Архив ҳужжатларида Иккинчи Жаҳон уруши даврида эвакуация қилинган болалар тақдири

    Уруш олови ичида қолган ҳудудлардан юртимизга 1 миллион нафардан ортиқ киши кўчириб келтирилди. Уларнинг 200 мингдан ортиғи болалар эди.

    1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида кўп миллатли Ўзбекистон халқи жанг майдонларида ва фронт ортида улкан жасорат ва матонат кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшди. Урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан ортиғи ҳалок бўлди, 133 мингга яқини бедарак йўқолди, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтди.

    Ўша ғоят оғир ва суронли даврда юртимиз фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди, бу ердаги саноат корхоналари ҳарбий соҳага мослаштирилиб, уларнинг фаолияти фронт эҳтиёжлари учун йўналтирилди. Ўзбекистонга эвакуация қилинган юздан зиёд завод ва фабрикаларни тиклашда фуқароларимиз бор куч ва имкониятларини сафарбар этди.

    Уруш олови ичида қолган ҳудудлардан юртимизга 1 миллион нафардан ортиқ киши кўчириб келтирилди. Уларнинг 200 мингдан ортиғи болалар эди. Халқимиз уларга бошпана бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўриб, ота-онасидан ажралган болаларни ўз фарзандлари қатори тарбиясига олиб, бутун дунёга ҳақиқий инсонпарварлик фазилатларини намойиш этди. Асраб олинганлардан ташқари эвакуация қилинган болалар учун шаҳар ва вилоятларда кўплаб болалар уйлари ташкил этилди.

    Ҳозирги кунда Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт хужжатлари миллий архивида Иккинчи жаҳон уруши тўғрисида қимматли архив ҳужжатлари сақланмоқда. Сўнги йилларда архив томонидан мазкур ҳужжатларни нафақат сақлаш балки уларни тадқиқ қилиш ва тарихий фактлар асосида турли мақолалар чоп этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Архивда уруш йиллари Ўзбекистонга эвакуация қилинган болалар хақида қизиқарли ва муҳим маълумотларга эга архив ҳужжатлари сақланмоқда. Хусусан 1944 йил ҳисоботларига кўра ЎзССР Соғлиқни Сақлаш Халқ Комиссарлигига қарашли республикада 215 та болалар уйи мавжуд бўлган бўлиб, улардан 15 таси польяк болаларига берилган. Умумий болалар сони 23629 бўлиб, улардан 1323 нафари польяк миллатига мансуб бўлган. Улар шаҳар ва вилоят болалар уйларига жойлаштирилган.

    1942 йилда Ўзбекистон Республикасига уруш бўлаётган жойлардан, яъни Москва, Москва вилояти, Одесса, қуйи Қрим, Иваново шаҳри, Киев, Воронеж, Ворошиловград, Сум, Ростов, Чернигов, Харьков, Орлов, Курск вилоятиларидан 68 та болалар интернатлари эвакуация қилинган бўлиб, улардан 8585 эвакуация қилинган болалар бўлган. Эвакуация қилинган болалар сони 20 мингдан кўп бўлган.

    Иккинчи жаҳон уруши халқлар бошига турли оғир вазиятлар ва қийинчиларни олиб келди. Жумладан уруш даврида энг оғири озиқ-овқатни етишмаслиги сабаб инсонлар, айниқса болаларнинг тўйиб овқатланмаслиги эди. Уруш даврида Соғлиқни Сақлаш Халқ Комиссарлиги болалар овқатланишига алоҳида эътибор берган. Аммо, озиқ-овқат маҳсулотларининг етишмаслиги туфайли озиқ-овқатни тақсимлашда ҳар доим ҳам овқатланиш меъёрларига тўла риоя қилинмаган. Архив ҳужжатларининг гувоҳлик беришича уруш даврида ёғ маҳсулотлари, гўшт, донли маҳсулотлар билан таъминлаш, баъзи жойларда сутли маҳсулотлар ва ҳатто сабзавотлар етишмаган.

    Ушбу қийинчиликларга қарамай, эвакуация қилинган болаларга ёрдам бериш бўйича Марказий болалар комиссиясининг ташаббуси билан катта шаҳарларда эвакуация қилинган аҳолининг заифлашган болалари ва армия сафида хизмат қилаётган жангчиларнинг болалари учун умумий овқатланиш шаҳобчалари ташкил этишга муваффақ бўлинган. Архивда сақланаётган яна бир ҳужжатга кўра 1942 йилда республикада 20000 минг болани овқатланишини таъминлаш учун очиқ ошхоналар очилган.

    Мактабгача ва мактаб ёшдаги болаларни соғлиқларини яхшилаш бўйича болаларни Тошкент, Чимён, Самарқанд ва Наманган вилоятларидаги хўжалик ҳисобидаги санаторияларга жойлаштирилган. Биринчи навбатда, эвакуация қилинган болалар ва Иккинчи жахон уруши қатнашчиларининг болалари таъминланган. Кўрсатилган соғломлаштириш тадбирлар билан 8982 бола қамраб олинган, уларнинг 57 фоизи эвакуация қилинган болалар бўлган. Тўртта хўжалик ҳисобидаги санаториялар Тошкент шаҳрида фаолият олиб борган бўлиб, санаторияда жами болалар сони 2250 бўлган, улардан 70 фоизи, Фарғона вилоятидаги санаторияларда 900 та бола бўлиб, уларнинг 70 фоизи, Наманган вилояти санаториясида 167 бола бўлиб 55 фоизи эвакуация қилинган болалар бўлган.

    Архив ҳужжатларидан маълумки уруш даври ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва болажонлигини намоён қилган. Эвакуация қилинган болаларни ўзларининг болалари каби асраб-авайлаб, меҳр кўрсатиб улкан қаҳрамонлик кўрсатгани архив ҳужжатларида ўзининг аксини топган. Мана неча йилдирки ушбу қаҳрамонликлар биз авлодлар учун ғурур-ифтихор бағишлаб келмоқда. Ишончимиз комилки, ўзининг катта талофатлари билан жаҳон халқлари тарихида ном қолдирган Иккинчи жаҳон урушидаги ўзбек халқининг жасорати келгуси авлод учун ҳам мардлик ва жасорат мактаби бўлажак.

    Ушбу маълумотлар архивда сўнги йилларда олиб борилган тадқиқот ишлари натижасида аниқланди. Архивда илмий салоҳиятни ривожлантириш мақсадида архив ҳужжатларини тадқиқ қилиш давом эттирилмоқда.

    Гулбарно ХОЛМИРЗАЕВА,

    Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви бўлим мудири,

    Турғун МЎМИНОВ, етакчи архивчи.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates