Ахборот технологиялари қўл етмас соҳа эмас

    Замонавий дунёда ақлий меҳнат ҳам бойлик манбаи эканини тушунишимиз керак.

    Кўпчилигимиз АT (ахборот технологиялари) деганда, бизга бегона, узоқдаги қўл етмас соҳани тушунамиз. Аммо ён-атрофимиз, қилаётган ишларимиз, кундалик турмушимиз шу соҳа билан чамбарчас боғланиб кетганини эътибордан четда қолдирамиз. Бу соҳани халқимиз орасида тарғиб қилиш, маъно-мазмунини тушунтириш ишлари бир оз оқсаётгандек, назаримизда.

    Тўғри, бу борада бажарилаётган амалий ишлар эътироф этишга арзийди. Рақамли технологиялар вазирлиги ташкил этилиши, ҳар бир ҳудудда фаолият юритаётган IT парклар, бепул ёки арзон курслар фаолияти йўлга қўйилгани, грантлар ва стипендиялар ажратилаётгани, мутахассислар билан тинимсиз учрашувлар ўтказилиши соҳадаги ишларнинг қанчалик кўламдор эканини кўрсатади.

    Гап АТ тарғиботи ҳақида экан, бу борадаги саъй-ҳаракатларимизнинг кўриниши ҳақида гапириб ўтиш жоиз. Ушбу соҳа нима экани ва имкониятлари ҳақидаги умумий мазмундаги тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилади. Унинг масофавий иш, юқори даромад манбаи ва эркин иш вақтига мослашгани ҳақидаги тарғиботларга ҳам кўп гувоҳ бўламиз. Соҳада муваффақият қозонган инсонларнинг бугунги фаолияти ҳақидаги мисоллар кўрган кўзни қувнатади. Аммо ана шу кўзни қувнатадиган жойида яна бир нозик жиҳат ҳам борки, бу айнан шу соҳа ва унга қизиққан инсон ўртасида чегаранинг ҳосил бўлишидир. Чекка ҳудудлардаги ҳамма одам ҳам АT ҳақида чуқур тушунчага эга эмаслигини тўғри қабул қилиш керак. Шунинг учун ушбу соҳанинг афзалликларини тарғиб қилиш, компьютер ёки телефон орқали яхшигина даромад топиш имкониятларини тушунтириш, қишлоқда яшаб ҳам АT орқали пул топиш мумкинлигини мисоллар билан кўрсатиб бериш керак.

    Икки йилча аввал шу мавзуда дастурчи дўстим билан суҳбатлашиб қолгандик. Ўшанда у қизиқ гапларни айтганди:

    — Бизнинг аксарият одамлар онгида бой бўлиш учун, албатта, қора терга ботиб ишлаш керак, деган тушунча бор. Яъни бозорда савдо қилишинг, бизнес ёки ишлаб чиқариш қилишинг керак, деган фикр. Лекин жисмоний меҳнат бойлик эмас, тирикчилик йўли, холос.

    Қарасам, гапида жон бордай. Фикрига қўшилиб-қўшилмай турганимни, аммо қизиқаётганимни кўриб давом этди:

    — Бу эскича қараш, лекин ҳалигача жуда кенг тарқалган. Одамлар бой бўлиш учун жисмоний меҳнат қилиш шарт деб ўйлайди. Чунки илгари фақат шу йўл бор эди. Бугун дунё ўзгарди — ақлий меҳнат, технологиялар асосий бойлик манбаи бўлди. Мана қара, бизнес очиш ёки бозорда савдо қилиш учун катта пул ва таваккалчилик керак. Ҳаммадаям шунақа имконият бор деб ўйлайсанми? Хўп, бизнес ё савдо бошладинг ҳам дейлик. Аммо бир кунда 24 соатдан кўп ишлай олмайсан. Вақтинг, кучинг чекланган. Дастур ёзсанг-чи? Бир марта ёзсанг, минг марталаб ишлайверади. Ёки видеокурс тайёрлайсан — йиллар давомида сотилаверади. Веб-сайт яратиш ёки дизайн қилиш ҳам шундай: бир марта ишлаб чиқиб, доимий даромадни йўлга қўйса бўлади.

