Ахлоқсизлик "янги ахлоқ”ми?

    Бугунги ахлоқсизлик фалсафаси тарафдорлари ахлоқсизликни “янги ахлоқ”, дея оқлашга ҳаракат қилмоқда. Бошқача айтганда, бугунги ижтимоий тараққиёт мазмунини соғлом ахлоқ ва ахлоқсизликнинг беаёв жанги сифатида тасаввур қилиш мумкин.

    Минг йиллар давомида ҳар бир миллат ва элатнинг мутафаккир-олимлари, алломаларию донишмандлари шахснинг асл мазмун-маъносини англашга, “У аслида ким?” деган саволга жавоб қидирган. Инсоннинг асл моҳияти нимадан иборат, деган саволга ҳали ҳам ҳеч ким муфассал жавоб бера олмади. Яратилган минглаб назариялар, кашф этилган кашфиётлар, турли илм масканларида ўтказилган тажрибалар, ёқланган диссертациялар, уларда билдирилган фикрлар, тақдим этилган хулосалар натижа берганда ва инсонлар уларга амал қилганда ҳозир шахс тарбияси, маънавият, маданият тўғрисида бонг уриб ўтирмас эдик.

    Афсуски, бу борада инсоният томонидан яратилган катта илмий-маърифий бойликларимиз ҳам башарият кутган натижаларни бермаяпти. Акс ҳолда, бугунги дунёнинг шиддат билан ривожланиб бориши туфайли пайдо бўлаётган ички ва ташқи мафкуравий, ғоявий таҳдидлар одамларни аёвсиз равишда, ваҳшиёна тарзда ўз домига тортмаган, адолатсизликлар, ёвузликлар, маънавий-мафкуравий буҳронлар шу даражада урчимаган бўлар эди.

    Шу маънода, инсон тарбияси, камолоти масаласи беш минг йил аввал қандай бўлса, бугун ҳам аҳамияти мутлақо ўзгармаган. Таассуфки, бу муаммолар камаймагани етмагандек янги мазмун ва шаклларда “такомиллашиб” бормоқда.

    Ана шундай мураккаб замонда ўз ватани ва миллати келажагини ўйлаган ҳар бир давлат қандай бўлмасин, мазкур муаммони ҳал этишга ўзини масъул ҳисоблайди. Шукрлар бўлсинки, мамлакатимиз раҳбари бу масалада алоҳида ташаббус кўрсатиб, маънавият, маърифат, тарбия масаласига келажакда тақдиримизни ҳал эта оладиган катта куч сифатида эътибор қаратмоқда.

    Президентимиз Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг ўтган йил 22 декабрда бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида бежиз куйинчаклик билан “Азизларим, тарбияси издан чиққан нопок кимсалардан огоҳ бўлайлик!”, “Фарзандларимизни уларнинг бузғунчи таъсиридан асрайлик!”, “Келажагимизни ёвуз кучлар қўлига бериб қўйишга асло ҳаққимиз йўқ”, “Агар барчамиз биргаликда қатъий ҳаракат қилсак, жамиятимизда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлашга албатта қодирмиз”, демаган эди.

    Бугун мамлакатимизда соғлом маънавий-мафкуравий муҳит яратиш умумхалқ ҳаракатига айланиб бораётир. Ҳали ички, ҳали ташқи таҳдидлар тобора кўпайиб бораётган бир шароитда мамлакат раҳбари одамларни, айниқса, ёшларимизни бундай таҳдидлардан муносиб ҳимоя қилишнинг чуқур ўйланган стратегиясини ишлаб чиқди. Бунда маънавият, маърифат, миллий ахлоқ, илм-фан, маданият, тарбия масалаларининг уйғунлигига устувор аҳамият берилмоқда.

