Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши керак – Президент

    Ҳукумат 2 феврал 2022 6037

    Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2 февраль куни чиқиндилар билан ишлаш тизими ва экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

    Йиғилиш аввалида давлатимиз раҳбари жамоатчиликка мурожаат қилди:

    – Ёшлигимиздан биламизки, ота-оналаримиз ҳовлини, атрофни пок сақлаш кераклигини айтарди. Халқимиз азалдан тупроқни, сувни, табиатни муқаддас деб билган. “Бирни кессанг, ўнни эк” деган доно мақол ҳам бежиз айтилмаган. Дарахт эккан одамга унинг савоби тегиб туради, дейилган. Оилада фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган.

    Дунё миқёсида саноат юқори даражада ривожланган XXI асрда экология билан боғлиқ муаммолар биринчи даражали муаммо сифатида кун тартибига чиқмоқда. Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши керак. Бунинг учун биз табиатга эътибор беришимиз, фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутишимиз зарур.

    Энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини ошириш. Бугун кўчага ёки исталган жойга қаранг. Ҳамма жойда одамлар ташлаб кетган чиқиндиларни кўрасиз. Биз она юртимизни муқаддас деймиз. Нима учун уни тоза-озода сақламаймиз? Ахир, муқаддас китобларимизда ҳам “Поклик иймондандур” дейилган.

    Нега бу масалада оммавий ахборот воситалари, маҳалла фаоллари бонг урмаяпти? Қани нуронийларимиз, жамоатчилигимиз?

    Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Бунга ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин. Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда “бу ишингиз нотўғри бўлди”, дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларни бунга ўргатишимиз керак. Бу – ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

    Йиғилишда шу борадаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

    Таҳлилларга кўра, деярли барча давлатларда қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори аҳоли жон бошига ҳар йили 1 фоизга ортиб бормоқда. Мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий ўсиш ҳисобига бу кўрсаткич 7 миллион тоннага етиб, йилига 2 фоиздан ўсмоқда.

    Лекин уларни йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш аҳволи қониқарли эмас. Мисол учун, Қорақалпоғистонда 10 фоиз, Фарғона ва Қашқадарёда 20 фоиз чиқинди қайта ишланади, холос. 781 та маҳаллада чиқиндиларни олиб чиқиш масаласи ҳал этилмаган. Аҳолининг бу соҳадаги хизматлар бўйича дебитор қарздорлиги ҳам кўп. Тиббиёт ва таълим муассасалари, бозорлар учун 19 минг дона чиқинди контейнерларига эҳтиёж бор.

    Қурилиш чиқиндиси полигонлари ташкил қилинмай, улар йўл, дала ёки дарё бўйларига ташлаб кетилмоқда. Ўтган йили 4 мингта ҳолатда қурилиш чиқиндилари нотўғри жойга ташлаб кетилгани аниқланган.

    Худди шу каби, маҳалла, массив ва хиёбонлар ҳудудидаги барг ва дарахт шохларини йиғиштириш билан шуғулланадиган мутасадди йўқ. Бу масалани ҳамма бир-бирига ташлаш билан овора. Тиббиёт чиқиндиларини сақлаш, ташиш ва зарарсизлантириш бўйича ҳам ягона тизим мавжуд эмас.

    Умуман, юртимиздаги 197 та чиқинди полигонининг бирортаси санитария ва экология талабларига жавоб бермайди, 24 таси тўлиб бўлган.

    Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда вилоят ҳокимларига чиқинди полигонларини тартибга келтириш, ресурсини ўтаб бўлганларини кўмиш бўйича топшириқ берилди. Бундай полигонлар ташкил этиш ва уларни ёпишга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

    Маиший чиқинди тўплаш қамровини 95 фоизга, қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга етказиш вазифаси қўйилар экан, бунинг учун имконият ҳам яратилди. Хусусан, энди импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона божидан 3 йил муддатга озод этилади. Саралаш ва қайта ишлаш техникалари хариди учун 5 йилгача имтиёзли кредитлар ажратилади ва қайта молиялаштириш ставкасидан ошган қисми қоплаб берилади. Бу ишлар учун халқаро молия институтларининг имтиёзли маблағлари ҳисобидан 5 йил муддатга босқичма-босқич 500 миллиард сўм кредит ажратилади.

    Бу соҳадаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги айтилди. Қайта ишлаш қуввати бор кластерларга ер, мол-мулк ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз қилиб белгиланди. Бунинг эвазига уларга ўз ҳудудидаги чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини камида 40 фоизга олиб чиқиш талаби қўйилди.

    Туман ва шаҳарларда давлат-хусусий шериклик асосида шундай корхоналар ташкил этиш, ҳудудлар учун 500 та махсус транспорт олиб келиш, ижтимоий муассасалар ва бозорларга қўшимча контейнерлар ўрнатиш бўйича топшириқлар берилди.

    Шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Махсустранс” корхонаси трансформация қилиниб, унинг негизида давлат-хусусий шериклик корхонаси ташкил этилади. Хорижий тажрибадан келиб чиқиб, маиший чиқиндиларга тўлов ундиришнинг янги тизими йўлга қўйилади.

    Органик, қурилиш ва тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилишнинг хавфсиз тизимини яратиш зарурлиги қайд этилди.

    – Бу соҳани йил сайин такомиллаштириб бориш керак, чунки йил сайин янги муаммолар пайдо бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Маълумки, 2021 йил ноябрда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилиниб, 200 миллион туп дарахт кўчати экиш режалаштирилган эди. Бунга мувофиқ, кузда 85 миллион дона кўчат ўтқазилди. Кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик бу савобли ишда жонбозлик кўрсатди. Бу йил баҳор мавсумида 125 миллион дона дарахт кўчатларини экиш мўлжалланмоқда.

    – “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доирасида келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчатини экишни мақсад қилганмиз. Бу умуммиллий ҳаракатнинг натижаси ҳар бир маҳаллада кўриниши керак, бу савобли ишни ҳавас билан қилиш керак, – деди давлатимиз раҳбари.

    1 мартдан “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланиши эълон қилинди. Ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб, уларни етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига 10 миллион дона мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатиш, Автомобиль йўллари қўмитасига халқаро ва республика аҳамиятидаги йўллар четида ихота дарахтзорлар барпо этиш бўйича топшириқ берилди.

    Мутасадди идораларга барча туман ва шаҳарларни қамраб оладиган “мобил эко патруллар” фаолиятини йўлга қўйиш топширилди.

    Йиғилишда соҳа мутасаддилари ва вилоят ҳокимларининг ахбороти эшитилди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates