Араб тилшунослигига оид асарлар аждодимиз Аз Замахшарий ижодида салмоқли ўрин эгаллайди. Унинг «Ал-Муфассал» (1121 йил) номли асарини у Маккада яшаган пайтида, бир ярим йил давомида ёзган.
Ўша даврнинг ўзидаёқ араблар орасида бу асар катта эътибор қозонган ва араб тилини ўрганишда асосий қўлланмалардан бири сифатида кенг тарқалган.
Шом (Сурия) ҳокими Музаффариддин Мусо кимда-ким Аз-Замахшарийнинг ушбу асарини ёд олса, унга беш минг кумуш танга пул ва сарупо совға қилишни ваъда берган. Бир қанча кишилар асарни ёд олиб, мукофотга ҳам сазовор бўлганлиги манбаларда келтирилган.
Бу асарнинг бир қўлёзмаси Тошкентда, ЎзР ФА Шарқшунослик институтида сақланади.
Аз Замахшарий қариндошларининг қистовига қарамасдан, бирор марта уйланмаган. Илмий асарлар яратиш ва муносиб шогирдлар тайёрлашга ўз ҳаётини бағишлаган.