Андижонда 12 туп дарахт кесилиши юзасидан ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига жиноят иши қўзғатилди

    Яшил сайёра 18 январ 2022 968

    Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти перинатал маркази ҳудудида ноқонуний равишда дарахтлар кесилганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган.

    Мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги "Республика кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-46-сонли Фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилган.

    Шунга қарамасдан, Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ғ.Ш. томонидан Андижон вилояти перинатал маркази ҳудудидаги "Элдор қарағойи" (Pinus eldarica) навли 12 туп дарахтлар қонунга хилоф равишда кесиб юборилганлиги оқибатида табиатга 115,5 млн. сўм миқдорида зарар етказилган.

    Ўтказилган текшириш натижасига кўра, Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ғ.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

    Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.