Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг хабар беришича, шу йилнинг 26 май куни соат 14:00ларда, Андижон тумани Янги Асака йўли ҳудудида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори томонидан “Nexia-2” русумли транспорт воситасига ҳужжатларини текшириш мақсадида “тўхташ” ишораси берилганида, ҳайдовчи, 2005 йилда туғилган А.М. ЙПХ инспекторининг қонуний талабига бўйсунмасдан ҳаракатланишда давом этган.
Маълумотларга кўра, Асака тумани “Кўркам” МФЙ ҳудудда хизмат олиб бораётган бир нечта ЖТСБ ҳамда ЙПХ инспекторларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан ҳаракатланиб кетаётган вақтида, ички кўчадан асосий йўлга кескин чиқиб юбориши оқибатида, ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган “Лабо” ва “Кaptiva” русумли транспорт воситалари билан тўқнашиб, воқеа жойидан кетиб юборган.
Шундан сўнг, ЖТСБ ва ЙПХ ходимлари ушбу транспорт воситасини кузатиб борган ва Асака тумани “Ҳумо” МФЙ ҳудудида тўсиб ушланган.
Ушбу транспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганида, машина салонида ўткир тиғли жисм (пичоқ) борлиги ҳамда ҳайдовчи тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситасини бошқарганлиги аниқланди.
ЙҲХБга кўра, содир этилган йўл-транспорт ҳодисасида тан жароҳати олган фуқаролар йўқ, транспорт воситалари техник шикастланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан, Асака тумани ИИБ масъул ходимлари томонидан ҳайдовчи А.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 288-моддаси тартибида туман ИИБнинг вақтинчалик ушлаб туриш хибсхонасига жойлаштирилиб, дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.