Ижтимоий тармоқларда тарқалган «Хоразмда 9-синф ўқувчилари шоли ўримига жалб қилинди» сарлавҳали хабар тарқалганди.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси мурожаатига асосан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси ҳамда Бош прокуратура томонидан ҳолат жойида ўрганилди.
Ўрганиш давомида Қўшкўпир туманидаги 19-мактабнинг 9-“а”синфи бир гуруҳ ўқувчилари, уларнинг ота-оналари, мактаб маъмурияти ва фермер хўжалиги раҳбари билан суҳбат ўтказилди ва белгиланган тартибда расмийлаштирилди.
Суҳбат давомида 19-мактабнинг 9-“а”синфи бир гуруҳ ўқувчилари тумандаги “Дурдона” маҳалласида жойлашган “Иброҳим балиқчи” фермер хўжалигига тегишли шоли даласида дарс машғулотларидан сўнг ушбу хўжалик раҳбарининг таклифига асосан, маълум бир ҳақ эвазига далада ўрилган шолини тўплаш ишларини бажаришга жалб қилинганлиги аниқланди.
Шу билан бирга, мактаб маъмуриятининг ушбу ўқувчиларни шоли ўримига мажбурий жалб қилиниши ҳолати ўз тасдиғини топмади.
Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан Қўшкўпир тумани “Иброҳим балиқчи” фермер хўжалиги раҳбари томонидан вояга етмаган шахсларга нисбатан меҳнат қонунчилиги ва болалар меҳнатидан уларнинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки аҳлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланганлиги ҳолати Қўшкўпир туман судида кўриб чиқилди.
Суд қарори билан фермерга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 3-қисми ва 491-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.