Давлат кадастрлари палатаси томонидан аукцион савдосида жисмоний шахс иштироки тартибига бағишлаб ўтказилган пресс турда шулар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилишича, Вазирлар маҳкамасининг 2022 йил 12 февралдаги қарорига кўра, аукционга чиқарилган объектларни сотишга ва олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга фақат аукционда камида иккита иштирокчи қатнашганда рухсат берилади.
Хабарнома жойлаштирилган пайтдан бошлаб аукцион якунлангунга қадар иштирокчи объектни сотиб олиш (ижарага олиш) бўйича аукцион қадамига боғланмаган ва савдо бошлангунга қадар бошқа иштирокчиларга ошкор этилмайдиган ўз нарх таклифини киритиш мумкин.
Агар аукцион жараёнида объект нархи қадамга боғланмаган нарх таклиф этган иштирокчи томонидан таклиф этилган нархдан ошса, унга платформа орқали хабар юборилади ва аукцион иштирокчиларига навбатдаги нархни белгиланган тартибда ошириш учун ўн дақиқа вақт берилади.
Аукционда иштирокчи томонидан аукцион қадамига боғланмаган ҳолда берилган нарх аукцион куни инобатга олинади ва бу иштирокчининг аукцион объектини шу қийматда сотиб олиш истагини тасдиқлайди.
Тегишли лот бўйича аукцион бошланишидан ўттиз дақиқа олдин савдо платформасида автоматик режимда аукцион бошланиши тўғрисидаги ахборот шакллантирилади ва эълон қилинади.
Агар аукцион бошланганда икки ва ундан ортиқ иштирокчиларнинг аукцион қадамига боғланмаган ҳолда таклиф этган нархлари қиймати тенг бўлса, барча иштирокчиларга навбатдаги нархни таклиф этишлари учун вақт тақдим этилади ва бунда:
- иштирокчилардан биронтаси объектни сотиб олиш (ижарага олиш) бўйича таклиф этган нархини белгиланган босқичга ошириш йўли билан сотиб олиш истагини тақдим этиладиган навбатдаги ўн дақиқа давомида тасдиқламаса, объект учун биринчи бўлиб нарх таклиф этган иштирокчи ғолиб деб топилади;
- агар иштирокчилардан бири объектни сотиб олиш (ижарага олиш) бўйича нархни бир аукцион қадамига ошириш йўли билан сотиб олишни (ижарага олишни) тасдиқласа ёки аукцион қадамига боғланмаган нарх таклиф этса, бошқа иштирокчиларга кейинги нархни тасдиқлаш учун навбатдаги 10 дақиқа вақт берилади;
- жорий нарх оширилганидан кейин биронта иштирокчи жорий нархни бир аукцион қадамига ошириш йўли билан сотиб олишни (ижарага олишни) тасдиқламаса, сотиб олишни (ижарага олишни) охирги бўлиб тасдиқлаган иштирокчи ғолиб, деб эътироф этилади.
Шу давргача энг қиммат сотилган ер участкаси, қаерда ва қанчага сотилган?
Ҳозирги кунгача энг қиммат нархга сотилган ер участкаси Тошкент шаҳар, Яшнобод туманида Тошкент МФЙда жойлашган бўлиб, ушбу ер участкаси аукцион савдоларида қарийб 89 миллиард 78 миллион 645 минг 250 сўмга сотилган.
Ер участкаси аукционида қанчадан қанчагача одам қатнашади?
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 февралдаги қарорига кўра, аукцион камида икки нафар иштирокчи мавжуд бўлганда ўтказилади. Аукционга чиқарилган объектларни сотишга ва олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга фақат аукционда камида иккита иштирокчи қатнашганда рухсат берилади.
Доимий равишда энг қиммат нархларда сотиладиган ҳудудлар қайсилар, энг арзони-чи?
Ўтказилган кузатув ва таҳлилларга кўра, республикамизнинг Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилояти доимо энг қиммат нархларга сотиладиган, Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани ва барча вилоятларнинг чекка ҳудудларидаги ер участкалари энг арзон нархларда сотилади.