Мақола муқаддам 1988 йилда «Шарқ юлдузи» журналида босилгани ва қўлма-қўл бўлиб ўқилгани эсимда.
Адибимиз ўша даврнинг ўта муаммоли масалаларини жасорат билан кўтариб чиққан ва бу ҳолатда эртанги кун авлодларга нима деймиз, деган саволни қўйган.
Хусусан, адиб мустабид тузум даврида пахта етиштиришни асосий вазифа деб билиб, ерга, табиатга ва одамлар соғлиғига қанчалик зарар етказилаётганини куйиниб қайд этиш билан бирга, Оролни асраш, ердан оқилона фойдаланиш ҳамда пахтани хомашё сифатида арзон-гаровга сотиш ўрнига ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шу орқали қўшимча иш ўринлари яратиш лозимлиги ҳақидаги фикрларини бирор эътирозга ўрин қолдирмаган ҳолда асослаб берган.
Мақолани қайта ўқиб чиқарканман, адиб собиқ шўролар даврида жасорат билан кўтариб чиққан муаммолар — пахта яккаҳокимлигига барҳам берилгани, мажбурий меҳнат ўтмишда қолгани, Орол билан боғлиқ оғриқларни бартараф этиш юзасидан улкан ишлар қилинаётганини мамнуният билан эътироф этгим келди.
Кейинги йилларда жамиятимизнинг деярли барча жабҳаларида инсон манфаати, унинг бахтли яшашини таъминлаш борасида зарур ислоҳотлар амалга оширилди ва бугун у самарасини кўрсатмоқда. Бошпанага муҳтож юз минглаб аҳоли уйли-жойли бўлди, имконияти чекланган фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди, ёшлар таълим ва тарбиясига катта эътибор қаратилди, вояга етмаган болалар меҳнатига барҳам берилди. Ёпилиб кетган, харобага айланган болалар боғчалари таъмирланиб, қайта тикланди. Энг чекка ҳудудларда ҳам болалар боғчалари қурилди.
Бола ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасида қонунларимиз такомиллаштирилди. Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани) фаолияти йўлга қўйилди. Хуллас, узоқ йиллардан буён халқимиз орзусига айланиб келган масалаларнинг аксарига ечим топилди, бор муаммолар устида доимий ишланмоқда.
Пойтахт ва катта шаҳарларни ҳисобга олмаганда, яқин-яқингача ҳудудларда электр энергияси катта узилишлар билан суткасига уч-тўрт соат берилар, одамлар ҳам бунга кўникиб қолган эди. Бугун вазият анча яхшиланган.
Пул йўқлиги туфайли ойлик иш ҳақи ва нафақалар ўз вақтида берилмасди. Пластик карточкалар бор, аммо ундан пул ечиб оладиган банкоматлар у ёқда турсин, савдо ва хизмат кўрсатиш дўконларида терминаллар мавжуд эмасди.
Шу билан боғлиқ бир ҳолат хотирамда муҳрланиб қолган. 2016 йилнинг кеч кузида давлатимиз раҳбари топшириғига асосан, аҳоли билан учрашиб, муаммоларни аниқлаш ва ўрганиш учун Бухоро вилоятига бордик. Қайсидир туман ҳокимлигининг зали тўла. Учрашувдан муддаони тушунтириб, нима камчиликлар бор, деганимизда, дастлаб бир оз муддат ҳеч кимдан садо чиқмади, чунки олдин муаммолар сўралмаган. Кейин соч-соқоли оппоқ, ёши улуғ бир отахон минбарга кўтарилди. Отахон «Меҳмонлар, хуш келибсизлар!», дея сўз бошлаб, халқ яхши яшаётгани, пахта ва ғалла режалари бажарилганини гапирди. Кейин «Бир-икки муаммолар ҳам бор, лекин буни айтган билан ҳал қилиш имкони борми-йўқми, шунга иккиланиб турибман», деди. Отахонга тортинмасдан камчиликларни бемалол айтаверишини, давлат раҳбари топшириғига кўра, муаммолар ўрганилаётгани ва ечимини топишга ҳаракат қилинишини айтдик. Шундан сўнг у пенсия пули пластик карточкасига ойма-ой тушириб берилаётгани, лекин уни ишлатиб бўлмаётгани, пластик карточкадаги пулга бирор нима харид қилиш учун вилоят марказидаги дўконларга бориш кераклиги, бунинг учун эса таксига пул тўлаш лозимлиги ҳақида гапирди. «Хуллас, пластик карточкадан тўёна ҳам қилиб бўлмаётгани сабабли тўйларга боролмаяпмиз, пенсиянинг бир қисмини нақд берса яхши бўларди», дея сўзларини давом эттирди. Шунга ўхшаш бошқа масалаларда таклифларини билдирди.
Аҳоли билан илк мулоқот натижасида таклиф тайёрланди, орадан тўрт кун ўтиб, Президентнинг пенсия тўловларини уни олувчиларнинг хоҳишига қараб нақд ёки пластик карточка орқали тўлаш ҳақидаги қарори чиқди. Барча хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари терминаллар билан таъминланди.
Ўтган йиллар мобайнида одамларнинг шароитини яхшилаш, оғирини енгил қилиш борасида амалга оширилган ишларнинг барчасига элимиз шоҳид бўлиб тургани сабабли уларни бирма-бир санаб ўтишга эҳтиёж йўқ деб ўйлайман.
Лекин шуни айтмоқ жоизки, биз муайян маънода катта орзуларга берилиб, сабр-қаноат ҳамда шукрни унутиб қўяётгандекмиз. Орзу-ният қилмоқ яхши, лекин бир соат электр энергияси ёки газ узилишига катта фожиа деб қарашимиз яхши эмас. Менимча, бу ношукрлик белгиси.
Бир йигит интернетда чиқиб, ҳақ гапни айтди. Болалигида бир ҳовлидаги тўрт хонали уйда отаси ва амакилари, жами тўрт оила яшаган ва уларга битта ошхона етарли бўлган. Бугунги кунда ўзи ва укаси ота ҳовлисидаги саккиз хонали уйда яшаркан. Лекин бунга қаноат қилмай, алоҳида ер участкаси олиб, саккиз хонали уй қурибди. Ҳозир шу ҳовлидаги камчиликларни битириш учун оиласидан узоқда, хорижда ишлаб юрган экан. «Ҳаммасига ўзимиз, нафсимиз айбдор», деб чиройли хулоса қилди ўша йигит.
Шулар ҳақида ўйларкансан, бундай фикр туғилади. Суюкли адибимиз ҳаётлигидаёқ ўзи кўтарган муаммоларнинг ҳал этила бошланганига гувоҳ бўлган ва ички қониқиш билан асарларида акс эттирган. Хўп, шундай бўлса-да, умри ниҳоясида ўз қўли билан тартиб берган китобига нега юқоридаги мақолани киритган экан? Бу билан муаллиф ярим асрлик ижодий фаолияти ҳақида китобхонларга ижобий ҳисобот бериши баробарида замондошларининг келажак авлод олдидаги масъулиятини яна бир бор эслатмоқчи бўлгандир балки. Зеро, келажак бугундан бошланар экан, эртанги кун масъулияти бугунги катта ёшли авлод зиммасидадир.
Ахборот асрида яшаяпмиз. Бугунга келиб, ахборот қуролга, хавфсизликнинг муҳим омилига айланди. Қисқаси, шиддат билан ўзгараётган замон, глобаллашув, ахборот технологияларининг мислсиз тараққиёти катта имкониятлар тақдим этиши билан бирга, мафкуравий курашларни ҳам кучайтирди. Интернет улкан ахборот муҳорабаси майдони бўлди. Бу майдонда ит эгасини, мушук бекасини танимаётгани ҳам ҳақиқат.
Бундай ахборий талатўпда ҳар бир миллат учун ўз маънавий қиёфасини сақлаш, маърифий дунёсини, азалий қадриятларини муҳофаза қилиш бирламчи аҳамият касб этмоқда.
Яқин-яқинларгача фуқароларимиз ўзига керакли, жамият ҳаёти билан боғлиқ ахборотларни газета, журнал, радио ва телевидение орқали оларди. Босма нашрлар кириб бормаган хонадон йўқ эди ҳисоб. Болалик ва ўсмирлик давримизда «Ғунча», «Гулхан», кейинчалик «Ёшлик», «Шарқ юлдузи» журналларига обуна бўлардик. Оддий деҳқон отам бир неча газета ва журнал оларди.
Ўтган йили қишлоқда, тоғнинг тўрида яшовчи, умри сурув боқиш ва деҳқончилик билан ўтган тўқсондан ошган тоғамиз ҳангома бера туриб: «Шу, почтачининг овора бўлаётгани ноқулай бўляпти-да», деб қолди. «Нимага?» деган саволимиздан сўнг гапида давом этди: «Бутун бир катта қишлоқда битта мен бир газета ва «Ҳидоят» журналига обуна бўлган эканман, шугинага почтачимиз овора денг...».
Бугун газета, журнални қўя турайлик, айрим хонадонларда телевизор кўрилмаслиги, асосан, интернет сайтларидаги бўлар-бўлмас ахборотларга муккасидан кетилгани рост. Бир дастурхон атрофида ўтирган оила вакилларининг ҳаммасида телефон, барча «ўз дунёси билан» банд.
Техника тараққиёти яхши, лекин гап бу имкониятдан қандай фойдаланишда. Агар кимдир интернет сайтига кириб китоб ўқиётган, ўзига чин маънода керакли маълумотни қидириб топиб, ундан фойдаланаётган бўлса, буни олқишлаш керак, қандини урсин.
Қанийди, ҳамма шундай бўлса, интернет сайтларидан тўғри фойдаланса. Лекин ҳаёт бунинг аксини кўрсатмоқда. Бирор газета, журнал ёки бадиий китоб ўқишга вақти йўқ одамлар бир кунда уч-тўрт соат вақтини шапалоқдек телефонини ковлаб, олди-қочди гаплар, лавҳаларни кўришга сарфлаётгани сир эмас.
Бундан ҳам ачинарлиси, виртуал оламдаги турли бачканалик, фаҳш, зўравонлик акс этган лавҳаларни болаларимиз кўрмоқда ва бу билан уларнинг онги заҳарланяпти. Биз эса жиммиз.
Интернет даромад манбаига айлангани бор гап, даромаднинг миқдори лавҳанинг неча марта кўрилгани билан боғлиқлиги ҳам маълум. Пул ишлаш илинжида айримларнинг ҳеч нарсадан тап тортмаётгани эса ўта ахлоқсизлик, кечирилмас ҳодисадир.
Обунасини кўпайтириш илинжида бири чиқиб, «Хотиним қиз туғса, жавобини бераман!» деса, бошқаси «отасини калтаклаши мумкинлиги» ҳақида баралла гапирмоқда. Ўзбек тиктокерларнинг қилиғи, оғзидан чиқаётган шарм-ҳаёсиз гапларга илон пўст ташлайди. Қани қадрият, қани уят, андиша?
«ЁуТубе» видеохостингида «Костолом Узбекистана» номли канал бор. Уни Михаил деган россиялик рус йигит юритади. Каналда ўзбек миллати, урф-одатлари, бағрикенглиги ҳақида лавҳалар кўп. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Россиядан Ўзбекистонга эвакуация қилинганларнинг фарзанди ёки набирасини топиб, уларнинг ўзбек халқидан миннатдорлиги акс этган интервьюларига кенг ўрин беради. Россияда ишлаб юрган юртдошларимизга ёрдам кўрсатиб келади. Эътиборлиси, Михаил ўз каналида ҳаром нарсаларни намойиш этишдан андиша қилишини айтади. Унинг лавҳаларини кўриб, ўзимизнинг қарокўз блогерлар ҳам ўшандай бўлса эди, миллатимиз, тарихимиз, урф-одатларимиз ҳақида эътиборли чиқишлар қилса эди деб орзу қиласан киши.
Барчаси дея олмаймизу, лекин айрим «ўзимизникилар» бунинг тескарисини қилмоқда. Азалий қадриятларимизга ёт — эр-хотин, қайнота-келин, ёшлар ўртасида бўлган ёки бўлмаган хиёнат, фаҳш ҳамда турли иғво улар «ижодий фаолиятида» устувор аҳамият касб этади. Андиша ва уятни бир четга йиғиштириб, моддий манфаат илинжида бошқаларнинг фожиаси оммага ошкор қилинаётгани хусусида фақат афсус билан гапириш мумкин.
Масаланинг ўта оғриқли жиҳати, биринчидан, қадриятларимизга ёт ахборотлар ёшларимизга салбий таъсир кўрсатаётганида бўлса, иккинчидан, бизнинг бунга томошабин бўлиб турганимиз. Кўпчилигимиз менга нима, деган бефарқ муносабатда...
Ваҳоланки, минг йилликларга бориб тақалувчи, асрлар синовидан, ота-боболаримиздан ўтиб келаётган қадриятларимиз топталишига йўл қўйиб бўлмайди. Ўзбекона муомала, андиша, ҳурмат, бир сўз билан айтганда, ўзлигимизга, ёшлар тарбиясига бундай муносабатда бўлишга ҳаққимиз йўқ!
Бир зиёли ва тақводор укамиз оила, фарзанд тарбияси борасидаги суҳбат асносида ўн тўрт ёшга тўлиб-тўлмаган ўғли унинг телефонига фаҳш акс этган видеолавҳани адашиб ташлаб юборганини гапириб, кўзига ёш олиб деди: «Болам бу ёшда буни кўриши керак эмас эди, у маънавий жароҳат олди, буни энди қандай тузатиб бўлади?!».
Аждодларимиз авайлаб-ардоқлаб келган қадриятларимиз — шарқона шарм-ҳаё, уят, ор-номус бегоналашиб бораётгани сабаблари нимада, айрим ёшларимиз бундай «маданият»ни қаердан ўрганмоқда?
Албатта, ота-онасидан эмас, интернет ва айрим «медиа юлдузлар ижоди» ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган бемаъно турли телесериаллар оқибати бу.
Давлатимиз раҳбари ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб бўлиб келган, аммо биз яшаётган ХХИ асрда бу масала, ҳақиқатан, ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда, дея бежиз таъкидлагани йўқ.
Дарҳақиқат, ёшларимизнинг кўнгил мулкига, дунёқарашига жароҳат етказиш, ахборот технологиялари орқали тарқатилаётган, миллий қадриятларимизга ёт турли-туман ҳаёсизлик, иғво, жаҳолат, зўравонлик каби иллатлар сингдирилиши ва шу йўл билан уларнинг онги заҳарланишининг олдини олиш масаласи бугун ниҳоятда долзарб бўлиб қолди.
Интернет ва оммавий ахборот воситалари орқали маънавиятимизга қилинаётган тажовузлардан ёшларни асраш чораларини ҳозир кўрмасак, эртага кеч бўлади. Бугун эътибор қилмасак, эртага фарзандларимиз тўғри гапга кирмай қўйса, жиноят кўчасига кириб кетса, кейин дод деганимиздан, бошқаларни айблаганимиздан фойда йўқ.
Амалдаги қонунчиликка кўра, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий масалаларни ҳал этишнинг ўз тартиб ва қоидалари бор. Дейлик, кимнингдир ҳуқуқи бошқа жисмоний ёки юридик шахс томонидан бузилса, бу борада ҳуқуқи бузилган шахс тегишли тартибда ваколатли органга оғзаки ёки ёзма мурожаат қилиши мумкин. Мурожаат амалдаги қонун доирасида кўриб чиқилади ва тегишли тартибда ҳал этилади.
Жамиятдаги муносабатларни тўғри, одилона тартибга солиш мақсадида қонунлар қабул қилинади ва унга риоя қилиш барча учун мажбурийдир.
Халқимизда «Қочган ҳам, қувган ҳам худо дейди», деган мақол бор. Демоқчимизки, ҳар ким ўзини ҳақ деб билади. Агар айни масалада бирор тараф ўзини ноҳақ деб билса, ўртадаги низо бартараф бўлади. Низо келиб чиқдими, у ҳар тарафлама ўрганилиши ва қонун доирасида ҳал этилиши лозим ва бунга фақат ваколатли органлар ҳақли.
Кези келганда қайд этиб ўтиш лозимки, амалдаги процессуал қонунчилик талабига кўра, пулли юридик ёрдам кўрсатишга фақат тегишли лицензияси мавжуд адвокатларгина шартнома асосида бошқа шахс манфаати учун иш юритиш ваколатига эга.