    Шу ўринда халқимизни, айниқса, ёш авлодни бугун тобора кўпайиб бораётган, эътиқоди суст баъзи ёшларни ўз домига тортаётган турли ахлоқсизликлардан асраш ўта жиддий ва муҳим масаладир. Ахлоқ аслида маънавият ва тарбиянинг ўзаги бўлса-да, бугун ушбу феномен ҳодиса катта сиёсатга дахлдор масалага айланиб бўлди. Айрим давлатлар, турли нодавлат нотижорат ташкилотлар, халқаро корпорациялар ўз манфаати, сиёсий мақсади йўлида ахлоқ масаласидан, янаям аниқроқ айтсак, ижтимоий ахлоқсизликлардан фойдаланишга эътиборни тобора кучайтирмоқда.

    Шунинг учун ҳозир қайси давлат ўз сиёсати марказига юксак ахлоқ масаласини қўйса, ўша жойда бу борада муайян муваффақиятга эришиш мумкин. Мутафаккир Конфуций икки ярим минг йиллар аввал бу ҳақда бундай деган эди: “Ҳукмдор мамлакатни ахлоқий фазилатга таяниб бошқарса, у худди Қутб юлдузи сингари муайян жойда туриб, юлдузлар қуршовида бўлади”.

    Давлат бошқарувида тарбия, айниқса, ахлоқ меъёрларига суяниб иш юритилган жойда, шубҳасиз, ютуққа эришиш мумкин. Юқорида номи тилга олинган муаллифнинг таъкидлашича, халқ маъмурий-буйруқбозлик билан бошқарилса, хатти-ҳаракати исканжалар ёрдамида тартибга солинса, оддий халқ жиноят содир этишдан мажбуран ўзини тийиб туради, лекин жиноятнинг иснодлигини англаб етмайди. Халқ мурувват ва ишонтириш йўли билан, ахлоқ қоидалари, адолатга асосан бошқарилса, бундай халқ эгри иш қилиш иснодлигини тушунади.

    Юртимиздан етишиб чиққан мутафаккирлар асарларида ҳам маънавият, маърифат ва ахлоқ масалаларига жуда катта эътибор берилади. Ахлоқ ҳаттоки қонун кучига эга бўлиши лозимлиги қайд этилади.

    Ҳақиқатан ҳам шундай: миллий қадрияти бой, азалдан тарбия масаласига, ёшлар келажагига алоҳида аҳамият берган халқларда ахлоқ давлат қабул қилган қонунлардан ҳам устувор аҳамиятга эга бўлади. Шу маънода, агар биз қонун устуворлигини ахлоқий меъёрлар устуворлиги билан уйғунлаштира олсак, жамиятни том маънода маънавий-мафкуравий барқарорлаштиришга эришамиз. Шу ўринда буюк мутафаккир Абу Наср Форобийнинг одамлар маънавий-ахлоқий фазилатларга эришишни истаб, илтижо қилиб, уларни ўзлаштиришга эътибор бериши керак, токи ахлоқ қонуний, мақтовларга сазовор ва илоҳий бўлиб қолсин, деган фикрларини эслаш кифоя.

    Ушбу фикр-мулоҳазалар бизни қуйидаги хулосага олиб келади: бугун ахлоқ инсон, жамият ва давлат тақдирини ҳал этувчи энг устувор масалага айланиб бўлди. Авваллари жаҳон майдонидаги муҳим сиёсий масалаларни ҳал этишда қуролли тўқнашувлар, ҳарбий йўллар кучига устувор ўрин берилган, кейинчалик эса сиёсат ва дипломатиянинг таъсирчан кучидан фойдаланилган бўлса, энди бу масалани ахлоқ, аниқроғи, одамлар орасида ахлоқсизлик кўринишларини кенг тарғиб этиш асосида ҳал этишга уриниш кучайиб бормоқда.

    Бугун дунёнинг ҳарбий-сиёсий, мафкуравий муаммоларини ахлоқ ҳодисаси билан ҳал этишга уриниш инсониятни жар ёқасига олиб келаётган хавф-хатардан бошқа нарса эмас. Шу маънода, бугун ахлоқсизлик инсониятни тубсиз жарга улоқтирадиган сохта қадриятга айланиб бўлди.

    Шу ўринда бугунги ахлоқсизлик фалсафасининг моҳиятини одамларда маънавият ва маърифатга, тарбияга табиий эҳтиёжнинг йўқолиб бориши билан изоҳлаш тўғри бўларди. Дарҳақиқат, инсоннинг ўз ахлоқий сифатларини шакллантиришга ҳар бир уриниши табиий мазмунга эга. Чунки ҳар биримиз ёшликдан халқимизга минг йиллар давомида сингдириб келинаётган миллий қадриятлар, миллий тарбия орқали эҳтиёжларимизни шакллантирамиз ва уларни янги сифатлар билан бойитишга ҳаракат қиламиз. Шу маънода, маънавиятга, тарбияга, миллий ахлоққа эҳтиёжимиз табиий ҳаракатимизнинг асосини ташкил этади.

    Ана шу ҳаракатимиз энди ахлоқсизлик фалсафасининг кучли таъсири остида емирилмоқда, зарбага учрамоқда. Бугун икки юз элликка яқин давлатнинг 20 дан ортиғида бир жинслилар никоҳи қонунийлаштирилгани, бу ҳолатнинг Осиё давлатларида ҳам пайдо бўла бошлагани аслида ахлоқсизлик фалсафаси ҳосиласидир.

    Баъзи давлатларда шахс туғилишини рўйхатга олиш ҳужжатида “отаси”, “онаси” деб ёзилган ёзувларни аёллар ҳуқуқини эркакларники билан тенглаштириш баҳонасида инкор этиш борасидаги ҳаракатларни ахлоқсизлик фалсафасининг жирканч “меваси”, демасдан нима дейиш мумкин?

    Ахлоқсизлик фалсафасининг энг хатарлиси, ўзбек миллий қадриятлари орасида муқаддас ҳисобланган никоҳни ислоҳ қилишга зўр берилмоқда. Ўша сохта фалсафанинг ғояларига биноан никоҳ, шу аснода оила институти қадимда тирикчилик ўтказиш эҳтиёжини қондириш мақсадида зўравонлик негизида вужудга келган эмиш. Шунинг учун ҳам айримлар ҳозирги кўринишдаги оила йўқ қилиниши керак, никоҳ йўқ қилинмас экан, эркак ва аёллар ўртасидаги тенгсизликка ҳеч қачон барҳам берилмайди, демоқда баралла.

    “Оммавий маданият” тўғрисида кўп гапирадиган бўлиб қолдик. Бунинг сабаби шундаки, у энди эшикларимизни баралла қоқиб келмоқда. Бундай ўта хатарли офат юртимизда ҳам ўзини эркин ҳис этиб юрибди. У тарғиб этаётган қадриятлардан бири – жинсий майл оналик бахтидан анча юқори туради.

    Бугунги ахлоқсизлик фалсафаси тарафдорлари ахлоқсизликни “янги ахлоқ”, дея оқлашга ҳаракат қилмоқда. Бошқача айтганда, бугунги ижтимоий тараққиёт мазмунини соғлом ахлоқ ва ахлоқсизликнинг беаёв жанги сифатида тасаввур қилиш мумкин. Минг йиллар давомида шаклланган, одамларнинг яратиш, кашф этиш, иқтидорини тарбиялашга қаратилган миллий қадриятларга суянган, ўз юртидан етишиб чиққан, шунингдек, инсониятнинг илғор ғоялари асосида тафаккур тарзини такомиллаштиришга ҳаракат қилган, ўзини ўзи тараққий эттиришга эҳтиёж сезган ҳар қандай инсон ахлоқсизликнинг барча кўринишига зарба бера олади.

    Айни пайтда эътиқоди суст, ўзлигини йўқотган, миллий тарихи, маданияти, ахлоқидан руҳий қувват олишни билиб-билмасдан инкор этадиган ҳар қандай инсон “янги ахлоқ”нинг қулига айланиб қолаверади.

    Хўш, “янги ахлоқ” нимага даъват этяпти?

    Биринчидан, “янги ахлоқ” тарафдорлари, энг аввало, жамиятда минг йиллар давомида шаклланган ва ота-боболаримиз томонидан яратилган барча қадриятни тараққиётга тўсиқ сифатида инкор этади. Уларнинг наздида эски нарсаларнинг барчаси иллат. Зино, аборт, эвтаназия, суиқасд, суицидни бугун инсоният эришган ютуқ сифатида баҳолайди. Миллийлик, ўзлик, руҳий яқинлик каби меъёрларни рад этади.

    Иккинчидан, “янги ахлоқ” тарафдорларида индивидуализм руҳияти жуда кучли бўлади. Жамоа, жамиятда яшаш, ижтимоий бирлик, халқ манфаатлари каби тушунчалар улар учун мутлақо бегона. Бунда ҳар бир киши фақат ўзи учун зарур бўлган “қадриятлар” тизимини яратади. Бундай тизимнинг пойдевори индивидуализм, гедонизм, космополитизмдан иборат бўлади. Юқорида таъкидлаганимиздек, улар учун инсоният томонидан минг йиллар давомида яратилган том маънодаги қадриятлар “ортиқча матоҳ”.

    Учинчидан, “янги ахлоқ” тарафдорлари стратегиясида ҳокимиятни қўлга олиш, ўз сохта қадриятларини давлат қонунлари билан мустаҳкамлаш алоҳида ўрин тутади. Бунга мисоллар бугун қалашиб ётибди. Бир жинслилар никоҳининг қонунийлаштирилиши, оила, фарзанд тарбияси бўйича давлат ва “янги ахлоқ” тарафдорлари ўртасидаги келишмовчиликлар, қонун яратувчи ва қабул қилувчиларнинг қарор қабул қилишдаги эътиқодсизлиги – буларнинг бари бугунги дунёда “янги ахлоқ” тарафдорлари тобора кўпайиб бораётганидан дарак.

    Тўртинчидан, “янги ахлоқ”чилар жамиятни фазилатли ва иллатли жамиятларга бўлиб ташлайди. Қадриятларнинг қадрсизланиши туфайли улар иерархиясида “эркин севги”, “оиласиз жамият”, “жинсий бирлик” каби тушунчалар устуворлиги юзага келади. Оқибатда жамиятларнинг бўлиниш ҳодисаси юз беради. Миллийлик, ўзликни сақлаб қолишга интилаётган, миллат ва мамлакат бирлигини муқаддас ҳисоблаган соғлом “консерваторлар” билан инсонни маънан ва руҳан эзиб, фалаж ҳолатга олиб келадиган “радикаллар” ўртасида беаёв кураш кучаяди.

    Бешинчидан, “янги ахлоқ” тарафдорлари анъанавий ахлоқнинг емирилишини ижтимоий тараққиёт ғалабаси, янгининг эски устидан устуворлиги сифатида мадҳ этади. Улар ўй-хаёлини жамият ҳаётида шаклланган, одат тусига кирган ҳар қандай қоида, тамойил ва қонунларни, ўтмишни бутунлай инкор этишдан иборат нигилизм ғояси банд қилади. Ўтмишга нисбатан нафрат ҳисси шаклланиши бу ғоя асосининг маъно-мазмунини ташкил этади.

    Шунингдек, жамиятда ўз ўрнини топа олмаган, бирор-бир ижтимоий табақа, гуруҳга эга бўлмаган, фақат ўзининг индивидуал манфаатлари билангина яшайдиган, бошқача айтганда, аросатда қолган кимсалар кайфиятидаги маргиналларнинг шаклланиши ҳам “янги ахлоқ” тарафдорларидан иборат бўлади. Бундайлар одатда ўз фикрига эга бўлмайди, доим руҳий беқарор ва тушкун юради.

    Олтинчидан, “янги ахлоқ” тарафдорларида ватан туйғуси, юртидан ғурурланиш, уни ҳар қандай вазиятда ҳимоя қилишга шайлик ҳисси бўлмайди. Космополитизм – ватансизлик ғояси бундай ахлоқнинг мазмунини ташкил этади. “Дунё фуқароси”га айланиш ҳар бир “янги ахлоқ” тарафдорининг орзусидир. Уларнинг қарашига асосан ҳар қандай мамлакат ёки миллатнинг улуғланиши бошқаларга, айниқса, қўшниларга нисбатан ишончсизлик ҳолларига, баъзан эса қуролли тўқнашувларга олиб келар экан.

    Еттинчидан, ушбу ахлоқ мўлжалига биноан улар учун энг қулай вазият мамлакат ва жамиятдаги беқарорликдир. Чунки ижтимоий-сиёсий, маънавий-мафкуравий беқарорлик давлат ҳамда барча тузилмасидаги уюшқоқлик ва мутаносибликни издан чиқаради, тартибсизлик ҳамда бошбошдоқликка йўл очиб беради.

    Инсоннинг моҳиятини аниқлашда ахлоқи билан ахлоқсизлигининг фарқини билиш алоҳида ўрин эгаллайди. Бироқ бу фарқни ҳамма ҳам билавермайди, англайвермайди. Бунинг учун бизга икки муҳим феномен ҳодиса керак. Биринчиси ақл бўлса, кейингиси – маънавият.

    Яна бир гап: инсоннинг онгли фаолиятини тартибга солиш ўта қийин. Бу жараёнда ҳар биримиз олган билимимиз, тўплаган амалий тажрибамизга суянамиз. Айни пайтда фаолиятимизни тартибга солишда давлат томонидан қабул қилинган ва жамият тарафидан эътироф этилган қонунларнинг ўрни ҳам катта. Умуман олганда, демократик жамиятни барпо этишда қонунларнинг ижтимоий аҳамиятини бошқа бирор қадрият, нарса билан алмаштириб бўлмайди. Бу — аксиома.

    Аммо шуни унутмаслик лозимки, қонунлар ҳар бир жамиятда ўзига хос аҳамиятга эга. Масалан, Ғарб давлатларидаги қонунлар ўша халқнинг менталитети, қадриятлари, узоқ даврлар давомида тўпланган ижтимоий тажрибасидан, қабул қилинган ахлоқий меъёрларидан устун турса, Шарқ халқларида, жумладан, Ўзбекистон шароитида инсоннинг қонунлар ва ахлоқий нормаларга нисбатан муносабати ўзгача.

    Таъбир жоиз бўлса, бизда шахснинг миллий ахлоққа, умуман, анъанавий қадриятларга муносабати мавжуд қонунларга қарашларидан кам эмас. Айрим ҳолларда аҳолининг миллий ахлоққа муносабати барча муносабатлар силсиласида устунлик қилиши ҳам мумкин.

    Назаримда, миллий ахлоқимиз мазмун-моҳиятида “ижтимоий уялиш” ҳисси алоҳида аҳамият касб этади. “Ижтимоий уялиш” кишиларнинг асрлар давомида шаклланган, узоқ даврларда ижтимоий тажрибадан ўтган, халқимизнинг яратувчилик фаолияти мобайнида ривожланган юксак эътиқод ҳисси сифатида намоён бўлади.

    Назаримизда, ушбу “ижтимоий уялиш” ҳисси бир томондан миллий ахлоқнинг устуворлигини таъминласа, бошқа тарафдан, мавжуд қонунчиликка амал қилиш кўникмасини шакллантиради. Бугун дунёнинг ҳаддан ташқари тез глобаллашуви, турли ички ва ташқи ғоявий-мафкуравий таҳдидларга қарамасдан халқимизнинг ўзлигини сақлаб қолиш, қадриятларимизга содиқлик ҳисси йўқолмаслигини шу маънода тушуниш тўғри бўлади.

    Тадқиқотчи Юло Вооглайднинг таъкидлашича, инсоннинг хулқ-атвори ва ижтимоий ҳаёти асосан ахлоқ билан тартибга солинади. Маълумотларга кўра, инсонлардан 60 фоизининг хулқ-атвори виждонга, билимга ва ахлоқий меъёрларни ҳурмат қилишга боғлиқ. Ахлоқни ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди. Агар ахлоқ ишламаса, жамиятдаги барча институт – ташкилотлар, жамоалар, оилалару бошқа ҳамма нарса зулматга юз тутади.

    Муаллифнинг бундай қатъий хулосага келишини, “ахлоқсиз жамиятнинг зулматга юз тутиши”ни унинг Ғарб дунёсидаги бугунги реал ҳолатни чуқур ўрганиши натижасида чиқарган сабоғи туфайли, деб билиш мумкин.

    Юқоридаги таҳлиллардан аён бўлмоқдаки, ҳақиқатан ҳам, тарбия, ахлоқ масаласи бугун жаҳоний мазмун касб этмоқда. Ҳар қандай давлат ва жамиятда ушбу масалага қаратилган эътибор, ахлоқнинг жамият тараққиётидаги ўрнини тўғри белгилаш, сўзсиз, ижтимоий тараққиётга йўл очади.

    Шу ўринда сиёсат ва ахлоқ масаласига, уларнинг ўзаро мутаносиблигига алоҳида эътибор керак, деб ўйлаймиз. Давлат юритадиган ҳар қандай сиёсат инсон манфаатларига хизмат қилиши лозим. Давлат томонидан турли ахлоқсизликларга йўл очиб берилиши кечириб бўлмас ахлоқсизликдир. Бунга мисол кўп.

    Масалан, мустабид совет тузуми шароитида миллий ахлоқимизнинг соф манбаи бўлган ислом динига муносабат, миллий ўзликни тараннум этишга бағишланган асарлар яратган зиёлиларнинг қатағон қилиниши, қадрият ва анъаналарга эскилик сарқити сифатида тақиқ қўйилиши – буларнинг бари сиёсатдаги ахлоқсизликдан бошқа нарса эмас эди.

    Шу маънода, сиёсат ахлоқдан сув ичмас экан, у ҳеч қачон ҳақиқат манбаига айланмайди. Сиёсатнинг ахлоқий меъёрлар билан суғорилмаслиги жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит беқарорлигига сабаб бўлади.

    Шунинг учун ҳам мамлакатимизда фуқаролар, айниқса, жамият, давлат ва миллат келажаги бўлган ёшлар тарбиясига устувор даражада эътибор қаратиб келинмоқда. Ушбу ҳолат давлат сиёсатида ҳам ўз аксини топмоқда. Масалан, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 21-, 33-, 44-, 71- ва 79-моддаларида “ахлоқ” сўзи ишлатилган. 21-, 33-, 71-моддаларида эса ижтимоий ахлоқ масаласига эътибор берилган.

    Хўш, нима учун 1992 йилда қабул қилинган Конституциямизнинг бирорта ҳам моддасида “ахлоқ” сўзи ишлатилмаган бир вазиятда энди мазкур масала алоҳида диққатга сазовор бўлмоқда? Бунинг бирдан-бир сабаби ижтимоий тараққиётнинг бугунга келиб ҳам дунё миқёсида, ҳам унинг таъсирида мамлакатимизда турли ички ва ташқи маънавий-мафкуравий таъсирлар туфайли ахлоқсизликнинг авваллари инсоният тасаввурига ҳам сиғдира олмаган кўринишлари тобора кўпайиб бораётганида, деб ўйлаймиз.

    Ахлоқсизликнинг ижтимоий мазмунга эга бўлиб бораётгани ҳақ гап. Энди бундан қочиб қутулиш қийинга ўхшайди. Чунки ижтимоий тармоқлар инсоният ҳаётига шу даражада чуқур кириб боряптики, уни гўё барчамизни ҳамма томондан сиқиб келаётган, ўзининг домига тортиб келаётган “спрут”га қиёслаш мумкин. Бироқ ҳозир “тақдирга тан бериб” ўтирадиган пайт эмас. Ҳаракат қилиш, мураккаб маънавий-мафкуравий вазиятдан қутулиш чораларини кўриш керак.

    Бу ҳақда кўп гапирилмоқда. Мамлакатимиз раҳбари Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг 2023 йил 22 декабрда бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида ҳам, кейинчалик яна қатор тадбирлардаги нутқ ва маърузаларида ҳам жамиятда мустаҳкам ижтимоий-маънавий барқарорликни таъминлаш, халқимизни турли мафкуравий-ғоявий таҳдидлардан асраб қолиш жамият ҳамда миллат келажаги учун жуда муҳим экани тўғрисида куйиниб гапирди, маслаҳатлар берди.

    Бу борада қатор ташкилий масалалар ҳал этилди. Бир сўз билан айтганда, аҳолини турли ахлоқсизлик, “янги ахлоқ”дан асраб қолиш бўйича давлат ва мамлакат раҳбари томонидан қилиниши лозим бўлган барча ишлар бажарилди. Назаримда, энди ҳамма гап ўзимизда қолди.

    Миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз, урф-одатларимиз, ахлоқимизга зид, халқимиз доимо қоралаб келган турли иллатлар олдида ожизлигимизни кўрсатиш, миллий тараққиётимизни тўхтатишга, секинлаштиришга қаратилган ички ва ташқи таҳдидларни оқилона таҳлил эта олмаслигимиз, яхшини ёмондан, оқни қорадан ажрата олишдаги тажрибасизлик ва уқувсизлик — буларнинг бари ижтимоий тармоқлар қулига айланишимизни тобора яқинлаштириб бораверади.

    Халқимиз “Яхши билан юрсанг — етарсан муродга, ёмон билан юрсанг — қоларсан уятга”, деб бежиз айтмаган. Яхшилар билан бирга бўлиш, улардан тажриба ўрганиш, иллат билан фазилатнинг фарқига бориш доимо муҳим аҳамият касб этаверади.

    Шу ўринда буюк бобомиз Хожа Самандар Муҳаммад ибн Бақо Термизийнинг 1695 йили ёзилган “Дастур ул-мулук” (“Подшоҳларга қўлланма”) асаридаги қуйидаги фикрларни келтиришни лозим топдик: “Азизим, фосиқ, ахлоқсиз ва нодон одамлар суҳбатида бўлишдан ҳазар қил. Ақли расо, билимдон одамларга хизмат қилишни ўзингга мажбурият қилиб ол ва улардан асло тортинма. Чунки ахлоқсиз, ўқимаган, жоҳил ва одобсиз кишилар билан муносабатда бўлиш қора илонни озиқлантириш билан баробар бўлиб, у қачондир зарар етказади, атторчилик сандиқчасига монанд бўлган яхши, ақли расо, билимдон инсонлар билан бирга бўлиш, учрашиб туриш, муомала қилиш фойдадан холи бўлмайди”.

    Шу ўринда яна бир муҳим масала хусусида баъзи фикрларни айтишни лозим топдик. Гап раҳбар маънавияти устида кетмоқда. Маълумки, барча катта-кичик раҳбарлар маънавият, маърифат, тарбия, уларнинг жамият тараққиётидаги ўрни хусусида тўлиб-тошиб гапиришни яхши кўради. Бу бўйича юзлаб, минглаб мажлислар, йиғилишлар, тадбирлар, конференциялар, тренинглар, машғулотлар ўтказилади.

    Бироқ бу тадбирларнинг жамиятда ижтимоий ахлоқни яхшилашга таъсири ҳақида эса ўйлаб кўрмаймиз. Таълим муассасаларида, ташкилот ва идораларда бўлиб ўтган тадбирлар таъсирини ўтказганда эди, бу жамиятда “янги ахлоқ”қа жой топилмасди.

    Бунинг ҳам сабаблари кўп. Айни пайтда катта-кичик идора, муассасалар айрим раҳбарларининг маънавияти, ахлоқий қарашлари, умуман, миллий ахлоққа муносабати муносиб даражада эмаслигини ҳам тан олиш лозим. Жамиятда мустаҳкам ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантирмоқчи, аҳоли, айниқса, ёшларимизни буюк қадриятларимиз руҳида тарбияламоқчи бўлсак, шубҳасиз, бу ўринда барча катта-кичик раҳбарлар ўрнак бўлиши лозим. Аммо айрим ижтимоий тармоқларда баъзи раҳбарларнинг “хурмача” қилиқлари жамиятда норозилик билан кутиб олинмоқда.

    Яна бир масала бор: одатда турли режалар, белгиланган вазифалар, асосан иқтисодий масалаларни ҳал этишдаги камчиликлар, хатоларга йўл қўйилганда ўша ташкилот, муассаса, идора раҳбарларига турли маъмурий, жиноий жазолар белгиланади. Бу ўша раҳбарларнинг фаолиятини тартибга солишга, ишга масъулият билан ёндашишига имкон беради.

    Аммо мазкур ташкилот, идорада, дейлик, туман, шаҳар миқёсида маънавий-маърифий, тарбиявий ишлар ўлда-жўлда бўлган жойларда, турли сабаб натижасида ижтимоий-маънавий муҳитнинг муайян маънода беқарорлашуви билан боғлиқ ҳолатларда деярли ҳеч ким, айниқса, ўша ҳудудлар раҳбарлари ҳеч қандай жазога тортилмайди. Ушбу ҳолат бундай раҳбарларда тарбия, ахлоқ масалаларига эътиборсизликни, маънавият ва маърифатни тан олмасликдан иборат ярамас иллатни келтириб чиқармоқда.

    Ҳақиқатан ҳам, жамият аъзоларини соғлом ахлоқ асосида тарбияламоқчи бўлсак, шубҳасиз, раҳбар маънавияти масаласига ўта жиддий эътибор бериш керак.

    Шу боис, қайси раҳбар ўзи бошқараётган ташкилот, идора, муассасада адолат, инсоф, диёнат асосида иш юритса, фаолиятида ахлоқий мезон ва меъёрларга кенг эътибор берса, бу борада бошқаларга ўрнак бўла олса, шубҳасиз, ўша жойда соғлом ижтимоий-маънавий муҳит вужудга келади. Одамларда келажакка умид шаклланади, ҳаётимиз ахлоқий мезонларга таянган ҳолда давом этади.

    Мақоламизни бежиз “Ахлоқсизлик “янги ахлоқ”ми?” деб номламадик. Дунёнинг ўзгариши, одамлар тафаккуридаги эврилишлар, турли цивилизация ва маданиятлараро тўқнашувлар, мафкуравий-маънавий зиддиятлар, улар ортидан пайдо бўлаётган ахлоқсизликларни “янги ахлоқ” деювчилар сони, ҳақиқатан ҳам, ортиб бормоқда. Мана шундай пайтда бундай таҳдидлар моҳияти тезроқ англанган, уларга қарши ақл, фаросат билан курашиш тажрибасига эга бўлинган, келажак тақдирига бефарқ бўлмаган жойда, шубҳасиз, тараққиёт, барқарорлик, инсон қадрига сўзда эмас, амалда етиш жараёни юз беради.

    Ахлоқийликнинг айрим кўринишлари инсоннинг хатти-ҳаракатларида намоён бўлса-да, том маънодаги ахлоқий сифатлари индивиднинг руҳиятида макон топади. Ахлоқийлик ҳар биримизнинг ботинимизда яшайди. Ана шундай сифатлар асосида тарбия топамиз, ўзимизни ислоҳ қилишга эҳтиёж сезамиз. Пировард натижада реал ҳаёт ва ахлоқий идеал ўртасидаги чегараларни тобора қисқартириб бораверамиз.

    Абдухалил МАВРУЛОВ,

    тарих фанлари доктори,

    профессор

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates