Аср иқтисодиёти барқарорлигининг энг муҳим шарти

    Ўзбекистон ҳозир 2-3 миллиард кВт/ соат қўшимча қувватга эҳтиёж сезмоқда ва яқин беш йил ичида бу кўрсаткич 10 миллиард кВт/соатга ошиши тахмин қилинмоқда.

    Дунё иқтисодиёти ва сайёрамизда аҳоли сони ўсиб бориши билан параллел равишда энергия ресурсларига эҳтиёж ҳам муттасил ортмоқда. Ишлаб чиқариш ҳажмини талабга яраша ошириш учун, биринчидан, ресурслар чекланган, иккинчидан, анъанавий усулда энергия ишлаб чиқариш атмосферага катта зарар етказмоқда. Хусусан, кўмир, нефть ва газ каби ёқилғилар қазиб олиниши ва қайта ишланиши глобал иқлим ўзгаришига энг катта сабабчи омиллар ҳисобланади. Глобал иссиқхона газлари чиқиндисининг 75 фоиздан ортиғи ва барча карбонат ангидрид чиқиндисининг қарийб 90 фоизи улар ҳиссасига тўғри келади.

    Шу боис, айниқса, ривожланган давлатларда “яшил” энергетика тобора оммалашяпти. Масалан, Европа Иттифоқи 2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия улушини 32 фоизга етказишни режа қилган бўлса, АҚШ 2050 йилгача зарарли газлар ажралиб чиқиши фоизини нолга тенглаштиришни мақсад қилган. Бу борада етакчилардан бири бўлган Норвегия бугунги кунда ички истеъмол учун сарфланадиган энергиянинг 99 фоизини ана шундай технологиялар орқали олиши эътирофга лойиқ.

    Мана шундай мураккаб шароитда табиатга зарар етказмаган ҳолда, қайта тикланувчи энергия олиш, ресурсларни тежаш ва экология мувозанатини сақлаш барча давлатлар учун муҳим вазифалардан бирига айланди. Юртимизда ҳам айни жиҳатлар боис, муқобил энергетика имкониятларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Электр энергиясига талаб 35 фоиз ўсган ва бу кўрсаткич муттасил ортиб бораётган бир шароитда йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани муҳим аҳамиятга эга.

    Масалан, 2021 йилда Навоий вилояти Кармана туманида 100 мегаватт қувватли биринчи йирик қуёш фотоэлектр станцияси, 2022 йилда Самарқанд вилояти Нуробод туманида худди шундай иккинчи станция ишга туширилди.

    Қорақалпоғистоннинг Қораўзак, Навоий вилоятининг Нурота, Сурхондарё вилоятининг Шеробод, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманларида жами 1 минг 197 мегаватт қувватга эга

    5 та қуёш ва шамол электр станцияси ҳам 2023-2024 йилларда ишга туширилиши режа қилинган. Шунингдек, Бухоро вилоятининг Пешкў ва Ғиждувон туманларида, Навоий вилоятининг Томди туманида қуввати 500 мегаваттли 3 та шамол электр станцияси 2024-2025 йилларда барпо этилиши кўзда тутилган.

    Мамлакатимизда муқобил энергия яратиш йўлида тизимли ҳаракатлар изчил давом эттирилса, 2026 йилга қадар умумий 868 мегаватт қувватга эга гидроэлектр станциялар ҳамда 8 минг мегаваттли қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилади.

    Давлатимиз раҳбари шу йил 27-28 апрель кунлари пойтахтимизда ўтказилган иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Ўзбекистон ҳамкорлик қиладиган бешта асосий йўналишни санади. “Яшил” иқтисодиёт энг муҳим йўналиш ўлароқ, ушбу рўйхатдан биринчилар қаторида жой олди.

    Ўзбекистон ҳозир 2-3 миллиард кВт/ соат қўшимча қувватга эҳтиёж сезмоқда ва яқин беш йил ичида бу кўрсаткич 10 миллиард кВт/соатга ошиши тахмин қилинмоқда. Бундай ҳолатда йирик ва истиқболли лойиҳалар билан бир қаторда аҳоли хонадонлари, корхоналар, ижтимоий соҳа объектларида муқобил энергиядан фойдаланишни оммалаштириш ҳам энг самарали чорадир. Шундан келиб чиқиб, юртимизда муқобил энергия, шу жумладан, қуёш панелларини кенг жорий этишга катта эътибор қаратиляпти ва бу борадаги жамоатчилик ташаббуси фаол рағбатлантирилмоқда. Айтайлик, юридик шахслар билан бир қаторда жисмоний шахслар ҳам қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмаларини онлайн тарзда сотиб олиши мумкин. Бунинг учун energymarket.uz сайтида барча имкониятлар яратилди. Ушбу қурилмаларни тўлиқ харид қилган фуқароларга Энергияни тежаш жамғармаси томонидан компенсация берилади. Шунингдек, қурилмаларни ўрнатган юртдошларимиз ишлаб чиқарилаётган энергиянинг эҳтиёжидан ортиқча қисмини сотиши мумкин. Яъни истеъмолдан ортиқча қисми давлат кафолати остида электр таъминоти корхонаси орқали сотилади.

    Айни йўналишдаги саъй-ҳаракатлар, яратиб берилаётган шароит ва имтиёзларга ҳамоҳанг тарзда Тошкент шаҳридаги Вебстер университети ҳам муқобил энергия имкониятларидан фойдаланишни мақсад қилмоқда. Университетимизнинг таълим дастурларини амалга ошириш марказида қуввати 100 кВт.ли қуёш панеллари ўрнатиляпти. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қурилмалар бугунги кунда сарфланаётган умумий энергиянинг 50 фоизини қоплайди. Бошқача айтганда, энергия учун сарфланадиган маблағимизнинг тенг ярми иқтисод қилинади. 2024 йил сўнгига қадар эса қамровни 100 фоизга етказиш кўзда тутилган.

    Умуман олганда, сайёрамизда иқлим ўзгариши ва энергетика барқарорлиги билан боғлиқ муаммолар давом этар экан, “яшил” энергия уларни ҳал қилишда энг муҳим, ҳатто ягона омил бўлиб қолаверади. Ўзбекистон минтақада ривожланган “яшил” энергетикага эга бўлиши эса барча соҳалар ривожига кенг йўл очади. Шунинг учун муқобил энергияни жорий этиш ва тарғиб қилиш нафақат масъулиятли танлов, балки иқтисодиёт барқарорлиги ва аҳоли фаровонлиги учун ҳаётий зарурат ҳамдир.

    Расул РАҲМОНОВ,

    Тошкент шаҳридаги Вебстер университети ижрочи директори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates