Астма касаллиги қандай даволанади?

    Саломатлик 8 июн 2021 37962

    Астма касаллиги ёш танламаслиги, айниқса, болаларда кузатиладиган сурункали хасталиклар орасида етакчи ўринда туриши билан барчани жиддий ташвишга солади.

    Хўш, болалардаги астма касаллигини қандай даволаса бўлади? Катталардачи? Астма ирсий касалликми?

    Шу каби саволларга Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий амалий тиббиёт маркази директори Наргиза Парпиева жавоб беради.

    — Астма ирсий касалликми?

    — Бронхиал астма билан оғриган катталарнинг учдан бир қисми болалигида айнан ушбу хасталикка чалинган бўлади. Ўсмирлик пайтида ундан халос бўлган одамларнинг катта бўлганларида астма хавфига дучор бўлиш эҳтимоли юқори. Бу пайтда касалликнинг ривожланиш хавфи ирсий омиллар, шунингдек, атроф-муҳитнинг таъсири билан янада кучаяди.

    Тиббиётда бронхиал астманинг келиб чиқиш сабаблари орасида наслий мойиллик алоҳида тилга олинади. Айниқса, аллергик бронхиал астмада ирсий омиллар муҳим ўрин тутади. Агар ота-онанинг бирида касаллик мавжуд бўлса, туғилажак фарзандда хасталикнинг эҳтимолий даражаси 20-30 фоизни ташкил этади. Бордию, ота-онанинг иккиси ҳам астматик ҳисобланса, касалликнинг насл суриш эҳтимоли 75 фоизни ташкил қилади.

    — Болаларда астма касаллиги қандай даволанади?

    — Одатда болаларда астма икки босқичда даволанади. Биринчи галда касалликни келтириб чиқарувчи омиллар – аллерген, совуқ ҳаво, ташқи муҳитдаги бегона моддалар (тамаки, чанг)ни аниқлаб, уларни бартараф этиш зарур. Иккинчиси, касалликни дори билан даволаш усулидир. Бу усулни доимий ёки хасталик хуруж қилганда амалга ошириш мумкин.

    Шифокорлар бундай пайтларда кўпинча гормонал препаратлар, глюкортикоидлар, ингаляцион бронхолитиклар ва антилейкотриен дори воситаларидан кенг фойдаланади. Парҳез тутиш буюради. Болаларда даволаш тўғри олиб борилса уларнинг 50 фоизи бутунлай тузалиб кетиши мумкин.

    — Катталарда касаллик қандай даволанади?

    — Астма қанча эрта аниқланса, муолажалар шунчалик яхши фойда беради. Аниқланган хасталик босқичига кўра, турли дори воситалари ва физиомуолажа (нафас йўллари гимнастикаси, машқлар, сузиш ва бошқа чиниқтирувчи усул) лар билан даволанади.

    Шуни айтиш лозимки, бронхиал астма сурункали хасталик бўлиб, ундан бутунлай халос бўлиш қийин жараён ҳисобланади. Бироқ тўғри танланган муолажа усуллари ёрдамида беморнинг умумий ҳолатини узоқ ва барқарор ҳолатга олиб келиш ва бу орқали унинг саломатлигини яхшилаш мумкин.

    Бронхиал астмада ингаляцион бронхолитиклар (қисқа ва узоқ таъсир қилувчи) ингаляцион глюкокортикоидлар, антилейкотриент дори воситалари катта самара беради. Беморлар доимий равишда ўзини назорат қилиб юришлари керак, ҳар қандай аҳволдаги ўзгаришларини ўз вақтида шифокор билан маслаҳатлашиб давони давом эттиришлари керак.

    Шифокорлар касалликдан ҳимояланиш учун энг биринчи галда аллергенлардан эҳтиёт бўлишни тавсия этади. Айниқса, бемор яшаётган уй озода бўлиши, хоналар тез-тез шамоллатиб турилиши, атрофда чанг зарралари, кимёвий воситалар, ҳайвонлар (мушук, ит) бўлмаслиги лозим. Аммо инсон ҳаёти давомида барибир аллергенлар билан «учрашади». Шу боис бемор бронхларини ҳимоя қила олиши керак.

    Бунинг учун юқори самарали махсус дорилар ёрдамида доимий бронх деворлари яллиғланишини бир меъёрда ушлаш талаб этилади. Бундан ташқари, касалликни олдини олиш учун АҚИД (Аллергенга қарши иммуно даво) терапия усули қўлланилиш ҳам яхши самара беради. Фақат бу муолажа аллерголог назоратида олиниши зарур.

    Яна бир гап. Астма кўпинча уйқу пайтида кўпроқ намоён бўлади. Боиси бу вақтда нафас олиш йўллари сезгирлиги ортиб, ўпканинг қисқариши пасаяди. Шунингдек, тунда организм ўпка фаолиятини ўзгартирувчи махсус моддаларни ишлаб чиқаради ва тана ҳарорати пасаяди. Бу эса нафас йўлларининг совишига олиб келади.

    Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates