Тадбир доирасида кеча пойтахтимиздаги «Ренессанс-холл» мажмуасида «Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва ОАВ, ижтимоий тармоқларнинг кенг ривожланиши – демократик қадриятларни кенгайтириш йўлида» мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилди.
Конференция «Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлашнинг бугунги ҳолати: ислоҳотлар ва уларнинг натижалари» ва «Янги Ўзбекистонда сўз эркинлиги – демократик қадриятларнинг кенгайиши пойдевори сифатида» мавзуларидаги 2 та сессияда ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққан хорижий ва маҳаллий экспертлар оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кадрлар салоҳияти ва рақобатбардошлигини янада ошириш, журналистика соҳасини ривожлантириш бўйича ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда ахборот сиёсатини мустаҳкамлаш, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, ОАВ ривожланиши борасидаги ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияда оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритишини таъминлаш бўйича муҳим қоида ва тамойиллар мустаҳкамланди. Айни пайтда давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимликлар таркибида ахборот хизматлари йўлга қўйилгани халқ билан мулоқотни кучайтиришга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Айни пайтда вазирлик ва идораларнинг матбуот хизматларида 1,5 минг нафарга яқин ходим фаолият юритмоқда.
Шунингдек, Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби соддалаштирилди, солиқ имтиёзлари ва енгилликлар тақдим этилди. Булар натижасида Ўзбекистон ахборот маконида сезиларли ўзгаришлар юз берди. Хусусан, 2017-2023 йиллар мобайнида интернет фойдаланувчилари сони икки баробардан зиёдга (14,7 миллиондан 31 миллионгача) ошди. Оммавий ахборот воситалари сони эса 2016 йилга нисбатан 55 фоизга кўпайиб, 1514 тадан 2349 тага етди.
Зулҳумор Акбарова