Биздаги аксар блогерлар очиқлик ва ошкораликдан биргина ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Улардан айримлари буни яшириб ҳам ўтиргани йўқ, битта чиқиш қилишга қанча пул олаётганини ҳам айтмоқда. Ҳатто фуқаро билан шартнома тузиб, шартнома асосида пул олиб, «қонуний» ишлаётганини рўкач қилаётганлари ҳам бор. Зеро, манфаат устун бўлган жойда холисликка путур етиши исбот талаб этмайдиган аксиома.
Илон заҳри аслида, оғу бўлса-да, тўғри ишлатилганда дорига айланади. Интернет бугун ижтимоий ҳаётнинг ажралмас қисми. Ёшларимиз орасидан етук дастурчилар, ахборот-коммуникация технологиялари мутахассислари етишиб чиқмоқда. Буни мамнуният билан эътироф этган ҳолда, бундай имкониятдан ғаразли мақсадларда фойдаланишнинг жиддий оқибатлари ҳақида ўйлаш фурсати етганини ҳам таъкидлашимиз лозим.
Бугун интернет сайтлари орқали тарқатилаётган ахборотни цензура қилиб ёки тақиқлаб бўлмаслиги маълум. Ёшларга «Интернетга кирма, кераксиз маълумотларни кўрма», дейишимизнинг ҳам фойдаси йўқ.
Унда муаммо нимада? Биринчидан, муаммо блогер (муаммоли масалага жамоатчиликнинг эътиборини қаратса майли) масалани ўзича ҳал қилишга киришиб кетаётганида. Иккинчидан, блогерлик пулли хизмат кўрсатиш, дегани эмас. Учинчидан, блогерга турли масалани ҳал қилиш ёки ҳал қилиш йўлида кимларгадир таъсир этиш ваколати берилмаган.
Бугун интернет ресурсларидан фойдаланган ҳолда маълумот тарқатаётган айрим блогерлар амалдаги қонунчилигимизда зўравонлик ва фаҳшни тарғиб қилганлик, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситиш, ҳақорат учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланганини унутмаслиги, эълон қилаётган ахборотларининг салбий таъсири ва ҳуқуқий оқибатлари борасида жиддий ўйлаб кўриши лозим.
Бунинг учун, фикримизча, жамиятда медиасаводхонлик ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, ёт ғоя, зўравонлик ва фаҳшдан иборат ахборотларга нисбатан, салбий ахборот қайси интернет сайтида намойиш этилган бўлса, айнан ўша сайт орқали унга тегишли муносабат билдириш билан қарши иммунитетни шакллантириш лозим.
Юқорида қайд этганимиздек, давлат томонидан ёшларимизга боғча ёшидан бошлаб, то вояга етгунга қадар ғамхўрлик кўрсатиш, илмли, билимли этиш, соғлиғини асраш борасида жамики лозим ишлар қилинмоқда.
Ота-она ва жамоатчилик зиммасида қолаётган бурч, вазифа фарзандлар юриш-туришидан огоҳ бўлиш, улар тарбияси билан номига эмас, чин маънода мунтазам шуғулланишдан иборат бўлмоғи лозим.
Ушбу масалага муайян идора ё ташкилотнинг вазифаси деб эмас, бутун жамият аъзолари, зиёлилар, ота-оналарнинг олдидаги муҳим вазифа деб қараш керак.
...Қабри нурга тўлсин, Ўткир Ҳошимовнинг мақоласига қайта-қайта кўз югуртириб, ўйга чўмаман. Юқорида қайд этилган ҳолатларга унинг назари билан қарашга ҳаракат қиламан... Назаримда, Ўткир ака бугунги кунда ҳам эртага авлодларга нима деймиз деб савол бераётгандек туюлаверади...
Дарҳақиқат, ҳозирда аксарият ёшларимиз асосий маълумотни интернет сайтларидан олаётганини била туриб, уларни қадриятларимизга ёт ғоя ва тушунчалар, фисқу фасод, шарм-ҳаёсизлик тарғиб қилинаётган ахборотлар ўртасига ташлаб қўйсак, бунга муносабат билдирмасак, фақат салбий маълумотлардан баҳра олиб вояга етаётган фарзандларимиз тарбиясига, дунёқараши шаклланишига бефарқ қарасак, асрий қадриятларимизга путур етса, эртага авлодларга нима деймиз?
Холмўмин ЁДГОРОВ,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган юрист