    Унинг гапларидан амин бўлдимки, аслида, одамлар АTга қарши ёки бегона эмас, уларнинг аксарияти соҳани яхши тушунмайди, холос. Масала ахборот технологиялари ҳақида эмас, биз уни қандай тарғиб қилаётганимизда. Демак, бу ерда айб шундай қарашдаги одамларда ҳам эмас, балки уни тарғиб қилаётганларда, аниқроғи, етарлича тарғиб қилолмаётганларда.

    Сўнг ундан АТни ўрганишни қаердан ва нимадан бошлаш кераклиги ҳақида сўрайман. Жавоби эса аввалги гапларидан ҳам қизиқ:

    — Одамлар АТни фақат дастурлаш деб ўйлайди, лекин ўзлари аллақачон ундан фойдаланиб келаётганини хаёлига ҳам келтирмайди. Оддий мисол: телефонида Google қидирув тизимидан маълумот излаётган одам рақамли дунёда ишлашни ўрганиб бўлган кишидир. У маълумот қидиришни ўрганмаяпти, ундан кейинги босқичларда ҳаракат қиляпти.

    Tik-Tok, Telegram ёки Instagram ижтимоий тармоғига видео жойлаяпсан, дейлик — SMM устасининг иши ана шундай бошланади. Кейинчалик ўз устида ишлаб, такомиллашиб бораверади. Кўп ёшлар телефонда расмга ёзув қўшиш, видеонинг ранги ё шаклини ­ўзгартиришни билади. Дизайнерликнинг бошланиши айнан шу.

    Ҳозир кўпчиликнинг YouTube ижтимоий тармоғида саҳифаси бор. Гарчи ­обуначилари ва томошабини саноқли бўлса-да, видео қирқиш, овозни монтаж қилишни билади. Видеомонтажчилик, ҳатто видеомуҳаррирлик ҳам мана шу ишлардан бошланади. Ўқув курсига борсангиз, дастлабки вақтларда сизга шу ва шунга ўхшаш кўникмалар ўргатилади.

    Telegram ижтимоий тармоғида шахсий саҳифаси борлар ҳақида ҳам шу гап: бу айнан интернет маркетинг соҳасидаги кўникманинг шаклланиб бўлганини билдиради. Унда контент менежери бўлиш имкони бор! Фақат унинг устида ишлаш, бир оз такомиллаштириш керак, холос.

    Биз нималарнидир онлайн харид қилаётганимизда электрон тижоратнинг қандай ишлашини тушуниб бўлган бўламиз. Демак, ўзимиз ҳам бу ишни қила оламиз.

    Бирор-бир ҳунар, масалан, тикувчилик ёки пайвандлашни яхшилаб ўрганиш учун ўртача 6 ой вақт кетади, дейлик. Агар одам ҳар куни 2 соатини АTни ўрганишга сарфласа, 6 ойда интернет орқали пул ишлай бошлаши мумкин, — деган эди суҳбатдошим.

    Кейин бу гапларнинг исботини кўп кўрдим. Касб юзасидан турли мутахассислар билан гаплашишга, интервьюлар олишга тўғри келади. АТ соҳаси мутахассислари билан гаплашиш ростдан ҳам қизиқ. Ўзининг ишини пухта билади, бошқалар билан иши йўқ. Кўпи алоҳида бир дунёда яшайдигандек туюлади менга.

    Кузатишларимдан хулоса қилганманки, кўпчилик дастурлаш, SMM ёки АTнинг бошқа йўналишлари учун, албатта, олий маълумот керак деб ўйлайди. Бироқ график дизайн, веб-дизайн, тестинг, дастурлаш, SMM каби соҳалар доим ҳам олий маълумот талаб қилмаслигини хаёлига келтирмайди. Ёки ахборот технологиялари билан шуғулланиш учун, албатта, инглиз тилидан хабардор бўлиш керак дейди. Бироқ график дизайн, мобил илова ишлаб чиқиш, веб-дизайн каби йўналишлар чет тилини кўп ҳам талаб қилмаслигини билмайди. Ёки бу соҳаларни ўрганиш учун, албатта, вилоят ва шаҳар марказларига қатнаш, доимий пул тўлаш ёки бир неча йиллаб вақт ажратиш керак деб ҳисоблайди. Бироқ ижтимоий тармоқлар ва сайтларда пул талаб қилинмайдиган ресурслар борлигидан бехабар.

