозор тепалигида эса темиратки касаллигига шифо бўлувчи тупроқ, Хотин қум зиёратгоҳида эса, қўл, оёқ, бел оғриқларга шифо бўлувчи қумнинг мавжудлиги бунга мисолдир. Бу шифобахш масканлардан республикамизнинг турли вилоятларидан, шунингдек, қўшни Қирғизистон, Тожикистон, Россия давлатларидан ҳам беморлар келиб шифо топаётганлиги олиб борилган тадқиқотлар натижасида аниқланган.

    Хулоса қилиб айтганда, Мингтепа археология мероси ва тумандаги мавжуд зиёратгоҳларнинг тарихини, маънавий ва маданий аҳамиятини халқимиз айниқса ёшларимиз ўртасида кенг тарғиб қилиш орқали уларни сақлаб қолиш, ободонлаштириш ва улардан оқилона фойдаланиш, яъни туризмнинг зиёрат ва тиббиёт йўналишларини ривожлантириш мумкин.


    Шахлохон Хусанова Артикалиевна

    КУАФ, т.ф.ф.д. (PhD)

    No date selected
    июл, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates