Мамлакатимизда болалар меҳнатига барҳам бериш соҳасидаги ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилаётганини инобатга олиб, АҚШ Меҳнат вазирлиги ушбу тадбирга Ўзбекистон элчисини таклиф қилди.
Дипломат ўз нутқида иштирокчиларга сўнгги йилларда Ўзбекистонда қонун ҳужжатларини халқаро стандартларга мослаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, янгиланган Конституциясида мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича киритилган нормалар, 2022 йилги пахта теримининг мустақил мониторинги натижалари ва мамлакатимизда болалар меҳнатига барҳам бериш соҳасида ҳаётга татбиқ этилаётган ижтимоий дастурлар ҳақида батафсил маълумот берди.
АҚШ савдо вазирининг ўринбосари Теа Ли ўз маърузасида 2022 йилда 131 давлатдан фақат 4 та мамлакат, яъни Ўзбекистон, Аргентина, Колумбия ва Кот-д'Ивуарга «Significant Advancement» ("Сезиларли тараққиёт") мақоми берилганини таъкидлади.
АҚШ Меҳнат вазирлиги маълумотига кўра, мазкур баҳолаш мезонида болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини тақиқловчи қонунлар ва меъёрий ҳужжатларнинг мавжудлиги, шикоятларни кўриб чиқиш ва бундай ҳуқуқбузарликларни текширишнинг ижро ва институционал механизмлари, шунингдек, болалар меҳнатининг энг оғир шаклларига жалб этилишининг олдини олиш бўйича ижтимоий дастурларни амалга ошириш ва бу борадаги давлат сиёсатининг самарадорлиги ҳисобга олинади.