    Бу каби жиҳатлар ростдан ҳам кўп. Аксарият одамлар АTни фақатгина дастурлаш, турли мураккаб алгоритмлар, рақамлар, жуда кам одам тушунадиган формулалар йиғиндиси деб ўйлайди. Ҳолбуки, АT фақат кодлаш ёки кодлар йиғиндиси эмас. Дизайн, маркетинг, видеомонтаж, тестинг каби тушунчалар мазкур соҳанинг асосини ташкил қилади. АT билан шуғулланадиган одам математика ва инглиз тилини яхши билиш керак, деган қараш ҳам бор. Аслида, АT билан шуғулланишни бошлаш учун оддий тушунчалардан хабардорлик ва бир оз ҳаётий тажриба етарли. Дастурчи бўлиш учун бир нечта фанни қайта ўқиш, 10 йиллаб вақт кетказиш керак деб хаёл қиламиз. Бу ишни ёшликда ўрганиш керак, энди кеч бўлди, тинчгина қора меҳнат қилиб юрганим яхши дейдиганлар ҳам топилади. Аммо ён-атрофимизда 40-50 ёшда АTни ўрганганлар, узоғи 2-3 йилда яхши мутахассис бўлиб шаклланганлар ҳам бор. Энг асосийси, биз хато қилиб қўйишдан қўрқамиз. Аммо исталган соҳани олиб кўринг, ўрганишни бошлаганда ҳамма ҳам хато қилади ва бу табиий ҳол.

    Ўзимча ўйлайман: АTни оддий тарғиб этиш учун нималар қилиш керак? Балки биз уни нотўғри тарғиб қилаётгандирмиз? Соҳани фақат кўп пул топиш йўли деб эмас, ҳаёт тарзимизнинг бир қисми сифатида тушунтиришимиз керакдир? АТ дастурлашгина эмас, турли касблар йиғиндиси эканини, қолаверса, бугун барча соҳада у борлигини кўрсатишимиз даркордир?

    Бу саволларнинг амалий жавоби тахминан қуйидагича бўлади.

    Аввало, АT келажак касби эканини тушунтириш лозим. Камбағалликдан чиқиб кетишнинг энг яхши йўлларидан бири АT эканини оддий ва содда усулда тарғиб қилиш талаб этилади.

    Қишлоқда яшаб туриб, у орқали бой бўлганлар, яхши яшаётганлар ҳақида мақолалар, интервьюлар, жонли очерклар тайёрлаш мумкин. Одамларнинг хаёлида “Шу одам уддалабдими, мен ҳам қила оламан!” деган тушунчани пайдо қилишимиз керак. Ёки АTни ўрганиб, бозорда ишлашдан воз кечганлар, савдо-сотиқни тўхтатганлар билан гаплашиш, суҳбатлар уюштириш ҳам самара беради.

    Ёшлар ўзига ўхшаганлардан андоза олади. Шунинг учун реал ҳаётдаги муваффақиятли мисолларни келтириш муҳим. АT орқали камбағалликдан чиқиб кетган инсонларнинг тарихи бошқалар учун ҳам зарур. Соҳа мутахассислари қанча даромад топиши мумкинлигини тушунтириш ҳаммани қизиқтиради.

    АT биз қила олмайдиган юмуш эмас, балки айни вақтда қилаётган ишимиз эканини тушунтира олсак, мақсадимизга бирмунча эришган бўламиз. Юқорида таъкидлаганимиздек, биз АT ҳақидаги бошланғич билим ва кўникмаларга аллақачон эгамиз. Қўлимиздаги телефонда кўп функцияларни бажара оламиз: сайтларга кирамиз, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизга турли медиа маҳсулотларни жойлай оламиз ва ҳоказо. Лекин буларнинг ўзи ҳам АT эканини, айнан унинг бир қисмилигини билмаймиз ёки билишни кўп ҳам истамаймиз.

    Яқинда иш билан банкка бордим. Навбатимни кутиб ўтирибман. Ёнимдаги ёшгина йигит ноутбугини очиб, нималардир қилиб ўтирибди. Навбат кутаётганлар, ўша йигитдан бошқа барча телефон титкилаб ўтирибмиз.

    — Дастурчимисиз? — сўрайман ундан.

    — Йўқ, “айтишник”ман, — деб бепарво жавоб берди у.

    — Ие? Бу нима дегани?

    — Дастурчи эмасман. Лекин шу соҳада ишлайман.

    — “Айтишник” бўлсангиз, давлат хизматлари, банк ишларининг ҳаммасини интернет орқали қила оласиз. Нега бу ерда навбат кутиб ўтирибсиз?

    — Валюта сотиб олгани келдим. Бунинг учун банкка келиш шарт. Лекин сиз, қўлингиздаги қоғозга қараганда, кредит тўлагани келгансиз. Сиз келишингиз шарт эмас эди. Уйда ёки ишхонада ўтириб, телефон орқали тўлай олардингиз.

    — Кредит эмас, бўлиб тўлаш.

    — Униям телефон орқали тўласа бўлади. Ҳисоб рақами борми, бўлди-да.

    Ўзини Сардор деб таништирган йигит менга давлат хизматларидан электрон фойдаланиш билан қанча вақт ва пулни тежаш мумкинлигини оддийгина қилиб тушунтириб берди:

    — my.gov.uz платформаси орқали жуда кўп давлат хизматларидан фойдаланса бўлади. Лекин кўпчилигимиз ҳали ҳам бу платформадан фойдаланишни билмаймиз. Одамлар қанчадир пулини ва ярим кун-бир кунлаб вақтини сарфлаб, давлат хизматлари маркази ёки ташкилотлар эшигида навбатда туради.

    — Одамлар АTдан эмас, нотаниш нарсадан ҳайиқмасмикан? Яъни “мен нотўғри бажараман”, “хато қилиб қўйишим мумкин”, “мен буни тушунмайман” деган фикрлар туфайли ундан фойдаланмас, балки?

    Йигит норози қиёфада бир қараб қўйиб, гапида давом этади:

    — Бунисиям тўғри. Одамларга маълумотни нотўғри киритиб қўйса, муаммо пайдо бўладиган ё жарима қўлланадигандек ёки қоғоз шаклидаги ҳужжатни қўлга олмаса, у ҳақиқий эмасдек туюлади. Атрофдагилари фойдаланмаса, у ҳам тинчгина фойдаланмай қўя қолади. Энг осони бориб ёрдам сўраш ёки кимдир шу ишингизни қилиб бериши бўлади. Қаранг, my.gov.uzдан фойдаланиш Telegram ёки Facebook ишлатишдан кўра мураккаб эмас. Қўлингизда смартфон ва интернет бўлса, давлат идорасига бораверишингиз шарт эмас. Буни бир марта ўргансангиз, кейин 10 марта вақтингиз тежалади.

    — Балки my.gov.uzни ҳам Telegram ёки Facebook кабиларга ўхшатиб соддалаштириш керакдир? Платформанинг кўриниши мураккабдир, рўйхатдан ўтиш, функцияларни тушуниш борасида қийинчиликлар бордир?

    — Мен айнан бу йўналишда ишламайман. Лекин сиз айтган ишларни ҳам қилса бўлади. Одамлар my.gov.uzга кириб, қидириб ўтирмай, Telegram ёки шунга ўхшаш қулай мобил иловада ишини тез бажара олса, кўп маълумот талаб қилмайдиган автоматлаштирилган тизим яратилса, бу жуда яхши бўлади. Дастурчилар бу жиҳатини ҳам ўйлаётгани аниқ.

    Шу билан суҳбатимиз тугади. Сардорнинг айтганлари кўпимиз биладиган, аммо эътибор бермайдиган гаплар.

    Энди эса мавзунинг кўлами кенгая бошлайди.

    Профессионал АT мутахассислари яхши даромад топиши маълум. Лекин бошланғич мутахассислар, соҳани янги ўрганаётганлар қачон даромадга чиқа бошлайди?

    Қайси йўналишда қанча вақтда пул ишлай бошлаш мумкин?

    Япония қандай қилиб улкан технологик давлатга айланди?

    Ҳиндистон қанча вақтда АT конвейери бўла олди?

    Бу тажрибалар биз учун жуда муҳим ва долзарб. Бироқ булар алоҳида тўхталиш, алоҳида таҳлил қилиниши зарур бўлган мавзулар.

    Дадахон МУҲАММАДИЕВ,

    журналист